Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (20-қисм)

— Ота, — дея Ҳотам чолга юзланди Ислом, — мен бошқача уришаман. Бошқача. Мен уришишга ўқиб келдим.
— Эй, шундайми? — дея кўзларини катта-катта очди Салим бобо. — Лекин, барибир, бир ўзингсан-да.
— Ҳаммаси жойида бўлади. Улар оддий одамларни ўлдиришган. Энди устаси билан бир бел олиб кўришсин-чи.
— Ҳимм! Менга қара, — деб Исломнинг елкасига қўлини қўйди Ҳотам чол, — бир иш қилайлик. Эрта бир кун мен ўламан. Мендан кейин манави чоллар. Лекин анави пойгакда ўтирган ёш болалар катта бўлгунларича кўп вақт ўтиб кетиб қолади. Шунга, болам… Қишлоғимизда тирик қолган қизларга ит тегмаган. Жувонлар ҳам топ-тоза. Улар фақат эрларидан ажралишди.
— Ҳимм, — деб унинг гапини маъқуллади Салим бобо.
— Қишлоқни сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли — сенинг уйланишинг. Ҳозироқ. Тўртта хотингача рухсат бор. Биз сенга қизларнинг тўрттасини никоҳлаб берайлик.
— Лекин…
— Қўй бундай гапингни, — деб Исломнинг гапини бўлди Ҳотам чол, — мен сенга эрта ҳақида гапираяпман. Қайғуни, ташвишни енгишни гапираяпман!
Ислом бошини эгди. Ҳамма чол, шунингдек, болалар ҳам унга тикилишди.
— Мен тушундим, — деди Ислом дастурхондан кўзини узмай, — аммо мен бир жойда турмайман. Мен ҳар доим урушда бўламан. Мен энг аввало…
— Ҳа, бу гапингни биз ҳам тушуниб турибмиз. Хавотир олма. Хотинларинг шу ерда бўлишади. Ҳатто уйланганлигингни шу қишлоқдагилардан бошқа биров билмайди. Сен ўзингнинг режангни қилавер. Бу ёқда ҳам болаларинг улғаяверади. Ёз охирлаб, куз бошланаяпти. Анча-мунча туршак қилиб қўйганмиз. Яна бошқа мевалардан ҳам қоқи қилиб қўйибмиз. Биттами-иккитами эчки ҳам бор…
— Олтита, — дея илк марта гапга қўшилди Баҳодир ака, — у чолларнинг энг кичиги эди.
— Ана, олтита экан. Худо хоҳласа, бир жойдан буғдойми-арпами, ишқилиб, қандайдир дон ҳам топармиз. Қишдан омон-эсон ўтиб олармиз.
— Сиз нима десангиз, шу, — деди Ислом бирдан бошини кўтариб.
— Ана бу бошқа гап. Ҳозир мен келаман.
Шундай деб Ҳотам сол шоша-пиша ўрнидан турди-да, ташқарига чиқиб кетди. Унинг уйи икки хона эди. Бирида ҳозир, мана, эркаклар ўтиришибди. Иккинчиси шундай ён томонда. Унинг эшиги ҳам ҳовлига қараган.
У қишлоқнинг ҳамма хотин-қизлари ўтирган хонага кирмади. Ҳовлида туриб, тирик қолган, уч уй наридаги аёлни чақирди.
— Муҳтарам! Муҳтарам, бу ёққа чиқ!..
Уйдаги хотинларнинг ҳаммаси бирдан сергак тортишди. Муҳтарамнинг ёши энди қирққа яқинлашган. Шу ёшида у энг кекса бўлиб, тўрда ўтирибди. Аммо унинг юзига қараб, биров қирққа ҳам кирмаган деб ўйламайди. Камида олтмишни уриб қўйибди, дейди… Ахир ўн олти ёшли қизидан айрилди. Ота-онасидан, сингилларидан, алпқомат уч акасидан, бир укасидан айрилди. Қайғу елкасидан босиб қўйди. Қаритиб қўйди.
— Ҳозир, — деди у ўтирган жойида ва паранжисини ёпиниб, ташқарига йўл олди.
— Менга қара, — деди Ҳотам чол аёл кўриниш бериши билан, — Рисолатни тез келинликка тайёрланглар. Ҳозир тўйи бўлади. Мен уни унаштириб қўйдим… Тайёр бўлиши билан айтасан, никоҳ ўқитамиз.
— Эй, ота. Бирдан…
— Ҳа, ҳа, шундай. У ёғига аралашма. Мен айтдим, тамом-вассалом. Бўл тез!..
Шундай деб чол ортига қайтди. Чунки энди маросимни ўтказиш ташвишлари бор эди. У уйга кириши билан Салим чол:
— Ҳотам ака, Баҳодир эчкисини сўяркан. Тўй тўйдай бўлсин, — деди. — Қишлоқда олтита қўй бўлдими, бешта бўлдими, нима фарқи бор. Иккита қўчқордан биттаси сўйилади-да. Худо берса, қолгани билан ҳам қишдан омон чиқамиз. Эчкилар ҳам кўпайиб кетади.
Бу гап Ҳотам чолга ёқди. У кулди.
— Менга қара, Баҳодир, шу эчкини Исломга ата. Ўша эчкини Ислом маҳрга берсин. Мен набирамдан сўраб оламан. У тўйига атайди. Шу билан ҳаммаси жой-жойида бўлади.
Дарров амал ташкиллаштирилди. Бор-йўғи икки сўроқда рози бўлган Рисолат ўзига берилган маҳрни сўйишларига рози бўлди.
Тўй. Одамлар қирилган, қишлоқ вайронага айлантирилганидан бери биринчи марта хотин-қизлар ўйин-кулги қилишди.
Салим чол қишлоқнинг имоми бўлиб қолганди. У ёшларга никоҳ ўқиб қўйди. Шу билан Ислом бир оқшомда хотинли бўлиб қолди.
— Ислом, болам. Сингилларинг бошқа хотин-халаж билан бирга менинг уйимда қолишади. Сен бўлсанг, келинни олиб, отангнинг уйига бор. У ерда биттагина хона омон қолган ёнғиндан. Мен уйингни бориб кўр, деб сени мажбурламадим. Ўзинг ҳам борайин демадинг. Мен сени ўйладим. Сен ўзингни. Кўнглинг вайрон бўлмасин, дедим. Энди ёнингда шеригинг бор. Озми-кўпми, юпатади, боринглар, — деди Ҳотам чол.
У негадир жудаям шошилаётганди. Эркаклар: «Бир ейлик, тўйиб ейлик, эчки гўшти қолмасин», дейишганди. Бироқ Ҳотам чол кўнмади. «Эртагаям кун бор. Агар эртага яна қандайдир маърака чиқиб қолса, нима қиларларингни билмай қолманглар», деди. Кейин Салим чолга бир неча марта: «Ислом биргина Рисолат билан қолмасин. Келишганимиздай, яна учта қизга уйлантириб қўйинглар. Қишлоқнинг одами тезроқ кўпайиши керак», дея тайинлади.
— Шу ишни эртага ўзингиз қилаверасиз, — деди Салим чол.
Ҳотам бобо қўлини силтади.
— Мени қўй, менинг тўримдан гўрим яқин. Менинг кўнглимдаги нарса бўлиб қолсин, — дея кўнмади.
Ота уйини кўришга Исломнинг юраги бетламас эди. Ҳотам бобо айни унинг кўнглидагини айтганди. Қандай қилиб бир пайтлар ўзи ўйнаб катта бўлган уйни ёнган-хонавайрон бўлган ҳолда кўради? Қандай қилиб ўзини тутиб тура олади?
Келин-куёв кузатиб қўйилди. Исломнинг иккала синглиси ҳам улар билан бирга боришди. Дастлаб уйни кўриб, улар йиғлашди. Аслида, ҳар куни кўришади. Анча пайтдан бери йиғламай қўйишганди. Кўникишганди. Бироқ энди ака бор. Аканинг кўзлари гўё ҳозир сингилларга ўтиб қолган.
Ҳаммаёқ қоп-қоронғи. Бироқ шу қоронғиликда ҳам томсиз деворлар қорайиб кўриниб турибди. Шунингдек, куюк ҳиди ҳам бутунлай тарқаб кетмаган.
Келин-куёвнинг хонасида эшик ҳам, дераза ҳам йўқ. Уларнинг ўрнига тўй бўлиш арафасида Ҳотам чолнинг буйруғи билан мато тортиб қўйилган эди.
Шунингдек, қуп-қуруқ ерга иккита қоп ёнма-ён тўшаб қўйилди. Ана шу жой келин-куёвнинг ётоқ жойи эди.
Ҳамма кетди. Ислом Рисолат билан ёлғиз қолди.
— Рисолат, мени кечир, — дея шивирлади Ислом ёнида рўмол ёпиниб ўтирган қизга.
— Нега? — сўради Рисолат.
— Мен… Билмайман. Лекин кечир.
— Сиз ҳеч нима учун айбдор эмассиз.
— Аммо, барибир. Аслида, келишимдан мақсад бошқа эди.
— Айтманг. Тақдирда борини кўрамиз.
— Танидингми мени?
— Бошида танимадим. Ўзгариб кетибсиз. Кейин эсладим. Бўйингиз янаям ўсибди. Қарашларингиз бошқача бўлибди. Оқарибсиз. Мен сизни кўзларим билан кузатиб қўйгандим.
— Кейин-чи?
— Кейин энди бутунлай келмасангиз керак, деб ўйлагандим.
— Сен қандай тирик қолдинг?
— Мени кўмиб қўйишди.
— Кўмиб?
— Ҳа, отамнинг синглиси Мастура аммам кўмди. Қишлоғимизга қизиллар бостириб келишлари билан сабзи ўрасига итариб юборди. Сўнг устимга хашак ташлади. Кейин тупроқ билан кўмди. Мен у ерда ковак ҳосил қилиб олгандим. Узоқ ётдим. Нафасим қайтиб қолганидан кейингина «қабр»имдан чиқдим. Оқшом экан. Ҳалиям ёнаётган уйларнинг анчаси ўчмаган экан. Додлаб йиғладим…
— Сингилларим-чи?
— Уларни онангиз чўлга қочириб юборибди…
— Менга текканингдан норози эмасмисан?..
—…
— Нега индамайсан? — дея Ислом Рисолатнинг бошидаги рўмолни секин олди.
Рисолат секин Исломга қаради. Нимчироқ ёруғида унинг қиёфасидаги хурсандчилиг-у хафаликни билиб бўлмас эди.
— Тез, ҳаддан зиёд тез бўлди. Бобом нега шошганлигини билмайман. Эҳтимол, бир-икки кун индамаса ҳам бўларди. Гўё эртага кун йўқдай… Яна мен сизнинг истаб уйланишингизни хоҳлагандим. Бунинг устига, бирдан тўртта қизга уйланишингиз айтилди…
— Бунисини мен ҳам кутмагандим. Тўғриси, бошим қотди. Аммо…
— Биласизми, биз сизнинг борлигингизни билмасдик. Шунга ҳамма бошқа қишлоқларга турмушга чиқиб кетса керак, деб ўйлагандик. Ҳаттоки ёш болали жувонлар ҳам. Кейин қарияларимиз… Улар ўн йил яшар, йигирма йил яшар… Охири бориб, қишлоғимиз кимсасиз қолади. Бир куни уйлар қулаб тушади. Бир куни бу ерни чангалзорлар босади. Кейин бу ерда қишлоқ борлигини, одамлари кўп бўлганлигини, одамлари яхши бўлганини ҳамма эсдан чиқариб юборади, деб ўйлагандик.
— Мени бутунлай эсингдан чиқарганмидинг?
— Йўқ. Эслаб турардим. «Бормикан? Қаерларда юрган экан? Қишлоғини эсидан чиқариб юбордимикан?» дердим. Айниқса, отангиз билан акангиз ўлдирилганида сингилларингизга қўшилиб қаттиқ эсладик. Мен ҳатто сиздан хафа бўлдим. «У ҳам «қизил» бўлиб, бир жойларнинг шўрини қуритиб юргандир», дедим…
Ислом Рисолатнинг елкасидан қучди. Шунда қиз титраётганини сезди. Ўзига қаттиқроқ тортди…
У: «Кейинги уйланишим чўзилади. Кетма-кет уйланиб, умримни бекорга ўтказмайман. Одамларни-ку, қайтариб келолмайман. Аммо олиб кетилган нарсаларнинг ҳаммасини қайтариб келаман. Керак бўлса, ортиғи билан», дея кўнглига тугиб қўйган эди. Бироқ эрталабки хабар режасини яна орқага ташлашга мажбур этди.
Ҳотам бобо омонатини топширибди. У куни кеча шунинг учун шошган экан. Набирасини эртароқ эгасига топшириб, кўнглини хотиржам қилмоқчи бўлган экан.
Қайғу устига қайғу, дард устига дард.
Мозор уч чақирим нарида. Тобутни кўтарадиган Исломдан бошқа одам йўқ. Эркаклар… Уларнинг кучи етмайди. Болалар ҳали ёш. Аёлларга мумкин эмас. Ноилож тобут аравага ортилди. Аравани Ислом тортди. Чоллар орқасидан итаришди.
Майит қабристонга олиб борилганидан кейин қабр қазилди. Ислом қазиди. Чолларнинг бунга кучлари етмайди. Ростдан ҳам шундай. Бу ёшдаги қариялар, одатда, бир эмас, бир нечта қабр қазиб ташлашлари мумкин. Аммо буларнинг кучлари йўқ. Чунки узоқ муддат умуман тўйиб овқатланишмаган. Кечаги эчки ҳам кичкина эди. Бунинг устига, чоллар: «Биз эмас, болалар ейишсин, хотин-халаж ейишсин», дейишди. Шундай экан, уларнинг қувватлари кам эди.
— Қаерда одам кўп қолган? — деб сўради Ислом кун адоқлаган маҳал Салим чолдан.
— Бешкапа қишлоғида, — дея жавоб қилди Салим чол бошини хам қилганча.
У Ҳотам бобони кўмиб келганларидан бери шундай ўтирарди. Кўзлари юмуқ. Нимани ўйлаётганини ҳеч ким билмасди. Ора-чора худди узоқ муддат йўл юриб келган одамдай ҳорғин нафас олиб қўярди.
— Нега уларда одам кўп? — деди Ислом.
— Уларнинг қишлоғи бизникидай вайрон этилмади. Чунки уларнинг қишлоғида қўрбоши йўқ эди. Нима қиласан?
— Ўзим билгим келаяпти.
— Ҳимм. Лекин сен энди бошқа нарсани ўйла. Бундан бу ёғига бутун қишлоқ сенинг қўлингга қарайди. Кўраяпсан, ҳамма оч. Агар аҳвол шундай давом этса, ҳеч ким қолмайди.
— Ҳа, тушундим. Эртагаёқ киришаман.
— Ер ҳайдайсанми кузда?
— Йўқ. Бошқа режам бор.
— Ҳимм, — дея бошини қимирлатиб қўйди Салим чол.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.