Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (17-қисм)

Ўтилган вақт мобайнида улар бир-бирлари билан анча чиқишиб олишганди. Саша амаки ҳатто ундан айрилгиси келмай қолди. Айрилса, ўзининг тақдири нима кечишини билмас эди у. Шунингдек, Фёдор ҳам икки ўт орасида эди. Аммо начора, айрилиқ даври келди.
Паровоз тўхтади. Ислом паровознинг ҳамма жойига солярка сепиб чиқди. Саша амакининг эса кўнгли бўлмади. Ахир бу матоҳ ҳам унга яқин бўлиб қолганди-да. Кейин ўт қўйилди. Учаласи бирпас ловуллаб ёнаётган паровозга тикилиб туришди. Ана шундан сўнг Ислом ҳамроҳлари билан хайрлашди.
Қолганига у пиёда кетди. Ёввойи жийдазорлардан ўтди. Боғлардан, экинзорлардан ўтди. Ҳаво иссиқ эди. Бир муддат ёлғиз ўсган тут остида ётиб дам олди. Йиғлагиси келди. Чунки ўзининг тупроғида эмин-эркин юролмайди. Ҳар қадамда уни хавф кутиб турган бўлиши мумкин. Бир томондан, душман қизиллар бўлса, иккинчи томондан кийимлари боис ўзиникиларнинг ҳамласига учраб қолиши ҳеч гап эмас.
Ислом Қўқонга шом пайти етиб келди. Аравакашларни кўрди. Уйларига шошаётган одамларни кўрди. Ва яна учта-учта бўлиб юрган, орқаларига найзали милтиқ осиб олган қизилларни кўрди.
Бугун у ҳеч нима қилмоқчи эмас эди. Бугун у масжидга кириб шу ерда тонг оттирмоқчийди. Шундай ҳам бўлди. Эртасига шаҳарни айланади. Бозорга киради. Ўрганади. Ана ундан кейин қишлоғига кетади.
Масжидга борса, ҳеч ким йўқ. Эшиги бузилган. Ичи зим-зиё. Кўнгли алланечук бўлди. Одатда, бу ерда худди шу пайти одамлар хуфтон намозини ўқишга йиғилишарди. Бошқа пайтларга қараганда хуфтонда одам кўп бўларди. Энди эса бўм-бўш. Фақатгина дераза ўрнини бажариб берувчи туйнуклардан ғира-шира ёруғлик тушиб турибди. Кейин масжид ҳавоси ҳам ўзгарибди. Қандайдир зах ҳиди келади. Ислом девор ёнига борган эди, оёғи бир нимага урилди. Пайпаслаб кўрса, қопга ўхшаш бир нарса экан. Эҳтиёт бўлиб устига ўтирди. Сўнг деворга суянди. «Қандай замон келди? Нималар бўляпти ўзи? Бу юрт сира меникига ўхшамайди. Одамлар ўша-ўша. Лекин уларнинг қарашлари, саросималари, юришлари уларники эмас. Улар худди бегонадай. Улар худди қаердандир келиб қолишганга ўхшашади. Менинг кетганимга қанча бўлди? Бор-йўғи олти йил. Олти йилда одамлар шунча ўзгариши мумкинми? Тўхта, агар мени сиғдиришмаса-чи? Сен бегонасан, дейишса, қувиб солишса нима қиламан?.. Йўқ, ундай бўлмайди. Мен ундай бўлишига йўл қўймайман. Қизиллар инқилоб баҳонасида халқнинг, бегона элларнинг қонини шунақанги ташна бўлиб симиришаётганга ўхшайдики, одамлар қонсизликдан ақлларидан айрилишаяпти…»
У ярим тунгача ухлаёлмади. Кўзлари юмуқ, хаёллари эса бир-биридан даҳшатли «кўча»ларга кириб чиқаяпти.
Деворга бошини қўйиб ухлаётган Ислом элас-элас азон товушини эшитди. Олдинига у «Менга шундай туйилаяпти», деб ўйлади. Сўнг кўзини очди. Йўқ, азон тушида эмас, ўнгида айтилаётган экан. Масжиднинг ичкарисидан келарди овоз. Азон ташқарида, бутун халқ эшитиши учун баланд овозда айтиларди. Буниси эса жуда паст овозда эдики, биргина муаззин ва Ислом эшитаяпти. Ҳатто кўчадан фавқулодда ўтиб қоладиган одамнинг ҳам эшитиши даргумон.
Ислом жим ўтирди. Кўзларини юмиб, маза қилиб эшитди. Кейин муаззин намоз ўқишни бошлади. Яна овозини озгина чиқариб ўқиди. Роса ширали ўқиди. Ислом эриди. Маст бўлди. Кўзидан дув-дув ёши оқиб, намозхон одамга тикилди.
Намозхон ҳамма ибодат амалларини бажариб бўлди. Шундан кейингина Ислом:
— Ассалому алайкум, — деди.
Намозхон одам бирдан овоз келган томонга қаради. Сўнг:
— Кимсан? — деди паст овозда.
— Йўловчиман, — дея жавоб қилди Ислом.
— Бу ерда нима қилиб ўтирибсан?
— Тунадим. Уйга кетишга кеч бўлганди.
— Бекор қилибсан. Агар билиб қолишса, олиб кетишарди.
— Сиз намоз ўқидингиз-ку!
— Ҳа, лекин мен қисқа муддатга келдим. Исминг нима? Қаерликсан?
— Отим Ислом. Бачқир қишлоғиданман.
— Эргаш қўрбошининг қишлоғиданми?
— Қўрбошилигини билмайман. Лекин мен ўқишга кетаётганимда Эргаш исмли одам бор эди.
— Қишлоғингдан хабаринг борми?
— Йўқ.
— Қаерга ўқишга кетган эдинг?
— Олдин Петербургга, кейин Англияга.
Намозхон пиқ-пиқ йиғлай бошлади.
— Нима бўлди? — дея сўради Ислом ундан.
— Бекор келибсан, болам. Ўша ёқларда тинчгина юрсанг бўларди…
— Нега?
— Юр, менинг уйимга борамиз. Бу ерда узоқ қолиб бўлмайди. Ҳализамон қизил миршаблар келишади.
Намозхон кишининг ҳовлиси бор-йўғи учта уй нарида эди. Кичкинагина йўлакчадан ичкарига кириларди. Биров у ерда яна битта уй бор деб ўйламайди. Чунки йўл бўйидаги уйнинг орқа томонида. Чоғроққина. Бор-йўғи учта хонаси ва битта худди шундай кичкинагина ошхоначаси бўлган уй. Яна энига олти, бўйига саккиз қадам келадиган ҳовличаси ҳам бор. У ерда фақатгина битта тут ўсади. Бошқа ҳеч нима йўқ.
Намозхон кичкина уйнинг кичкина эшикчасини ғийқиллатиб очди-да, ичкарига кираркан, Исломни ҳам таклиф қилди. Кейин бориб токчадаги мойчироқни ёқди. Хона ёришди. Шунда Ислом намозхоннинг ёши етмишдан ошган, оппоқ соқоли кўксига тушган, кўкимтир саллали чол эканлигини кўрди.
— Ассалому алайкум, — деб беихтиёр салом берди.
— Ия, боя салом бергандинг-ку, — деди ажабланиб чол.
— Боя мен сизни ёш деб ўйлабман.
Чол қайтадан Исломга бошдан-оёқ қараб чиқди. Сўнг:
— Ростдан ҳам ўқишга кетганмидинг? — деб сўради.
— Ростдан.
— Қишлоғингда нималар бўлганини ростдан билмайсанми?
— Ростдан.
Чол чуқур хўрсинди. Кейин бошқа токчадан дастурхон олиб келиб, икки томонига роса уриниб қолган кўрпачалар тўшалган хонанинг ўртасига ёзди. Дастурхонда икки бўлаккина зоғора нон бор эди.
— Бор топганим шу. Хафа бўлмайсан. Сени бундан ортиқ нарса билан меҳмон қилолмайман, — деди чол.
Ислом шоша-пиша йўл халтасини очди ва бир бўлак сариёғ билан иккита бус-бутун нонни олиб дастурхонга қўйди.
— Эҳҳе, — дея чол жилмайди, — зиёфат жуда қуюқ бўларкан-ку. Ҳозир мен битта кўк чой дамлайман. Куни кеча ҳаммоллик қилиб, битта зоғора нон-у, икки чимдим чойли бўлиб олгандим. Кечқурун чой ичгим келмади.
Шундай деб чол бир муддат жим турди. Сўнг паст овозда:
— Аслида, ичгим келганди. Лекин шу қурғур кечаси ёмон безовта қилади, шунинг учун эрталабга қолдиргандим. Яхши қилган эканман, — деди ва чиқиб кетди.
Ислом бўшашди. Кўзлари юмилиб кетаверди. Охири бўлмади. Ўтирган жойида деворга суяниб ухлаб қолди. Нақ икки соат ухлади. Кўзини очса, бегона жойда ётибди. Ёнгинасида эса чол овозини озгина чиқариб Қуръон ўқияпти. Ислом бир муддат тинглади. Сўнг секин бошини кўтарди. Чол ҳам худди шу пайт тиловатни тўхтатди ва жилмайиб, Исломга қаради:
— Роса чарчабсан, болам. Ҳатто ётқизиб қўйганимни ҳам сезмадинг. Биргалашиб мириқиб чой ичамизми, деб ўйлагандим.
— Узр. Ухлаганимни ҳатто ўзим ҳам сезмабман, — дея жавоб қайтарди Ислом бошқа гап тополмаганидан.
— Ҳечқиси йўқ. Узоқ йўл босиб келгансан. Эскилар «Йўл азоби — гўр азоби», деб бежиз айтишмаган. Мен чойнакнинг устини яхшилаб ёпиб қўйганман. Ҳар қалай, чой унчалик совиб қолмагандир.
Ислом ҳовлига чиқиб ювиниб келди. Бунгача чол дастурхонни ёзиб, уни Ислом берган нон ва сариёғ билан бойитибди. Кейин иккаласи ўтириб чой ичишди. Шу аснода чол Исломга қараб:
— Ана энди айт, қаерлардан келаяпсан? Нега узоқлаб кетиб қолдинг? — деди.
— Отахон, бунинг тарихи узун. Мен асли мингбоши Нурмуҳаммад қорининг иккинчи ўғлиман…
— Нима?! — дея бирдан Исломнинг гапини бўлди чол. — Бачқирлик мингбоши Нурмуҳаммаднинг ўғлимисан?!
— Ҳа, — деди Ислом ва чолга юзланиб, оғзидаги луқмасини амаллаб ютгач, сўради. — Сиз отамни танийсизми?
Чолнинг кўзи ёшга тўлди.
— Нима бўлди?! Нима?! — дея сўради Ислом ҳаяжондан юраги гурсиллаб.
— Ҳа, у бир сафар Қўқонга келганида ўғилларидан бирини ўқишга жўнатганлигини айтган эди. Сен ўша йигит эканлигингни билмабман. Қорининг гаплари хотирамдан кўтарилган экан…
Отахон кўз ёшларини бошқа тутиб туролмай йиғлаб юборди. Бирпасда унинг ёшлари оппоқ соқолини юва бошлади.
Исломнинг кўнгли қандайдир нохуш хабарни сезиб, юраги ўйнай бошлади.
— Кимдир Эргаш қўрбошининг Бачқирда эканлигини қизилларга сотибди. Дошқурлар Сааков деган одам бошчилигида замбараклар ва яна алламбало ўқ отадиган қуроллар билан Бачқирга бориб, у ердаги одамларни битта қўймай қириб ташлашибди. Эргаш қўрбошини тутиб олишиб, тириклайин ўтга ташлашибди!..
Бу сўзларни эшитаётган Исломнинг эти жимирлади. Кўз олдида тўпга тутилган уйларнинг ёнаётгани, хотин-халажнинг бақир-чақири, ўлиб ётганлар, жон таслим қилаётганлар намоён бўлди. Унингда кўзи ёшга тўлди.
— Кейин-чи? — деди бўғзидан шу биргина сўзни зўрға чиқариб.
— Менинг дўстим, қадрдоним Нурмуҳаммад ҳам омонатини топширибди!..
— Нима?! Нима?! — дея ўрнидан туриб кетди Ислом.
У қайсидир маънода шунга тайёр эди. Эшитганлари шунга олиб бораётган эди. Ҳатто бир марта тушида ҳам кўрганди. Унда отаси бир жилмаяр, бир йиғлар эди. Кейин ҳавода муаллақ турарди. Бу тушни Ислом ҳали Москвага етиб келмасидан олдин кўрганди.
— Ўзингни бос, болам. Юртга келган ташвиш бу…
— Онам, сингилларим, акам, укаларим-чи?! — деди Ислом ёниқиб.
— Уларни билмайман, болам. Билганим, эшитганим шу. Буни ҳам Бачқирдан қочиб келган бир одам айтди менга…
Исломнинг боши ғувиллай бошлади. У дастурхонда турган нонга термилганча қотиб қолди. Кўзи ҳеч нарсани кўрмаётганди. Кўзи, нигоҳи хаёли билан бирга қишлоғига кетганди.
— Мен ҳозироқ кетишим керак, — деди у пайдо бўлган бир муддатлик сукутни бузиб.
— Йўқ, шошма. Ҳар нима бўлганда ҳам энди шошма, болам. Шошиб борганинг билан ўлганларни тирилтиролмайсан. Ёнган уйларни яна ўз ҳолига келтиролмайсан. Бирпас шошмай, ақлингни йиғиб, яхшилаб ўйлаб кўргин-да, ундан кейин бор.
— Лекин мен чидаёлмайман!
— Бир тишлам ҳам нон емадинг. Озгина тамадди қил. Ана ундан кейин биргалашиб ўйлаб кўрамиз. Сен ҳозир шиддат билан кетсанг, бир балога гирифтор бўлишинг ҳеч гап эмас. Ундан кўра, гапир, қандай келдинг? Кимдан эшитдинг бу ерда бўлган воқеаларни?
Ислом бир муддат тин олди. Кейин беихтиёр қўлига нон олиб, тишлади. Сўнг энг аввал Москвадаги қаҳвахонадагиларнинг гапларини эслади… Ва аста-секин сўзлай бошлади. Ҳаммасини оқизмай-томизмай гапириб берди. Ҳатто вагонлардаги дошқурларни қандай ўлдирганларини ҳикоя қилаётганда қўллари мушт бўлиб тугилди. Чол эса киприк қоқмай унга тикилиб турар ва ҳайратга тушарди. Рўпарасидаги йигитнинг бунчалик жасорат кўрсатганига қойил қолар, айни пайтда эти жунжикарди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.