Ногиронлиги борларни ишга олган тадбиркорларга давлат субсидияси берилади

Эндиликда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни расман ишга олган тадбиркорлар ҳамда агентликлар давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланади.
Ҳукумат қарорига асосан, «Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Унга кўра, ногиронларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга икки турдаги субсидия берилади: «бандликка кўмаклашиш» ва «иш жойини мослаштириш субсидиялари».
Бандликка кўмаклашиш субсидияси I ёки II гуруҳ ногиронлигини расман 3 ойдан кам бўлмаган муддатда ишга олган ва уларга ҳар ой меҳнат ҳақининг энг кам миқдоридан икки баробар кам бўлмаган маош тўлаган тадбиркорларга берилади.
Иш жойини мослаштириш субсидияси эса ушбу ходимлар учун сурдотаржима, психологик ёки ҳамроҳлик хизматини ташкил қилган тадбиркорларга 50 миллион сўмгача ажратилади. Ҳар ойлик субсидия миқдори белгиланганидек:
– сурдотаржима хизмати учун БҲМнинг 8 баробари,
– психолог хизмати учун БҲМнинг 10 баробари,
– ҳамроҳлик хизмати учун БҲМнинг 5 баробари миқдорида.
Субсидия олиш учун тадбиркорлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» тизими ёки my.gov.uz орқали электрон сўровнома юборишлари керак бўлади.