Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (15-қисм)

— Озгина тамадди қилсак, рухсатми? — деб сўраб қолди Саша амаки Исломнинг хаёлини бўлиб.

— Ҳа, бемалол. Ҳатто мени шерик қилиб олишларингиз мумкин. Чунки бу эшелонда энди керагидан ортиқ озиқ-овқат бор. Қанчадан-қанча одамларни тўйғазиш мумкин, — деб кулди Ислом.

Сўнг у машинистларга қўшилиб овқатланди. Тўғрироғи, уларнинг ризқларига шерик бўлди. Шериклиги Фёдорга ёқмади. У бир неча марта Исломга ола қараш қилди.

— Эй-й, болакай, мен сенга айтдим-ку, овқат сероб, деб. Ҳали поездимиз тўхтайди. Чамаси яна бирор икки соатдан кейин. Ана ундан кейин ошхона-вагонга бориб хоҳлаганингча овқат олиб келишинг мумкин, — деди унга Ислом.

— Бемалол еявер. Мен норози эмасман. Бир бурда нон билан озгина сариёғ нима бўларди? Тишингнинг кавагида қолиб кетади, — дея минғирлади Фёдор.

Саша амаки унинг бошига енгилгина шапалоқ урди. Кейин ортидан:

— Сенинг кўзинг оч, бола! — деб койиди.

Роппа-роса икки соатдан кейин Ислом поездни тўхтатишни буюрди.

— Нега? — деб сўради Саша амаки.

— Мен Фёдорга овқат ваъда қилган эдим. У ошхона-вагонга бориб келсин.

Аслида, Исломнинг ошпазлардан хавотири бор эди. Уларга ҳеч нарса дейилмади. Эҳтимол, қурол-яроғ вагонига келиб, қуролланиб олишгандир. Эҳтимол, Исломни пойлаб туришгандир. Қулай фурсат туғилиши билан ҳужум қилиб қолишлари мумкиндир. Ахир улар ҳам «қизиллар»дан. Ораларида роса ишонувчан, бошқаларнинг калласи билан юрадиганлари бордир. Худди дошқурларга ўхшаб. Одатда, ана шунақалар ўта хавфли бўлишади. Улар ўзлари билмаган ҳолда бир томонни бузиб юборишлари мумкин…

— Кетдик, — деди паровоз тўхтаганидан кейин Ислом машинистларга.

Улар истаб-истамай унга итоат этишди. Ҳеч нарса бекордан-бекорга хаёлга келмас экан. Асли одам ўта сезувчан бўларкан. Худо шундай бир неъматни юқтирган эканки, одамзод билмай юраркан.

Ўтган вақт мобайнида ошпазлар мажлис ўтказишибди. Бош ошпаз дарров бошлиқ бўлиб олибди. «Коммунистик партия олдида, Ленин олдида нима деган одам бўлдик? Кўз ўнгимизда битта босмачи ёки оқ гвардиячи меҳнаткашлардан чиққан озмунча маданият тарқатувчи аёлларни ҳайдаб солдими? Бундан ташқари, битта коммунистни отиб ташлади. Эшелон бошлиғи, коммунист Иван Николаевичнинг қўл-оёғини боғлаган ҳолда чўлу биёбонда қолдирди. Биз ҳаммасини деразадан кўрдик. Лекин кейин сўрашса, нима деб жавоб берамиз? Душман ёлғиз экан. Нима, шу ёлғиз душманни бир ёқли қилолмаймизми? Агар биз уни ўлдирсак ёки асир олсак, қанчалик мукофотлар беришади! Энг эътиборлиси, бу хабар ўртоқ Лениннинг шахсан ўзига етиши мумкин», дейишди улар. Кейин ораларидан биттаси вагонларни кўздан кечириб чиқишни таклиф қилди. Ахир аскарлар қайсидир вагонда қамалган ҳолда бўлишлари мумкин-ку. Чунки ҳаммаси бараварига ўлиб кетмагандир. Ахир ёлғиз одам шунча аскарни қириб ташлаёлмайди. Бунга ақл ишонмайди.

Унинг таклифи ҳаммага бирдай маъқул келди. Чунки улар жанг қилишни исташмаётганди. Қўлларига қурол олишни исташмаётганди. Бундан ҳам даҳшатлиси, ҳали бирортаси милтиқ ҳам, тўппонча ҳам ушлаб кўрмаган…

Учта дошқур озод қилинди. Ҳар учаласи ҳам карахт аҳволда эди. Сабаби улар шунчаки ўзлари ухлаб қолишмади. Ухлатилди. Бундай пайтда гарчи уйғонса-да, талай муддат ўзларига кела олишмайди… Кейин бошқа вагонлардаги ўликларга дуч келинди. Ошпазлар даҳшатдан қотиб қолишди. Кўзларига ишонишмади. Яна юришди ва соғ-саломат ҳолдаги отбоқарларни топишди.

— Нима қилиб ўтирибсанлар?! Сенлар инқилоб, «қизиллар» томонида эмасмидинглар? Сенлар бой ва помешчикларга қарши курашишларинг керак эмасмиди?! Нима қилиб ўтирибсанлар?! — дея бақирди қўмондонга айланган бош ошпаз.

Отбоқарлар елкаларини қисишди.

— Бизнинг қўлимиздан нима ҳам келарди? — деди Василий.

— Бу, — деди шунда пиёниста отбоқар, — художўй, ўзим кўрдим!

— Нима?! — дея баттар бақирди янги қўмондон. — Шахсан ўзим пешонангдан отиб ташлайман, агар айтганларимни қилмасанг!

Василий қўрққанидан қандай чўқинганини сезмай қолди. Унинг бундай ҳаракатлари янги бошлиқни баттар қутуртириб юборди. У бирдан Василийнинг ёқасига ёпишди. Василий нимжон эди. Чунки бугун нонушта қилмади. Кеча кечки пайт ҳам наридан-бери бир нималар еганди. Сабаби айнан дошқурлар овқатланаётган пайтда ошхона-вагонга бориб қолди. Дошқурлар уни масхара қилишди. Бирови нонини тортиб олди. Яна биттаси овқатини тўкиб юборди. Ҳозир уларнинг ҳар иккови ҳам тарашадай қотиб ўлиб ётибди.

Бош ошпаз ўзининг гўштдор қўллари билан Василийнинг оёғини ердан узиб кўтарди. Худди ана шу пайтда поезднинг тормози босилди. Улар силтаниб кетишди. Бош ошпаз Василийнинг ёқасини қўйиб юборди. Отбоқар йиқилиб тушди.

— Нима бўлаяпти? — деб сўради бошлиқ қўл остидагиларидан.

— Тўхтаяпмиз, — дея жавоб қилди унга янги ошпаз-қизил аскар.

— Нега?

— Билмадим.

— Тезда қўлларингга қурол олинглар! Сен, — деб кўрсаткич бармоғи билан Василийни кўрсатди у, — ўзингни оқлайдиган вақт келди.

Улар шошишди, югуришди. Ўликлардан қуролларини олишди. Кейин бирдан қандайдир ўзларини куч-қувватга, қудратга эга бўлиб қолгандай ҳис этишди. Шу туришда улар олдиларидан чиққан душманни кўз очиб юмгунча бир ёқли қилиб ташлайдигандай эдилар. Ҳа-а, худди шундай эди. Қурол уларга куч бағишлаганди.

Ҳаммаси бирин-кетин вагондан сакраб тушишди-ю, паровоз томонга илдам юришди.

Иттифоқо, тирик қолган учта дошқур ҳам ўринларидан туришди.

— Менинг бошим отилиб кетай деяпти, — деди Багиш шерикларига. — Агар ҳозироқ вино ичмасам, ўлиб қоламан…

Дарҳақиқат, уни ва ҳамроҳларини ҳали-ҳамон карахтлик тарк этмаганди. Улар манқуртдай бир нарса бўлиб қолишганди. Ҳа, шундай бўлади. Бўйиндаги нозик сезги толаларига уриб, ухлатиб қўйилгач, яна уйғотувчи бошқа сезги толаларини силамаса, гарчи одам уйғонса-да, бировнинг малайига айланади. Калласи бир ишлаб, бир ишламайди. Нима қилаётганини ўзи билмайди. Агар унга худди шу пайт биров буйруқ берса, индамай шу буйруқни бажариб кетаверади. Багиш шерикларига гапирганида, унинг калласи бироз ишлади. Шериклари эса ҳали манқуртлик чангалида эдилар. Багиш вино топишга кетаяптими, демак, улар ҳам унга эргашишлари керак. Улар ўзи, аслида, дунёда шундай ичимлик борлигини ҳам билишмайди. Ҳозир билишмайди. Ҳатто унинг суюқлигидан, аччиқлигидан, рангининг қизиллигидан ҳам бехабарлар. Ваҳоланки, куни кеча обдан ичишганди.

Багиш вагондан сакраб тушди. Ана шу пайтда дунёни остин-устун қилиб ташлашга қодир бўлган ошпаз-жангчилар уларни кўриб қолишди ва, ҳе йўқ, бе йўқ, патир-путур милтиқдан ўқ отишга тушиб кетишди. Чунки улар дошқурларни Ислом ва унинг ҳамроҳлари деб ўйлашганди. Нега шундай деб ўйлаганликларини уларнинг ўзлари ҳам билишмайди. Катта эҳтимол билан қўлларига қурол тегиб, ўзларини арслон ҳис этиб юборганликлари сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Аммо милтиқни шундай ишлатишар эдики, агар кўрганида маймун йиғларди. Кўзлар юмуқ, юз бутунлай бошқа томонга қараган ва шу ҳолатда тепкини босишган эди. Худдики шундай қилиб тепки босишса, ўқнинг ўзи бориб нишонни қидириб топадигандай. Манқуртга айланган дошқурлар ҳайрон эдилар. «Нега булар ўзларидан-ўзлари тентираб ўқ узишаяпти?» деб ўйлашмади улар. Чунки ҳатто шу ўйни ўйлашлари учун ҳам калла керак эди. Шунга қарамасдан ошпазлардан бирининг ўқи улар томонга учди ва тўғри бориб, Багишнинг тиззасига санчилди. У додлаб юборди…

Ислом ўқ овозларини эшитгани заҳоти сергак тортган эди. У «асирлар»идан олдинга ўтиб кетмади. Бунинг ўрнига вагонга ёпишиб ўқ отилаётган томонга қаради. Манзарани кўрди. Кейин Саша амакига:

— Сизлар шу ердан қимирламай туринглар, мен дарров келаман, — деди.

Югурди. Отишма жойига яқинлашганидан сўнг поезд остидан нариги томонга ўтиб олди. Худди ана шу пайтда у Багишнинг бўкирганини эшитди. Тўхтади. Бир муддат кутди. Кейин янги «қўмондон»нинг:

— Сенларга бу ерда бало бормиди?! — дегани қулоғига чалинди.

Ҳа, «қарс-қурс»дан сўнг инграш «янги қизиллар»ни бироз ўзига келтирганди. Улар ўқ узишни тўхтатишди ва бундоқ қарашса, «жабрдийда» ва унинг икки шериги бегона эмас экан. Афсус қилишди, аммо энди бундан фойда йўқ эди.

«Қўмондон»нинг сўровига жавоб бўлмади. Багиш инграшда давом этди, унинг ёнидаги икки шериги анқайиб тураверди.

Бош ошпаз — «янги қизиллар»нинг янги қўмондони катта қорнини у ёқдан-бу ёққа ташлаб юрганча дошқурларнинг ёнига яқинлашиб кела бошлади. Худди шу пайт унинг рўпарасида Ислом пайдо бўлди. У бирдан юришдан тўхтаб, ҳайратланганча Исломга бошдан-оёқ қараб чиқди.

— Сен қаердан келиб қолдинг? — деди ва ортидаги «аскарлар»га қараб қўйди.

— Осмондан тушдим. Манави энди сенга ортиқчалик қилади, — деб Ислом бирдан унинг қўлидаги милтиқни тортиб олди.

Бош ошпаз довдиради. Ҳатто қисқа муддат ичида ранги оқарди. У нажот истаб яна ўзиникиларга қаради. Улар эса нима қиларини билмасдан анқайиб туришибди.

— Бошлиқларинг ҳамма ўзининг ишини қилсин деяпти. Тушундингларми? Агар тушунмаган бўлсанглар, вагонлардаги ўликлар орасига қўшиб қўяман. Улар ҳалидан бери мурдалар етишмаётганлигидан нолишаяпти. Менимча, нариги дунёда ҳам ошпазлар керакка ўхшайди! — деди Ислом кулиб.

Ошпазлар шоша-пиша қўлларидаги қуролларни ерга ташлашди. Улар ўзларининг қанчалик мерган эканликларини билиб бўлишганди. Шу боисдан ҳам дарров унинг айтганини қилишди.

— Мана бу бошқа гап. Энди бу ёққа келинглар! — дея Ислом қўлидаги тўппонча билан имлаб уларни чақирди.

Оқ пошшо аскарлари бир нави эди. Улар билан, ҳар қалай, тил топишса бўларди. Бироқ худосиз «қизиллар» шўрлик ошпазларнинг роса жонларини олиб қўйишганди. Ахир улар сўраб-суриштириб ўтиришмайди. Салгина шубҳаланишса, дарров пақиллатиб отиб ташлашади. Бунга ошпазлар кўп гувоҳ бўлишди. Гувоҳ бўлганлари сайин итоаткор бўлиб қолишди. Шу боис югуриб келишди.

— Тўғриси, мен сизларнинг ҳеч бирингизда айб кўрмадим. Аммо айблашим мумкин эди. Масалан, сиз ашаддий қотилларни овқатлантирдингиз, босқинчиларни қўлладингиз, деган айбни шартта бўйинларингизга илиб, вагондагиларни қандай саранжом қилган бўлсам, худди шу зайлда ҳар бирингизни йўқ қилиш менга жудаям осон эди. Бироқ ундай қилмадим. Шундай экан, сиз ҳам менга лаббай деб жавоб қайтаринг. Иккинчи марта қўлингизга қурол олмасликка ваъда беринг.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: