Ўзмиллийбанк байроғи Араратни забт этди

Шундай спорт турлари борки, улар техник тайёргарликдан ташқари, катта жисмоний куч ҳамда барқарорликни талаб этади. Хусусан, баланд тоғларга кўтарилиш ва кўз илғамас чўққиларни забт этиш бўлган алпинизм спорт тури ўзига хослиги билан ажралиб туради. Анча-мунча баландликни писанд этмайдиган ва катта марраларни куч ҳамда иштиёқ билан ишғол этиш ҳисси бу спортга ҳавасмандлар учун ҳаётий мотивациядир.
Энг эътиборлиси, «Ўзмиллийбанк» АЖ ходимлари орасида бошқа спорт турлари каби айнан альпинизмга қизиқадиган ва буни ҳаёт тарзига айлантирганлар борлиги жамоанинг катта ютуғи, дейиш мумкин.
2025 йилнинг 24 июнида Банкнинг Ғазначилик департаменти ходими Андрей Тарантин «Mysterious Uzbekistan» гуруҳи таркибида Кавказ тоғ тизимининг энг баланд нуқталаридан бири — 5137 метрлик Арарат тоғининг чўққисига кўтарилди ва Ўзмиллийбанк байроғини тоғ чўққисининг қоқ марказига ўрнатишга муваффақ бўлди.
Андрей Тарантин 2021 йилдан бери тоғ треккинги билан фаол шуғулланади.Аслида, бу Андрейнинг илк ғалабаси эмас.У бу йўналишда Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги уч минг метрлик тоғларга кўтарилишлар билан боғлиқ тажрибаларга эга. Қолаверса, Андрей 2023 йил май ойида мазкур гуруҳ билан Европанинг энг баланд нуқтаси бўлган Россиядаги Эльбрус тоғининг 5642 метрлик чўққисига кўтарилган. 2024 йил май ойида эса шу гуруҳ таркибида Австралия ва Океаниянинг энг баланд вулқони — Папуа-Янги Гвинея ҳудудида жойлашган Гилуве чўққиси (4368 метр)га кўтарилиш ҳам муваффақиятли амалга оширилди.
Арарат тоғи — дунёдаги энг машҳур алпинистик тоғ масканларидан бири бўлиб, баландлиги 5137 метрни ташкил этади. Араратнинг 4250 метрдан юқори қисми доимий муз билан қопланган. Унинг чўққисига биринчи муваффақиятли экспедиция 1829 йилда немис профессори Иоганн Фридрих Паррот томонидан амалга оширилган. Ҳозирда кўп альпинистлар ва сайёҳлар Араратга кўтарилишни ўзларига мақсад қилишган.
Маълумот учун, «Ўзмиллийбанк» АЖ нафақат спортнинг турли йўналишларини ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлашда, шунингдек, қатор спорт турнирлари, мусобақаларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Банкимиз жамоаси аъзоси Андрей Тарантиннинг бу муваффақияти ҳамкасбларимиз қўлга киритаётган ғалабанинг давоми бўлди. Ўзмиллийбанк ҳар доим бу борада ходимларимизнинг ташаббус ва интилишини қўллаб-қувватлайди ҳамда уларга юксак ишонч билдиради.