Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (19-қисм)

Никоян ўзини оқлаб олишига анча вақт кетди. Олдин НКВД вакили суриштирилди. Худди Исломга ўхшагани топилмади. Кейин аскарларга пўписа қилинганлиги айтилди. Аскарлар ғазаб отига минишди. Никоян эса енгил тортди. Ҳар қалай, у билан ҳеч ким шуғулланмаётган экан. Бориб, бемалол ишини давом эттирса бўлавераркан. Аммо шу билан бирга унинг-да жаҳли чиқди. «Энди, — деди ўзига ўзи, — маҳаллий одамларга битта ушоқ ҳам бермайман. Очларидан ўлгандаям ишим бўлмайди. Аслида, илгари ҳам ишим йўқ эди. Аммо, барибир, пулларига, қимматга бўлса-да, нон берардим. Энди олиб бўлишибди!..»
У ҳовлиққанча дўконига келди. Келди-ю, ўкириб юборди.
Бу орада ҳарбий эшелоннинг йўқ қилинганлиги ҳақидаги маълумот Қўқонга ҳам етиб келди. Маълумотни Ислом тирик қолдирган Иван Николаевич берди. У амаллаб станциялардан бирига етиб келди… Аслида, поезд жўнаб кетганидан сўнг чўлга ҳайдалган аёллар изларига қайтишган, аскар билан Иван Николаевични озод қилишганди. Шундан сўнг Иван Николаевич яна қўмондонликни қўлга олди. «Тўғри рельс бўйлаб юрамиз. Яхши юрсак, яқин қишлоқлардан бирига етиб оламиз. Агар станцияга етиб олсак, яна яхши», деди… Бир кундан кейин, ниҳоят, эшелоннинг паровоздан узилган қисмини кўришди. Олдин хурсанд бўлишди. Кейин хавфсирашди. Ёш қизил аскар жосусликка жўнатилди. Аскар иржайиб-тиржайиб қайтиб келди. «Анави зўравон паровозни вагонлардан узиб, ўзи жўнаб кетибди. У ерда фақат ошпазлар билан учта қизил аскар қолибди», деди.
Иван Николаевич ўрнидан сапчиб турди. Шартта наганини олмоқчи бўлди. Қараса, йўқ экан. Аммо шундай бўлса-да, бақирди: «Олға!»
Учта қизил аскар ақлдан озиб бўлибди. Ошпазлар бири қўйиб, бошқаси Исломни ёмонлайди. «Кутилмаганда келиб қолди. Бўлмаса, биз ўзимиз ошхона пичоғи билан суробини тўғрилаб қўйган бўлардик. Аммо, барибир, кучимизни кўрсатиб қўйдик. Овқат масаллиқларининг деярли ҳаммасини олиб қолдик. У қисталоқ фақат ўзи билан бирга машинистларни олиб кетди», дейишди. Шундан кейин Иван Николаевич қурол-аслаҳа вагонининг ёнига борди. Нафақат борди, балки устига ҳам чиқди. Йиғлаб юборай деди. Кўз ўнгида инқилобга хиёнат қилишда айбланиб пешонасидан отилаётган лаҳза пайдо бўлди… Фақат у: «Мени кечаси отиб ташлашармикан ё кундузи?» деб ўйлаб қолди… Кейин бирорта қурол омон қолдимикан деб, обдан қурол-яроғларни текширди. Афсуски, бирорта ҳам соғи йўқ экан. Сўнг йиғламоқдан бери бўлиб пастга тушди.
Ислом шаҳардан чиққанидан кейин устидаги ўрисча кийимларини ечди. Энди кечгача уйига етиб олиши керак. Аммо сира юролмаяпти. Илдамлагани сайин, қишлоғига масофа қисқаргани сайин юраги гупурлаб, ҳаяжон босаяпти. Отаси ўлдирилганини эшитди. Агар оиласидан яна бошқаларнинг ҳам шаҳид кетганлигини билса, нима аҳволга тушади? Қолаверса, нафақат уйидагилари, қавму қариндошининг ҳаммаси Бачқирда яшайди. Уларнинг қанчаси бор? Қанчаси омонатини топширган… Унинг назарида гўё ҳеч ким қолмагандай эди. Шу боис юришга қийналаётганди. Аввал: «Қўқонга етсам, у ёғига учиб кетсам керак», деб ўйлаганди. Аммо бундай бўлмади. Йўл юриш қийинлашгандан-қийинлашиб кетаверди. У ҳатто тўхтади.
Қўқон билан Бачқир оралиғида ўзлаштирилмаган жойлар кўп эди. Ана шу жойларни ёввойи жийда босганди. Яна баъзи ерларда кўлмаклар ҳам ҳосил бўлганди. Улар шунчаки зах сувлар эди. Атрофини қамиш босганди. Тинимсиз кеча-ю кундуз қурбақалар вақиллашарди. Яна уларнинг кўплиги боис, лайлаклар ҳам сероб эди. Инлари ҳам шу атрофдаги баланд дарахтларда, асосан, тутларда эди.
Ислом бир неча марта тўхтади. Бир неча бор узоқ ўйга толиб ўтирди. Ҳатто ортига қайтмоқчи ҳам бўлди. Ахир қайси юз билан борсин? Нима десин? «Мен ўқишда эдим. Мен бехабар эдим», десинми? Шу гапларига бошқалар тугул ўзини ишонтира оладими? Шу гаплар уни айбдан соқит қиладими? Ёки: «Мен бир эшелон дошқурни йўқ қилдим. Мен шу билан ҳақимни тўладим. Мен ўчимни олдим», деса, отаси, қишлоғида бевақт ҳаётдан кўз юмганлар қайта тирилиб келишадими?..
У мана шундай ўйлар гирдобида ўрнидан туриб, олдинга — қишлоғи томонга юришга мажбур бўларди.
Ана, қишлоғи ҳам кўринди. Кўрингани заҳоти Исломнинг кўзидан ёш оқа бошлади. Ўкириб-ўкириб йиғлагиси келди. Кейин бирдан югуришга тушди. Жони борича чопди.
— Мен келдим! Мен келдим!!!
Қишлоққа кириб бориши билан у шундай дея бақира бошлади. Аммо унинг бақирганига биров жавоб бермасди. Бу уни баттар қўрқитди. «Наҳотки қишлоқда ҳеч ким қолмаган бўлса? Наҳотки ҳамма ўлиб кетган бўлса?» дея хаёлидан ўтказар ва аллақачонлар ёниб, томидан айрилган, деворлари қорайган уйларга алам билан тикиларди.
Ниҳоят, бир чол чиқди. У қишлоқда омон қолган етти эркакдан бири эди. Яна учта ёш бола ва учта чол бор эди.
— Ҳой! — деб бақирди у Исломнинг ортидан.
Ислом бирдан югуришдан тўхтади. Уни тўхтатган чолни дарров таниди. Ҳотам бобо. Оппоқ соқоли кўксига тушадиган. Қишлоқнинг кўп йиллардан бери энг кекса одами. Унинг ёшини ҳеч ким, ҳатто унинг ўзи ҳам билмайди. Устидаги йиртиқ-ямоқ чопонининг олди очиқ. Оёғидаги чориғи аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Оёғида зўрға илиниб турибди.
— Нимага бақираяпсан? Кимсан?! — деди чол қўлидаги кетмонини маҳкам тутиб.
— Мен! Мен!!! — дея ўзининг кўксига урди йигит. — Исломман! Ислом! Нурмуҳаммад мингбошининг ўғли Ислом!
Чол бирдан бўшашди. Кўзидан ёш оқди. У кетмон дастасига суянганча ўтира бошлади. Ислом унинг ёнига югуриб келиб, елкасидан тутди.
— Ҳотам ота, мени танияпсизми?! Танияпсизми?! — деди ҳовлиқиб.
Чол бошини қимирлатди.
— Қаерда эдинг? — дея сўради у нимжон овозда.
— Мен узоқда эдим, ота. Менинг ҳеч нимадан хабарим йўқ эди, ота.
Чол яна бошини қимирлатди. Кейин уйи томонга имлади. Сўнг:
— Рисолат! Рисолат! — дея қизини чақирди.
Рисолат уй ҳовлисида деворга ёпишганча қўлида ўроқ ушлаб турарди. Агар келувчи бобосига бирор нима қилса, шу ўроқ билан ҳужум қилмоқчи эди. У ўзининг исмини эшитиши билан кўриниш берди.
— Рисолат! — деди яна чол.
— Лаббай, ота, — дея Рисолат Исломга тикилди.
Унинг ёши ўн саккиздан ошган. Рисолат Исломни жуда яхши билади. Ёшлигида кўрган. Кейин Ислом бирдан йўқолиб қолди. Сингиллари: «Менинг акам ўрисларнинг юртида ўқиб юрибди. Отамнинг айтишига қараганда, зўр одам бўлиб қайтиб келармиш», дейишарди.
— Бор, қизим, бор, одамларни айтиб кел…
Бир пайтлар бу қишлоқда мингга яқин одам яшарди. Энди… Энди даҳшат! Рисолат югуриб кетиб, бор-йўғи йигирмата одамни топиб келди. Шу эди қишлоқнинг одами. Қолган-қутгани шу. Бошқа ҳамма ўлиб кетган. Йиғилганларнинг орасида Исломнинг иккита синглиси бор.
Кўришишлар билан бирга йиғи авжига чиқди. Хотин-халаж айтиб йиғлади. Ўзларининг ўлганларини эслаб йиғлашди. Исломнинг сингиллари эса аканинг бўйнидан қучиб йиғлашди.
Ҳотам чол бир муддат уларни ўз ҳолларига қўйиб берди. Кейин уришди.
— Бас қилинглар, оҳ-воҳларинг билан бир нима ўзгариб қолмайди. Қишлоғимизда битта бўлса ҳам йигит қолибди-ку. Бор экан-ку. Жуда қуриб қолмабди-ку. Боринглар, уйларингда нима бўлса кўтариб келинглар, қозон осайлик! — деди.
Ҳотам чол байрамни чўтлаганди. Аммо маъракага ўхшаб қолди. Қишлоқнинг бирорта ҳам одамининг юзида хурсандчилик аломатлари кўринмади. Албатта, битта бақувват эркакнинг борлиги барчасини бирдай севинтирарди. Аммо Ислом келиши билан қишлоқнинг тўпга тутилиши, одамлар пулемёт ўқларидан тутдай тўкилганлари қайта ёдга тушаверди.
Битта чолнинг уйида ёлғизгина хўроз қолган экан. Ўша сўйилиб, шўрва қилинди…
— Бўрон исмли бир қул бўларди, — деди Ҳотам чол бир косадан шўрва ичиб бўлинганидан сўнг, — сенинг отанг уни болалигидан катта қилган, — дея юзланди у Исломга, — Қўқондан топиб келганди. Гадойлик қилиб юрган экан. Хуллас, уни ўзинг яхши биласан.
— Ҳа, — деб бошини қимирлатди Ислом, — мендан тўрт ёшча катта эди.
— Баракалла! Ўша қул катта бўлганидан кейин отанг уйлантириб қўйди. Ер берди. Уй қуриб олишига ёрдамлашди. Ўша итнинг боласи охири отангни сотди. Нафақат отангни, бутун қишлоқни шу сотган экан. Эргаш қўрбошининг келганини бориб шўроларга айтиб берибди. Хуллас, битта қулни деб бир қишлоқдан йигирма одам қолди.
Исломнинг қўли мушт бўлиб тугилди.
— Мен унинг қўшни қишлоққа, Қўшқайрағочга шўро бўлиб олганини эшитдим. Ҳа, бу ердагиларнинг ҳаммасини сотиб, у ёққа бориб каттакон бўлиб олибди. У ерда биздагидай одам қирилмаган экан. Менман деганлар отиб ташланибди. Деҳқонлар қолдирилибди. Бир бечоранинг уйини унга беришибди қизиллар. Яна унга от ҳам беришибди. Борсам, ияги осмонда юрибди. Бировни одам қаторига қўшмайди. Ёнида ҳар доим иккита аскар. Сенинг отанг уйлантириб қўйган хотинини қўйиб юбориб, унинг ўрнига бировнинг бевасига уйланиб олибди. Роса тўрт кун пойладим. Бешинчи куни — у хотини билан ёлғиз қолганида, оқшом пайти кирдим уйига. Итнинг боласи роса маст бўлиб ухлаб ётган экан. Негадир бир ўзи экан. Ўзим билан бирга ўроқ олволгандим. Шу ўроқ билан чавақладим. Бир эмас, ўн марта урдим ўроқни!..
Шундай деб Ҳотам чол кўзидан дув-дув ёш оқизди. Уни кузатиб турганлар музлаб қолишганди гўё. Улар ҳам Бўрон қул Ҳотам чол томонидан ўлдирилганини энди эшитиб туришлари эди. «Ўлибди, ўлдирилибди. Кимдир кечаси келиб чавақлаб кетибди», деган гапларни эшитишганди. Аммо айнан Ҳотам чол — етмишдан ошиб, саксонни қоралаган бир бобой ўлдирганлиги уларнинг тушларига ҳам кирмаганди. Шу боис қулоқларига ишониб-ишонишмади.
— Ҳотам ака, ўрнингиздан туринг, — деди пойгароқда ўтирган бир чол, — битта қучоқлайин. Аммо-лекин менинг ҳақимни олиб қўйибсиз. Шундай бўлсаям, бир қучоқлайин!
— Қўй, — дея кўзларидаги ёшни артди Ҳотам чол, — ўзим билан ўзим овора бўлиб турибман. Қисталоқ, сотқин бўлсаям, одам деган оти бор эди. Мен шу одамни ўлдирдим.
— Бошқа бўлганда қайғурсангиз бўларди. Лекин бунинг учун биз сизга тўй қилиб берсак, сизни бошимизда кўтариб юрсак, оз. Ҳаммаям сиздай қотил бўлсин!
Салим чол Ҳотам отадан беш-олти ёш кичик эди. Унинг-да соқоли оқариб бўлганди. Аммо ҳали анча тетик эди. Қўярда-қўймай Ҳотам чолни ўрнидан турғизди. Бағрига босди. Ҳатто кўтарди.
— Хуллас, — деди табриклаш тугаганидан сўнг Салим чол Исломга юзланиб, — битта тиррақи бузоқни деб бутун қишлоғимиздан деярли айрилдик. Ҳотам бобо қариб қолгани учун омон қолдиришди. Мен эса шу куни далада эдим. Давлат ака Қўшқайрағочга кетиб тирик қолган, — деб ёнидаги бобойга қараб қўйди Салим чол. — Аммо бирорта ҳам соғ уй қолмади. Чўчқадан тарқаганлар, нечта уй бўлса, ҳаммасини ёқди.
Шундай дея Салим чол ҳам кўзига ёш олди, сўнг йиғи овозида деди:
— Ҳар сафар эслаганимда, дунёларга сиғмай кетаман. Алпқомат уч ўғлим бор эди, ҳаммасини ўлдиришди. Қизларим номусларига чидаёлмасдан… Ўламанми шу куни далага уларни юборсам? Нима жин уриб, ўзим кетибман. Мана шундай, болам! Мана шундай!
— Сенинг отанг ҳақиқий эркакнинг ишини қилди, — деди Ҳотам чол Исломга, Салим чол гапини тугатиши билан. — Душман билан олишди. Битта дошқурни ўлдирди. Лекин кучлар тенг эмас эди-да. Бирини ўлдирган эди, бештаси бирдан ёпишди. Аввал отиб ташлашди, кейин… У ёғини гапириб бўлмайди.
Исломнинг пешонасидан совуқ тер чиқди. Вужуди титрай бошлади.
— Бирортасини ҳам тирик қўймайман. Инига бориб, барчасини қиличдан ўтказаман! — деди ғазаб билан.
— Болам, бу шаштингдан қайт. Улар жудаям кўп. Тиш-тирноғигача қуролланишган. Ёлғиз отнинг донғи чиқмас, донғи чиқса-да, чанги чиқмас!..
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.