Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (22-қисм)

Бу ёғига Ислом ниҳоятда тез ҳаракат қилди. Дуч келган «қизил аскар»ни отиб ташлайверди. Ва ҳаш-паш дегунча палаткалар атрофида бирорта ҳам тирик аскар қолмади. У ҳатто қоровулларни ҳам осонлик билан отиб ташлади. Кейин палаткаларга кирди. У ердагилар ҳозирча керак эди, шу боис қуролсизлантириб, оёқ-қўлларини боғлаб, ташқарига олиб чиқди. Устидан сув қуйди. Асирга олинганлардан иккитаси бироз ўзига келди.
— Нима бўлаяпти? — дея ҳайрон бўлганча Исломга қарашди.
Ислом бошидаги қизил юлдузи бор кепкани ечиб, уни оёғининг тагига ташлаб топтади.
— Эй-й, сен нима қилаяпсан? Сен кимсан? — деди кўзларини йириб очган дошқур.
— Мен сенинг, сенинг одамларингнинг ажали бўламан, — дея унга жилмайиб қаради Ислом.
— Ажал?! Қанақа ажал? Нима қилиб юрибсан бу ерда?
— Бу ер менинг тупроғим, киндик қоним тўкилган жой. Сенлар бу ерда балони еб юрибсанларми, мараз?! — деди энди Ислом росмана қаҳрини кўрсатиб.
Дошқур унга жавоб бериш ўрнига бошини кўтариб атрофига қаради. Ҳаммаёқда қонига беланиб ётган «қизил» аскарлар.
— Менинг айбим йўқ! — деди бирдан қўрқиб кетган дошқур. — Мен ҳеч нима қилмадим. Анавилар, ана ўшалар сенларнинг қишлоқларингнинг кулини кўкка совуришди. Ўттизтача қўйни чангалзор ичидаги қўтонга қамаб қўйишибди. Мен қочмоқчи бўлиб тургандим. Озарбайжоннинг ёнидаги республикамга. Мен буларнинг қабиҳликларини кўриб…
Ислом унинг сўзларига чидаёлмай сонига ўхшатиб тепди. Дошқур ўкириб юборди. Шундан сўнг Ислом бошқаларни ҳам бирма-бир тепиб чиқди.
Орадан икки соатга яқин вақт ўтди. Устига узлуксиз сув қуйилаверганидан кейин қолган асирларнинг ҳам мастликлари тарқаб, ўзларига келишди.
Ислом мурдаларнинг ҳаммасини бир жойга йиғди. Уларни кўриб, асирларнинг кўзлари олайди. Қутулиб қолиш чорасини ахтаришди, лекин топа олишмади. Сўнг Ислом улардан учтасининг қўл-оёғини бўшатди.
— Ўртоқ Ленин… — дея гап бошлади улардан бири…
— Ўртоқ Ленинингни қўйиб тур, у ҳозир сенга ёрдам беролмайди. Белкуракларни олинглар ҳар учовинг ҳам.
— Нега? — дея сўради улардан бири.
— Сен инқилобчимисан? Инқилобчи ўзининг биродарининг ўлигини итларга ем қилиб ташлаб кетмайди-ку, тўғрими?
Аскар мурдаларга бир-бир қараб чиқди, кейин:
— Улар инқилоб олдидаги бурчларини бажара олишмади… — деди.
— Сен бажардингми? — дея унинг гапини бўлди Ислом. — Маишат қилиб ётгандинг-ку. Сен ифлосларнинг мана шунақа эканликларингни жуда яхши билардим. Тез бўл, қабр қази! Бўлмаса, сениям инқилоб талабларини бажармаганликда айблаб, пешонангдан дарча очиб қўяман. Нафақат сени, балки ҳозирча тирик бўлган исқирт, босқинчи шерикларингни ҳам. Ана ундан кейин ҳаммангнинг гўштинг оч юрган бўриларга ем бўлади. Бўл тез!
Ноилож қолган асирлар ер ковлашга тушиб кетишди. Ислом қўлида «наган» ушлаганча қабр ковлаётганларни кузатиб турди.
Улар тахминан бир соатларда анчагина катталикдаги ўра қазишди. Чунки шундай қилишмаса, мурдалар сиғмасди. Кейин жасадлар у ерга ташланди.
— Энди бизни қўйиб юбор, — деди асир тушган дошқур, — сенга ўртоқ Ленин номи билан қасам ичамиз. Бу ерларда бошқа қорамизни кўрсатмаймиз.
— Ўртоқ Ленин ким бўлибди-ю, сенинг қасаминг нима бўлибди? Бундай нарсаларни бу ёқларга келмай туриб, қишлоқларни вайрон этмай туриб, одамларни тутдай тўкмай туриб, жанозага келганларни ўққа тутмай туриб ўйлаш керак эди. Дунё бесўроқ деб ўйлаганмидинглар? Қани, кўм!..
Умумий қабрга ташланганлар ярим соатларда тўлиқ кўмилиб бўлди. Сўнг Ислом асирларнинг ҳаммасини отиб ташлади. Яна бир юраги эзилди. Чунки асирларнинг иккитаси сарт эди. Гарчи улар сотқин эсалар-да, юртдошлари эди…
Ўлжа хийлагина катта экан: ўттизтача қўй, йигирма бештача от, иккита арава. Уларнинг усти ун ва бошқа егуликлар билан лиқ тўла. Қолаверса, олтин, кумушлар ҳам бор эди. Яна қурол-яроғ ҳам анчагина эди.
Ислом отларнинг учтасини олиб қолди. Қолганини қип-яланғоч ҳолга келтириб ҳайдаб юборди. Иккитасига арава тиркади. Аравалар тўрт ғилдиракли. Демак, улар бу ерда ясалмаган. Ясалган эса-да, бу ерлик усталар ишлашмаган…
Отлар итоаткор экан, Исломнинг отининг ортидан юришди. Фақат шу қўйлар гоҳ-гоҳида ўларини у ёқдан бу ёққа ташлаб, Исломни хуноб қилишди. Қолган ҳаммаси жойида эди…
Қуёш уфққа ёнбошлаш арафасида Ислом қишлоғига кириб борди. Уни кўриб, ёшу қари қотиб қолди. Бироқ ҳаммасининг кўзларида қувонч бор эди.
— Нима бало қилиб келаяпсан? Қаердан олдинг буларни?! — деб сўради охири Салим чол.
— Тортиб олганлардан тортиб олдим холос, — дея жавоб қайтарди Ислом.
— Бу нима деганинг?
— Босқинчилар босиб, бор-будингизни олиб кетишганмиди? Мен ана ўшаларни босиб, уларнинг бор-будларини тортиб олдим.
— Бир ўзинг-а?!
— Шунақа бўлиб қолди.
— Отдан туш! Сен ўзимнинг арслонимсан! Бир бағримга босай!
Ислом енгиллик билан отдан сакраб тушди. Салим чол уни маҳкам бағрига босди. Йиғлади.
— Эсизгина, олдинроқ келмаган экансан. Агар сен бўлганингда, қишлоғимиз омон қолармиди?! — деди йиғи овозда.
Унинг йиғиси дарров ҳаммага юқди. Рисолатдан бошқа хотин-қизлар юзларини рўмоллари билан бекитиб йиғлашарди. Рисолатнинг кўз ёши эса кўриниб турарди.
— Оббо! Шодлик-ку. Нега йиғлайсизлар?! Бундан бу ёғига бирорта ҳам одамнинг кўз ёши оқмайди. Керак бўлса, душманники оқсин!.. Энди аравадаги нарсаларни олинглар. Қўйларга қаранглар, тарқаб кетади, бўлмаса. Ўзи уларни зўрға ҳайдаб келаяпман. Орасида битта эчки бор экан, сира одамга ўхшаб юрмайди! — деди Ислом ярим кулги аралаш. Аслида, унинг ўзиниям кўнгли тўлиб турганди.
Дарров ҳамма ишга киришди. Исломни Салим чолнинг уйига олиб киришди. Унинг уйи ҳам ярим култепа эди.
Дарров дастурхон ёзилди. Ўлжада анча егуликлар бор экан, дастурхон дарров тўлди. Кейин қўйлардан бири ҳам сўйилди.
— Аслида, — деди Салим чол дастурхонга қараб, — буларнинг бари сен билан менга ўхшаганларники. Бошқа қишлоқлардаги қариндош-уруғимизники. Қандай еймиз?!
— Салим ака, қўйинг шу гапларни. Пешона-тақдир. Агар Ислом бўлмаганида, у душмандан тортиб олмаганида, қонхўрлар буларнинг барига эга чиқиб олишарди. Ичимизни эзманг. Ичимиз шундоқ ҳам тўкилиб бўлган. Энди шуни еймиз, — деди Абдували ака.
— Майли, майли, бошқа иложимиз қанча? Охирида бошқа қишлоқлардаги бева-бечораларни, камбағалларни, қайғу ичида ўтирганларни дуо қилиб қўямиз! — дея рози бўлди Салим чол. Кейин Исломга ўгирилиб:
— Энди, болам, гапир. Нималар қилдинг? Аравалардаги милтиқларни, яна алламбало қуролларни кўрдик. Шунча нарсани қандай қилиб босқинчи қонхўрлардан тортиб олдинг?!
— Ҳаммасини ажал қувиб ўша жойга олиб келган экан. Мен фақат ўзимнинг ишимни бажардим, — деди Ислом қисқагина қилиб.
— Йўқ, ундай дема. Бир бошидан, ипидан игнасигача қолдирмай гапириб бер.
Ислом Салим отага кулиб қаради. Сўнг ўзига тикилиб турган ёш болалар ва қолган кекса одамларга бир-бир қараб чиқди. Кейин ҳикоясини бошлади. Ўтирганларнинг, айниқса, ёш болаларнинг кўзлари бир нуқтага қадалиб қолганди. Улар ҳатто киприк қоқишни унутишганди. Ислом эса хотиржам, ора-чора олдидаги пиёладан чой ҳўплаб қўйиб гапирарди.
— Эҳҳе, — деди Баҳодир ака Ислом сўзларини тугатганидан кейин, — мениям боргим келиб кетди. Мен ҳам «қизил»ларни битта қолдирмай қириб ташлагим келди. Мениям қасдим бор уларда!..
Унинг кўзи ёшга тўлди.
У Исломнинг ёнида эди. Ислом унинг елкасига қўлини қўйди. Бундан Баҳодир ака баттар руҳланди.
— Ана, бир дунё милтиқ олиб келдинг. Менга қара, Ислом, менга отишни ўргат. Милтиқни-ку, амал-тақал қиламан. Лекин амал-тақал билан иш битмаса керак, деб ўйлайман. Анави айтганинг, араваларга ўрнатилган, нимайди, ҳа, пулемёт, шуни ўргат. Бир душманларни қирайин. Бир тариллатайин. Бир уларнинг тутдай тўкилишларини кўрайин! Нима дединг?!
— Ўргатаман. Эртагаёқ. Ўзи шундай режам бор, — дея жилмайди Ислом.
— Фақат унгамас, бизгаям ўргатасан. Керак бўлса, хотин-халажгаям ўргатасан, — деди Давлат ака. — Қўй олиб келдинг, раҳмат! Уни энди боқиш керак. Ким боқади? Манави учта чолми? Балки, боқар, лекин аёллар ҳам қўйларни ҳайдаб чиқишга мажбур бўлиб қолишади.
Ислом ич-ичидан йиғлар эди. Шундай алғов-далғовли кунларга етиб келганларига сира ишонгиси келмаётганди. Аммо начора, бошида бор экан… Бир эшелон дошқурларни қириб ташлаш ва яна бу ерда ҳам йигирмадан ортиқ «қизил аскар»ни дорилбақога равона қилиш ҳам унинг пешонасида бор экан. Ҳали олдинда нималар бўлади? Яна нечта одамни бир ёқли қилишини билмайди. Балки, кимдир ўзининг жонини олар. Бир кунмас, бир кун шунақаси чиқади-ку… «Ҳозир бу нарсани ўйлаш вақти эмас. Ниятим, менга фарқи йўқ, нима қилиб бўлса ҳам, душманни йўқ қилиш, бу ерлардан қувиб солиш. Кетмаса, йўқ қилиш… Зарур бўлса, аёллар ҳам қўлига милтиқ олади, чоллар ҳам…» — дея кўнглидан ўтказди у.
Суҳбат қизигандан-қизиди. Чоллар ўлиб кетган фарзандларини, йигитларни эслашди. «Агар ҳаёт бўлганларида, ҳозир ёнингда туришарди. Бечоралар урушиш нима эканлигини билишмасди. Паншахаларни кўтариб, қўлларига болта олиб югуриб чиқишди ва бекордан-бекорга нобуд бўлишди. Ўшанда қочиб кетишганида, кейинроқ қайтишганида… Мана, сен келаркансан. Эсиз! Тўғри, улар мард йигитлар эдилар, қочиш нималигини билишмасди. Қочишни ор билишарди… Нима қиламиз энди, пешоналарига шундай ёзилган экан», дейишди…
Шу куни Рисолат ҳам уни бошқача севди. Мағрурланиб севди. Ёпишиб олди. «Қўрққандим. Энди кўраманми-йўқми, деб ўйлагандим. Аммо сиз қайтиб келдингиз! Агар бўм-бўш қўл билан қайтганингизда ҳам кўнглим бир тоғ қадар кўтарилган бўларди. Лекин сиз, эҳҳе, қанча нарса билан келдингиз! Энди қишлоғимизнинг одамларидан ҳеч ким ўлмайди. Қишлоғимиз энди яшайди… Менга ҳам ўргатасизми ўқ отишни?.. Биласизми, мен сизни баттар қизғанаяпман… Бошқа қизларга ҳам эр топилар, тўғрими? Сизнинг битта ўзингиз бўлишингиз шарт эмас-ку, тўғрими?»
Ислом саволларига жавоб бермасидан олдин у яна савол берар ва яна ёпишиб олаверарди. Худди биров келиб, эрини ундан тортиб оладигандай…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.