Туркия тиббиёт туризмидан 643 миллион доллар даромад олди

Туркиянинг тиббиёт туризмидаги даромади 2025 йилнинг биринчи чорагида 6,9 фоизга ортиб, 643 миллион 356 минг долларга етди.
Халқаро соғлиқни сақлаш хизматлари корпорацияси (USHAŞ) маълумотларига кўра, 2024 йилда 1 миллион 506 минг 442 киши тиббий хизматдан фойдаланиш учун Туркияга келган ва ундан тушган даромад 3 миллиард 22 миллион 957 минг долларни ташкил этди.
Туркияда 2025 йилнинг биринчи чорагида жами туризм даромадлари ичида тиббиёт туризмининг улуши ортди. Январ-март ойлари орасида жами 354 минг 457 киши соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш учун Туркияга ташриф буюрган ва даромад эса 643 миллион 356 минг долларга етган.
Тиббиёт туризми ҳозирда дунё бўйлаб жами 100 миллиард доллар атрофида даромад кўрмоқда ва бу кўрсаткич 2028 йилга келиб 127 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Туркия эса 2028 йилда тиббий туризм даромадини 20 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
“Туркия сўнгги пайтларда тиббиёт туризмидаги меҳнатларининг самарасини кўрмоқда”
“Туркия охирги пайтларда тиббиёт туризмидаги меҳнатларининг самарасини кўрмоқда. Туризм даромадлари жорий йилнинг биринчи чорагида тахминан 5,6 фоизга ошган бўлса, даромадлар ичида тиббиёт туризми даромади 6,9 фоизга ошди. Булар биз учун етарли эмас, чунки бизнинг олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз бор ва бу сари қатъий қадамлар ташламоқдамиз”, – дейди Халқаро соғлиқни сақлаш хизматлари корпорацияси (USHAŞ) бош директори Беҳлул Унвер тиббиёт туризми маълумотларининг қувонарли даражага етганини ва Туркиянинг бу соҳадаги муваффақияти тобора ортиб бораётганини таъкидлаб.
Шунингдек, Унвер соғлиқни сақлаш хизматлари учун “HealthTürkiye” платформаси яратилганлигини эслатди.
Тиббиёт туризми ҳақидаги маълумотлар “HealthTürkiye” платформаси орқали тақдим этилади.
Унвер Туркияга келган меҳмонлар ва беморларни “HealthTürkiye” платформасидан фойдаланишга чақирди ва тиббиёт туризми нуқтаи назаридан “HealthTürkiye” кодини яратиш зарурлигини таъкидлаб шундай давом этди:
“Беморларнинг соғлиқни сақлаш муассасаларида хизматдан фойдаланаётганда ушбу кодни олиши ва соғлиқни сақлаш муассасасининг ушбу кодни тизимга киритиши муҳим, шунда биз бу хизматни орқа фонда қайси муассаса тақдим этаётганини кузатишимиз мумкин”.
Шунингдек, Унвер “HealthTürkiye” платформасига аъзо бўлиш мажбурийлигини ва бу учун 6 ойлик ўтиш даври борлигини эслатиб ўтди. Унинг фикрига кўра, энди ушбу платформа орқали тиббиёт туризми бўйича маълумотлар тақдим этилади. Қолаверса, Туркияга қанча бемор келгани, уларнинг ёши, қандай хизматлар олгани ва қайси давлатлардан келганини кўриш имконияти мавжуд.
Тиббиёт туризмидан фойдаланувчилар учун “Виза” қулайлиги
Беҳлул Унвер, шунингдек, Турк Ҳаво Йўллари ҳам платформа орқали Туркияга келадиган меҳмонлар учун чегирма йўлга қўйганини маълум қилди:
“Виза учун қулайлик ҳам тақдим этамиз. Бизда виза коди деган тизим мавжуд. Чет элдан тиббиёт туризми бўйича келмоқчи бўлганлар “HealthTürkiye” платформасига кириб, маълумотларини бу ерга киритганларида, қайси хизматни ва қаерда олишларини тасдиқлаймиз ва код берамиз. Улар бу код билан консуллик ёки элчихонага борганларида, Туркияга келишда устунликка эга бўлган ҳисобланадилар ва бемалол Туркияга келишлари мумкин. Қайси тиббиёт муассасасига бориши ва қайси шифокор хизмат кўрсатишини ўзлари танлашлари мумкин”.
Платформага 5500 та соғлиқни сақлаш муассасалари ва 1275 та воситачи муассасалар киритилади.
“HealthTürkiye” платформасига воситачи муассасалар ва соғлиқни сақлаш муассасаси аъзолари сони кундан кунга ортиб бормоқда. Беҳлул Унвер маълумотига кўра, Туркияда тиббиёт туризми бўйича ваколатли 5500 га яқин соғлиқни сақлаш муассасаси бор. Шунингдек, 1275 га яқин воситачи муассасалар мавжуд. Уларнинг платформага аъзолиги ҳам 6 ой ичида таъминланади. Агар аъзо бўлмаса, тиббиёт туризми билан шуғуллана олмайди.
“Бизни нафақат сайёҳлар, балки сайёҳларнинг соғлиғи ҳам қизиқтиради. Меҳмонхоналардаги меҳмонларимиз соғлиқни сақлаш хизматларидан қандай фойдаланишни билмайдилар. Биз QR кодларини кўринадиган жойларга ва меҳмонхоналардаги хоналарга жорий қилмоқдамиз. Тахминан 3-4 ойдан бери Анталиядаги бир қанча меҳмонхоналарда тажриба дастури давом этмоқда. Улар ушбу QR коди билан платформага йўналтирилади”,- деди Унвер Туркияга ташриф буюрган сайёҳлар учун янги дастур ишга туширилганини эслатиб.