Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (13-қисм)

Ҳар қандай ҳаракатда эътиборни йўқотмайдиган Ислом буни сезиши билан олдинга отилди. Тўрт-беш қадамда Иван Николаевичнинг ёнида пайдо бўлди. Олдин душманининг қуролини тепиб узоқлаштирди. Сўнг Иван Николаевичнинг чойшабини олиб, ундан бир парча йиртиб олди-да, рақибнинг билагидан маҳкам чандиб боғлаб ташлади.

— Единг-ку! — дея ингради Иван Николаевич.

— Бу ҳали ҳаммаси эмас, олдинда кўпи турибди!

Иван Николаевич афтини бужмайтириб, кўзидан оқаётган ёшни тиёлмай, алам билан қаради. Оғзидан бир оғиз сўз чиқмади. Чунки битта бармоғи чирт узилиб тушган эди. Оғриқ борган сайин забтига олаётганди.

— Ҳозир қон тўхтайди, — деди Ислом.

— Тўхтамасидан олдин оқизмаслик керак эди! — дея нафрат билан Исломга қаради Иван Николаевич.

— Мен огоҳлантирдим. Гапимга қулоқ солмадингиз.

— Сен кимсан ўзи? Отбоқармисан ёки?..

— Кимга ўхшадим?

— Жаллодга.

Ислом кулди. Сўнг Иван Николаевичга юзланиб:

— Наҳотки? Лекин сиз адашдингиз. Жаллод бундай ишларни қила олмайди. Жаллодга тайёр қилиб берсангиз, калла олади. Бўлмаса, молдай тураверади. Худди анави дошқурларга ўхшаб. Ана ўшалар жаллодлар. Сиз бир эшелон жаллодни Туркистонга олиб кетаётган эдингиз.

— Энди-чи? — деди Иван Николаевич қон оқиши бироз тўхтаб, оғриқ ҳам сусайгач.

— Эндими? Эндисини кейин кўрсатаман.

— Демак, ҳаммаси сенинг ишинг экан-да.

— Олдинги вагонларда кимлар бор? — дея сўради Ислом Иван Николаевичнинг сўроғини жавобсиз қолдириб.

— Бир вагон аёллар.

— Аёллар? — деди ҳайрон бўлган Ислом.

— Ҳа.

— Улар нима қилиб Туркистонга боришаяпти?

— Маданият ўрнатиш учун.

— Нима, шу пайтгача Туркистонда маданият бўлмаган эканми?

— Менинг вазифам уларни олиб бориб қўйиш. У ёғи билан қизиқмайман.

— Ундан олдинги вагонда-чи? Унда ҳам аёлларми?

— Йўқ. Тўплар. Қурол-яроғ…

— Аскар-чи?

— Саккизта. Лекин ҳаммаси профессионаллар. Улар дошқурларга ўхшамаганлар. Улар ҳақиқий қўриқчилар. Сени биттада йўқ қилиб ташлашади.

— Сиз биттада йўқ қилолмадингиз-ку. Қолганига ҳам Худо пошшо. Ҳар қалай, бир вагон эмас экан-ку, нима дедингиз? — дея мийиғида кулди Ислом.

— Сен нима бало қилдинг?! — деди буткул оғриқни унутган Иван Николаевич.

— Омон бўлсам, албатта, нима қилганларимнинг ҳаммасини кўрсатаман. Унгача қўл-оёғингиз боғлиқ ҳолда мени кутишингизга тўғри келади.

Ислом Иван Николаевичнинг ҳар иккала қўлини ҳам орқасига қайирди ва олдин чойшаб билан боғлади, сўнг эшелон бошлиғининг камарини ечиб олиб, у билан ишончли тарзда қайтадан боғлади. Оёқлари ҳам боғланди.

Шундан сўнг Ислом кейинги вагонга ўтди. Тўғриси, бўғилиб ўлишига сал қолди. Туркистонга «маданият» олиб кетаётганлар вагонни шунақанги саситиб юборишгандики, эҳтимол, чўчқалар бўлганида бунчалик қилишмаган бўларди. Кейин аёлларга қараб ҳам бўлмасди. Ҳаммаси ярим яланғоч. Айримлари ундан ҳам баттар. Шу боис Ислом бу вагондан жуда шошилиб ўтди… Шубҳасиз, қий-чув ҳам кўтарилди. Илло, уларнинг вагонига Иван Николаевич ва Арсендан бошқа ҳеч ким кирмасди. Улар ҳам вагоннинг бошидан қайтишарди. Вагон назоратчиси билан гаплашишар, кейин ортларига бурилиб кетишарди. Вагон назоратчиси Виктория исмли аёл. Бадқовоқ. Семиз. Сочлари сап-сариқ, кўзлари кўм-кўк, қошлари ҳам сариқ эдики, қошининг борлигини дарров аниқлаб бўлмасди. Овози эса йўғон. У секин гапиролмасди. Гарчи истаса ҳам, овози дўриллаб чиқаверарди. Сабаби, кўп чекарди. Ана шу чекишларининг ортидан тишлари сарғайганди. Ана шу чекишининг ортидан оғзидан бадбўй ҳид келарди. Вагонда унинг гапи ҳеч қачон икки бўлмаган. Айтгани — айтган, дегани — деган. Мабодо бирорта жувон билиб-билмай қарши гапириб қўйса, шўрига шўрва тўкиларди. У шунчалик азоблар эдики, бечора жувон туғилганига пушаймон ерди. Ҳа, айтганча, вагон хотин-қизларники деб номланса-да, бу ерда бирорта ҳам қиз йўқ эди. Асосий қисми эрдан ажрашган, қолганлари эрга етиб бормасдан эр нима эканлигини билиб бўлганлар эди… Арсен билан Иван Николаевичнинг келиб кетишларига эса бошқа сабаб бор эди. Улар ўзларининг нафсларини қондириш учун Викторияга чойчақа беришарди. Виктория эса ҳар куни битта жувонни уларга тўғрилаб берарди. Албатта, кечаги кун бундан мустасно. Кеча Иван Николаевич ҳам, Арсен ҳам келмади. Вақтлари бўлмади…

— Сенга бу ерда нима бор?! — дея қичқирди Виктория.

Ислом унинг сўзларини эшитмаганга олиб қадамини тезлатди.

— Бечоранинг айби нима?! — деб бақирди жувонлардан бири.

— Шўринг қурғур, бизни қўмсаб чарчаб кетган! — деди яна биттаси.

Яна бошқалари ҳам шу мазмундаги гапларни Исломнинг бошига ёғдирди. Ораларида шарм-ҳаёнинг яқинига ҳам бормайдиган ўта шилта гаплари ҳам бор эди!..

Ислом охири чидолмади. Шу боис югурди ва бирпасда вагоннинг нариги томонига ўтиб кетди. Жувонларнинг қаҳқаҳалари остида эшикни очди ва бирдан тўхтаб қолди… Биз билганимиздек фақатгина Иван Николаевич билан Арсен эмас, балки бошқалар ҳам бу вагондан фойдаланиб келаётган эканлар… Қурол-аслаҳа қўриқчилари… Улардан иккитаси айни айшу ишратнинг авжида экан. Ана шуларга Ислом энг аввал дуч келди. Бир жуфт вагон охирида, тўпнинг ёнида, иккинчи жуфт худди шу тўпнинг нариги томонида… Бунинг учун алоҳида жой ҳам қилинган экан. Яъни тўшаклар тўшалган. Юмшоққина қилинган… Одатда, бунақанги тутуриқсизлиг-у, бемазагарчиликлар тунда бўлиб ўтган, шу ишни қилганлар айни тонготарда қотиб ухлаётган бўлишлари керак эди. Бироқ негадир иккита қўриқчи вақтни эрталабга белгилабди. Эҳтимол, улар туни билан хизматда бўлишган, вақтлари бўлмагандир.

Ислом қўриқчиларни сўроққа тутиб ўтирмади. Аслида, урушнинг қонун-қоидаси ҳам шундай. Душманингга дуч келдингми, у қандай шароитда бўлишидан қатъи назар, қутулишинг керак. Акс ҳолда, бошингга кўп ташвиш келтириши мумкин. Шу боис иккита ўқ билан кийимсиз ҳолдаги қўриқчиларни тинчитди. Улар билан бирга бўлган иккита аёл жон ҳолатда чинқириб юборди… Ўқ овози ва жувонларнинг бақиришлари бошқа қўриқчиларни сергак торттирди. Гарчи яна иккитаси ухлаётган эса-да, қолган тўрттаси уйғоқ эди. Энг аввал ҳар иккала қўлида ҳам наган тутган Исломнинг қўлларига ана шу уйғоқлардан бири дуч келди. Чунки у яқинроқ эди. Нима бўлганига тушунмасдан бу томонга шошди. Унинг яна битта хатоси. Эҳтимол, буни хато ҳам деб бўлмас. Чунки шу пайтгача вагонга, эшелонга биров ҳужум қилмаган… Унинг хавотири ишрат билан шуғулланаётган қўриқчиларда эди. Улардан бирига «шериги»нинг хатти-ҳаракати ёқмай қолган, шекилли, у аёллардан бирини отиб қўйган. Бунинг учун эса у, шубҳасиз, жавобгарликка тортилади. «Аҳмоқ», деди сергак қўриқчи ва турли ўқ-дори яшикларини айланиб ўтиб, бу томонга шошди. Шошгани майли, «Андре-е-й!!!» дея бақирди.

Ислом ҳали унинг бу ёққа югуриб келаётганини билмаган эди. Эшитди-ю, «кутиб олиш»га шайланди. Кейин у кўриниш бериши билан Иван Николаевичдан тортиб олган наганнинг тепкисини босди. Ўқ тўғри бориб қўриқчининг юрагига қадалди. У шу заҳоти йиқилди. Йиқилаётиб, янги ишлаб чиқарилган пулемётга бошини урди. Боши ёрилди. Аммо аскар оғриқни ҳис қилмади.

Ислом унинг ёнидан югуриб ўтди ва ҳар хил тўпларни айланиб ўта бошлади. Кутилмаганда кетма-кет у томонга уч марта ўқ узилди. Ўқларнинг ҳаммаси ёнидаги қурол-аслаҳаларга тегди. У шу заҳоти ўтириб олди. Ўзини шошқалоқликда айблади ва энди уни ўққа тутаётганларга кўринмасдан, олдинга силжишга ҳаракат қилди.

У ўтирган жойда милтиқларнинг, пулемётларнинг ўқ-дорилари солинган яшиклар териб қўйилганди. Ҳаттоки граната солинган яшиклар бор эди. Бундай жойда туриш ўта хавфли эканлигини Ислом яшикларга қараб қўйганидаёқ билди. Айни пайтда хаёлига ғаройиб ўй келди ва граната солинган яшиклардан бирини секин очди.

Агар бу портловчи қуроллар манзил-маконларига етиб борса, қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритади. Қанчадан-қанча оилаларга мотам олиб келади. Иморатлар ер билан битта бўлади.

— Кимсан?! — бақирди қўриқчилардан бири қурол-яроғ вагонининг олд томонидан. Бу очиқ вагон эди. Шамол вагоннинг олд томонидагиларнинг овозини тезда бу ёққа етказарди. Аммо бу ёқдан у ёққа овоз етказиш учун қатиқроқ бақириш керак эди.

— Ўзимизникиларданман!!! — деди Ислом.

— Нима бўлаяпти?!

— Нега менга ўқ узаяпсанлар?!

— Қўриқчилар қани?!

— Иккитаси бир-бирини отиб қўйибди!

— Сен қаердан келиб қолдинг?!

— Аёллар вагонидан!

—…

— Ёрдам беринглар!

— Сен ўзингни кўрсат!

— Ҳозир!

Ислом шундай деб гранаталардан иккитасини олди, сўнг секин бошини кўтарди. Худди шу пайт душман томондан икки марта кетма-кет ўқ узилди. Иккаласи ҳам ноаниқ. Чунки қўриқчилар Исломни аниқ нишонга олишмади. У кўриниш бериши билан тепкиларини босишди…

— Томларинг кетганми?! — дея бақирди Ислом.

У ёқдан эса жавоб бўлмади. Шундан кейин Ислом кўриниш бермасдан, тўплар ортига яшириниб, уларга яқинлашиб олди ва қўлидаги гранаталардан бирининг симини олиб, душман томонга улоқтирди. Гумбурлаган овоз эшитилди. Шундан кейин худди шу жойга Ислом иккинчи гранатани ҳам улоқтирди. Яна гумбурлади. Шу билан бирга вагон жуда қаттиқ силкинди. У йиқилиб тушди. Кейин ўрнидан турди-да, гранаталар портлаган жойга етиб борди…

Иккинчи гранатани бекор отган экан. Чунки биринчисининг ўзи ҳамма ишни ҳал қилиб бўлган экан. Қўриқчиларга қараб бўлмасди.

— Ана! Ишнинг катта қисми ҳал бўлди! — деди Ислом.

Машинистлар эса поезд тормозини босишган эди. Ғилдираклар чийиллаган овоз чиқарди. Вагон қаттиқ силкинди. Сал вақт ўтмасдан эшелон юришдан тўхтади.

Ислом дарров пастга тушиб, вагон билан паровоз уланган жойга қаради. Ҳаммаси жойида эди. Портлаш вагонни паровоздан узиб қўймаган эди.

— Бу ёққа тушинглар!..

Машинистлар довдирашди. Илло, улар Ислом ёлғиз деб ўйлашмади. Қандайдир босмачилар гуруҳи эшелонга ҳужум қилди, дейишди. Шу боис ортиқча гап-сўз қилишмади ҳамда паровознинг ёнгинасида қўлида иккита тўппонча ушлаб турган Исломнинг ёнига югургидай бўлиб келишди. Улар икки киши эди. Паровоздан тушаётганларида ҳатто бир-бирларига қараб қўйишди. Чунки ўлиб кетишни исташмайди. Босмачилар тўғрисида эса даҳшатли гапларни кўп эшитишган. Эмишки, шаҳардаги қизил аскарлар қўналғасига ҳужум қилинган, битта қолдирмасдан қириб ташлашган. Шунчаки қирмаган, каллаларини олишган. Кейин поездларга ҳам ҳужумлар бўлган. Бироқ қайси эшелонларга ҳужум бўлганлигини уларга айтишмаган. Яна босмачилардан ташқари «оқлар» ҳам бор. Улар ҳам Россияда кўп кўргиликларни кўрсатишган… Агар босмачилар ҳужум қилишмаганда ҳам, «оқлар» уларни қўлга туширишган кўринади.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: