Исроил Эронга қарши жосуслик учун нега айнан афғонларни танлади?

Исроил Эронга қарши жосуслик учун нега айнан афғонларни танлади?

Эронда афғон муҳожирларга қарши рейдлар давом этмоқда. Эрон махсус хизматлари уларни Исроилнинг МОССАД разведкаси билан ҳамкорликда айбламоқда. Ҳибсга олиш ишлари Ислом Республикасининг турли ҳудудларида амалга оширилмоқда.

Хусусан, Жанубий Теҳрондаги, асосан, қўшни давлатлардан келган камбағал муҳожирлар яшайдиган фабрикада, Эрон хавфсизлик хизмати ходимлари Афғонистон фуқароларини қўлга олди. Тергов маълумотларига кўра, улар Эроннинг Исфаҳондаги ҳаво мудофаа тизимларига учувчисиз аппаратлар (дронлар) билан уюштирилган ҳужумларда иштирок этганликда, шунингдек, хориждаги МОССАД агентларига маълумот узатганликда гумон қилинмоқда.

Эрон куч тузилмалари сўнгги икки ҳафтадан зиёд вақт мобайнида ҳар куни деярли МОССАД учун ишлаган афғонларни ҳибсга олмоқда. Яқинда Теҳрон полицияси ҳибсга олинган ва ҳозирда қатл жазосига ҳукм қилинган афғонлар билан видеосўроқни эълон қилди. Улар WhatsApp орқали Эрон миллий телерадиокомпанияси жойлашуви ва Саадатободдаги бир амалдор уйининг манзилини Германиядаги МОССАД агентига ҳужум содир бўлишидан олдин юборганини айтишган. Бу иш учун улар 2000 доллар олган. Афғонлар айтишига қараганда, уларни Германиядан бўлган қандайдир шахслар алдаган.

Гумонланувчи агентлар Эронга меҳнат муҳожири сифатида, Нимруз чегараси орқали кирган.

Айрим манбаларга кўра, гўёки МОССАД Эронда диверсия уюштириш учун Толибон раҳбарияти билан келишувга эришган. Бироқ аслида бу даъволар асоссиз «сиясий фитна назарияси»га ўхшайди. Ҳақиқат анча оддий: кўплаб афғонлар Исроил разведкаси томонидан пул ёки оиласини Европага олиб чиқиш, ёки уларга Европада яхши ҳаёт ваъда қилингани учун ёлланган.

Нега МОССАД афғонларни танлади? Эронда 5 миллиондан ортиқ афғон яшайди. Улар сўнгги 45 йил давомида турли миграция тўлқинлари даврида мамлакатга кириб келган. Эронда афғонларни инсон деб ҳисоблашмайди, уларнинг ҳолати жуда оғир. Ҳатто айрим шаҳар паркларида «итлар ва афғонларга кириш тақиқланган» деган ёзувлар ҳам бор эди. МОССАД эса шунчаки пул ва яхши ҳаёт ваъдаси билан Эрон ичидаги ўнлаб одамларни жосус сифатида ёллаб, ўз жонини хатарга қўйишга мажбур қилган. Исроилга ишлашда айбланган барча шахслар дарга осиш орқали қатл этиш жазосига ҳукм қилинган.

Эрон ҳукумати бундан аввал Афғонистон фуқароларига 6 июлгача мамлакатни тарк этиш учун муддат белгилаган эди.

Ҳозирда кўплаб афғонлар Эронни тарк этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, июнь ойида 230 мингдан зиёд афғон Ислом Республикасини тарк этган, уларнинг аксарияти мажбуран депортация қилинган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: