Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (16-қисм)

Ошпазлар дарров кўнишди. Ахир жуда осон таклиф айтилаяпти. Хўп, дейишса бир жойлари камайиб қолмайди. Қайтага, фойда, жонлари омон қолади.
— Жуда яхши, охирги вагонлардаги отбоқарларни чақириб келасанлар! Сен борасан, исминг нима эди?! — дея энг бўйи паст, қилтириқ, бечорасифат йигитни қўли билан кўрсатди Ислом.
— Андрей, — деб жавоб қилди ошпаз.
— Яхши. Андрей, тез оёғингни қўлингга олиб, югур, — дея унга кулиб қўйди Ислом. Сўнг анча нарида қаққайиб турган машинистларни чақирди.
— Саша амаки, келинглар!.. Бизни бош ошпаз обдан гўшт билан сийлашга ваъда берди!
Унинг сўзларини эшитиши билан хўппа семиз бош ошпаз дарров қўлини кўксига қўйди.
— Овқат жудаям кўп. Энди нима қиламан, деб бошим қотиб турганди, — деди сўнгра иржайиб.
— Нима қилардинг? Бу ёққа олиб келасан-да! — деди Ислом кулиб.
Бош ошпаз шогирдлари билан бирга лапанглаб, амал-тақал қилиб ошхона-вагонга чиқди.
Ислом Фёдорга:
— Секин чиқиб, сездирмасдан уларни кузат. Яна каллаларига бўлмағур хаёллар келиб, умрларига зомин бўлишмасин, — дея шивирлади.
Бу гапни Саша амаки ҳам эшитди. Унинг кўзлари олайди.
— Наҳотки! — деди у.
— Ҳа, ҳамма нарса бўлиши мумкин…
Дарҳақиқат, Ислом олдиндан сезган экан. Бош ошпаз овқатнинг ҳаммасини заҳарламоқчи бўлибди. Аммо айнан Фёдор бунга кўнмабди.
— Уни аҳмоқ деб ўйласангиз, жуда қаттиқ адашасиз, — дебди у эшик ёнида туриб. — Нимаки олиб тушманг, биринчи ўзингизга, кейин бошқа қўл остингиздагиларга едиради. Ана ундан кейин кўрасиз нима бўлишини.
Бош ошпаз унинг кузатиб турганини сезмаганди ва шотирларига бир шиша заҳар берганди… Бу заҳар унда ҳамиша бор. Дастлаб йўлга чиқишганларида Арон Моисеев деган қизил аскар берган эди. «Петя, жуда узоқ йўл босишларингга тўғри келади. Сизларга ҳужум бўлиши, душман поездни эгаллаб олиши мумкин. Ана шунда бу заҳардан фойдалан. Душманни заҳарла. Агар шундан кейин сени ўлдиришса ҳам ўртоқ Ленин, инқилоб, большевиклар сени унутмайди. Сенга ҳайкал ўрнатилади. Кўчалардан бирига сенинг номинг берилади. Кўраяпсанми, қандай шарафли иш қиласан», деган эди у. Бош ошпаз Исломнинг сўзларини эшитаётганида Арон Моисеевнинг ўша гапларини эслади. Қандайдир ифтихорни туйди. Ва энди шу ишга қўл ураётганида эса манави бола бундай деб турибди. Бош ошпазнинг бирдан юраги ортига тортиб кетди. Ахир жон ширин.
— Йўқ, — деди у бирдан, — мана шу заҳар. Четга олиб қўйинглар, бошқаларига қўшилиб кетмасин деб йигитларга айтаётгандим.
— Ҳа, эшитдим ҳаммасини. Қани тез бўлинг, имилламанг!
Учта тоғорада егулик олиб тушилди. Шулардан бири гўшт эди. Чўчқа гўшти. Шунингдек, нон ва ичимлик ҳам келтирилди Исломнинг ёнига.
— Чўчқа гўштини ўзларинг енглар. Ичимлик ҳам ўзларингга сийлов, мен гўштсиз овқатланаман, — деди Ислом кулиб. Ва биринчи бўлиб бош ошпазга ҳар битта таомдан татиб кўришни буюрди. Бош ошпаз ҳаммаси яхши эканлигини исботлаб бўлгач, Ислом қайнатилган картошка ва қора нон еди. Саша амаки эса Фёдор билан бирга овқатга ёпишди. Эртароқ емаса, худди биров келиб тортиб оладигандай шоша-пиша еди. Бу пайтда Василий бошқа отбоқарлар билан бирга келди. Яна анави пиёниста ҳам. Ислом уларни ҳам овқатга таклиф қилди. Очлик ҳаммани қийнаган экан. Ҳеч бир ортиқча гап-сўз бўлмади. Ҳамма кавшанишга тушиб кетди. Фақат ошпазларгина уларга қараб туришарди.
Ейиш-ичиш тугаганидан сўнг:
— Биз машинистлар билан бирга ҳаммангизни шу ерда қолдириб кетишга мажбурмиз. Бошқа илож йўқ. Ўликларни нима қилишни ўзларинг биласанлар. Кейин қандай қилиб манзил-маконларингга етиб оласанлар, бу ҳам ўзларингнинг муаммоларинг. Ҳозир Фёдор Саша амаки билан бирга ошхонадан уч кунга етадиган егулик олишади. Кейин паровоз вагонлардан узилади, — деди Ислом.
— Нима қилмоқчисан? Чўлу биёбонда ўлиб кетамиз-ку! — дея норози бўлиб сўзлади Василий.
— Тақдирингда нима битилган бўлса, шу бўлади. Буни бошқалардан ҳам кўра кўпроқ сен яхши биласан. Менинг бошқа иложим йўқ. Ҳозир боргин-да, шерикларинг билан бирга отларнинг ҳаммасини вагонлардан тушир. Қандай туширишни яхши биласан. Илтимос, мени қўполлик қилишга мажбурлама.
— Хўп, — деди Василий.
Унинг умиди шу отлардан эди. Агар эшелон паровозсиз қолдирилган тақдирда ҳам у отлардан бирортасига миниб яқин орадаги қишлоқлардан бирига етиб олмоқчи эди. Миясига келган фикр қандай тез пайдо бўлган бўлса, худди шундай тезликда ортига қайтиб кетди.
Отларнинг ҳаммаси туширилди. Бунинг учун вагоннинг ён томонидаги катта эшигига отларнинг оёқлари остидаги тахталар қўйилди. Кейин барча отлар ҳайдаб туширилди. Василийнинг ўзи уларни анча наригача қувлади. Отлар озод бўлганликларини билганларидан сўнг ўзлари қочиб қолишди.
Шундан кейин Ислом қурол-аслаҳа ортилган вагонни тўла бомбалатди. Бу ишни қандай қилишни у жуда яхши билар эди. Ўргатиб турди, ошпазлар бажаришди. Кейин вагон паровоздан узилди. Паровоз бирор юз метрча узоқлашди. Кейин узун қилиб сепилган порохга Ислом ўт қўйди. Олов илон изи бўйлаб шиддат билан қурол-аслаҳа вагонига кетди. Худди шу пайт паровоз ҳам юра бошлади. Ислом югурганча бориб, вагонга чиқиб олди. Кейин портлашлар бошланиб кетди. Ислом буни кўзида қувонч билан кузатаркан, хўрсиниб қўйди.
— Энди, — деди Саша амаки, — сени тирик қўйишмайди!
— Атайин шундай қилаяпман. Ушлаб олишса, тирик қўйишмасин.
— Ростини айтганда, мен сенинг жуда катта тўданг бўлса керак деб ўйлагандим. Қандай қилиб битта ўзинг шунча одамнинг устидан ғолиб келдинг?
— Ҳаммаси ниятга боғлиқ. Уларнинг ниятлари босқинчилик, шу билан бирга тезроқ бойиб кетиш. Айни чоғда ўлгудай яшашни исташади. Менга эса бойлик деган нарсанинг умуман кераги йўқ. Бошим битта. Қорним ҳам битта. Ундан кейин Ватаним озод бўлмаса, яшашдан мурод нима? Яна менинг Ватанимни айнан мана шулар кунпаякун қилишган. Индамай жим тураверайми? Агар шундай қилсам, эрта бир кун Худонинг ёнига борганимда нима деб жавоб бераман? Қорнимни тўйғазишим, олтин-кумуш топишим, тўрт кунлик умримни айшу ишратда ўтказишим керак эди, дейманми?.. У ёқдаги азоб ёмон. У ёқдаги қийноқ ёмон.
— Нима, ўлдирган одамларинг учун жавоб бермайсанми?
— Улар учун фақат мукофот оламан.
— Биз ҳозирча сенга керакмиз, шунинг учун ҳам бизга тегмаяпсан, шундайми?
— Йўқ, унинг учун эмас. Ана, ошпазларга тегинмадим. Яна учта дошқур қолди, уларни ўлдирмадим. Бундан ташқари, отбоқарлар тирик. Ундан олдин хабарингиз бор, аёлларни, Иван Николаевични ва яна битта аскарни тирик қолдирдим.
— Бизни-чи, бизни нима қиласан?
— Очиғини айтганда, сиз ҳам, Фёдор ҳам менга ёқиб қолдинглар. Сизлар билан менинг ишим йўқ. Маълум масофага етганимиздан сўнг ҳар учаламиз пиёда қоламиз. Паровозни ёқиб юборамиз. У ёғи Василийга айтган гапим. Фақат сизларда Россияга қайтиб кетиш имконияти яхшироқ. Чунки Қўқоннинг ёнгинасида бўламиз.
Саша амаки стаканни тўлдириб, қип-қизил ичимликдан қуйди.
— Қорнингиз тўқ-ку, қандай ичасиз? — дея сўради ундан Ислом.
— Менга фарқи йўқ. Ҳар қандай шароитда ҳам ичиб кетавераман. Қайтага, сархушлигимда қайғуларимни бироз унутаман. Ахир болаларимни, хотинимни топишим керак.
— Топасиз. Аниқ.
Саша амаки ичганидан кейин чекди. Сўнг ухлаб қолди.
Исломнинг эса юраги ҳаприқарди. Бир пайтлар у бу юртдан чиқиб кетган эди. Асли нияти, ўша пайтдаёқ оқ подшога қарши курашиш эди. Бориб ўқиб, урушнинг қонун-қоидаларини ўрганиб, қайтиб келганидан кейин махсус озодлик бўлинмасини ташкил қилмоқчи эди. Аммо у кераклича билимни эгаллаб қайтиб келгунича оқ подшо ағдарилди. Ундан баттарлар унинг юртини эгаллаб олишди. Талон-торож қилишди. Ҳозир қанча одам тирик қолганини у билмайди. Оиласидагиларга нима бўлганидан бехабар. Агар улардан бирортаси ўлган бўлса, ўлдирилган бўлса, қай аҳволга тушади? Онасини соғинган. Онаси бормикин?.. Унинг кўз ўнгида ёнаётган қишлоғи намоён бўлди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Назарида, паровоз жуда секин юраётгандай эди. Исломнинг эса учгиси, кўз очиб юмгунча Қўқонига етгиси келаётганди…
Аслида, хонни Худо урган эди. У ўзининг маишатидан бошқани ўйламасди. Ён-атрофидагиларнинг ҳаммаси порахўр эди. Айнан улар ватанини оқ подшога сотиб юборишди. Худди олдиндан унинг малайи бўлиб келгандай хизмат қилишди. Шунда ҳам умрлари бир-бирларини сотиш билан ўтди. Мақсадлари оқ подшонинг одамларига яхши кўриниш эди…
— Йўқ! — дея бирдан бақириб юборди Ислом.
Фёдор печга кўмир ташлаб бўлган ва энди кўзларини юмганча ўтирар эди. Исломнинг овозини эшитиб, чўчиб кўзларини очди. Ислом унга нафрат билан қараб қўйди.
— Марат, — деди Фёдор ялинчоқ овозда, — бизни ўлдириб юбормайсанми?
Ислом унга қараб кулди:
— Нега бунақа деяпсан? Наҳотки мен шунақанги қўрқинчли қотилга ўхшасам?
— Қотилга ўхшамайсан, лекин сен жуда кўп одамни ўлдирдинг-ку. Уларнинг айримларини мен ҳатто кўришга қўрқар эдим.
— Улар шунга лойиқ эдилар.
— Ҳмм. Сенга ҳавасим келди. Шунинг учун сени заҳарлашмоқчи бўлишганида мен уларни қўрқитдим.
— Сездим. Бунинг учун олдингда қарздорман… Менга қара, Қўқонга борганингдан кейин нима қиласан?
— Билмайман.
— Сен аввал у ёққа борганмисан?
— Йўқ.
— Саша амаки бирор бошпана топиб берар. Биламан, у топиб беради. Лекин ўзи қололмайди. Сенинг ҳам Қўқонда қолмаганинг дуруст. Биринчи имконият бўлиши билан ортингга қайтиб кет. Ўзингнинг юртинг ҳаммасидан зўр. Энди кўпроқ кўмир ташла, паровознинг юки йўқ-ку, тезроқ юрса керак. Тезликни ошира оласанми?
— Ҳа, лекин бунинг учун Саша амаки рухсат бериши керак…
— Бўлмайди, — деди Саша амаки кўзи юмуқ ҳолида, — двигателга оғирлик тушади…
Шу билан тезлик ошмади.
Кунлар жуда оғир ўтарди. Ислом айтарли ҳеч нарса қилмасди. Аммо ўй-хаёл еб битираётган эди. Қани энди эртароқ етиб борса-ю, ҳаммасини ўз кўзи билан кўрса. Бу ёқдан бораётган босқинчиларни-ку, ҳаммасини бир ёқли қилди, энди навбат у ёқдагиларга. Аммо у ёқда осон бўлмайди. У ёқда қариндош-уруғи кўп. Унинг кимлигини билиб қолишса, албатта, биринчи навбатда қариндошлари орқали уни тутишга ҳаракат қилишади. «Ишни нимадан бошлаш керак, нимадан бошлаш керак?» дея бошини қотирарди Ислом…
Уч кун шундай ўтди. Орада паровоз бир нечта станцияларда тўхтамади. Аввало, Исломнинг буйруғи, кейин ўзи асли ҳарбий эшелон тўхтамасдан Қўқонга етиши керак эди. Аммо у сира ҳарбий эшелонга ўхшамаганидан станцияда кўрганлар ҳайрон бўлишди. Керакли жойларга хабар жўнатишди. «Фалондай, фалондай эшелон, эшелон бўлмай ёлғиз паровознинг ўзи ўтиб кетди», дея.
Машинистлар билан боғланишнинг иложи йўқ эди. Шу боис навбатдаги станцияда паровозни тўхтатиб нима гап-сўзлигини билиш керак эди. Аммо билиб бўлмади. Хабар айланиб навбатдаги станцияга етиб келгунича паровоз у ердан ҳам ўтиб кетди. Ана шундан кейин ҳақиқий шов-шув бошланди. Бироқ бу шов-шувдан Исломнинг хабари йўқ эди. Қаёқдан ҳам бўлсин? Лекин у шубҳаланди. Қўқон вокзалида, албатта, «муносиб» кутиб олишга тайёргарлик борлигини сезди ва «Адашасанлар, аҳмоқ йўқ. У ёғи яна алғов-далғов бўлади», дея кўнглидан ўтказди.
Паровознинг Қўқонга етишига икки соатча вақт қолган эди. Шунда у Саша амакига:
— Тўхтатинг! — дея амр қилди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.