Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (26-қисм)

— Нима бўлаяпти?! — сўради Абдужаббор худди хотини бир нимани биладигандай.
— Мен билмайман, отаси, — дея йиғлай бошлади аёл.
— Менимча, бизникилар нимадир қилишган. Ичим ёниб кетаяпти… Хотин, сен ўжарлигингни йиғиштир. Агар айтганимни қилмасанг, савдогар отангникига жўнайсан. Мен сени ҳайдаб юбораман. Гапимга қулоқ сол!..
Аёл ўтирди-да, юзини кафтлари билан бекитганча ўкириб йиғлашга тушди.
Худди шу пайт қишлоқ ичкарисидан от чоптириб келаётган одам кўринди.
«Бу энди ким бўлди?» дея кўнглидан ўтказди Абдужаббор ва отлиққа тикилди. Таниди. Абдуғани. Уни Мадаминбекнинг ёнига унинг ўзи отини бериб жўнатганди. Қайтибди. «Ишқилиб, янгилик бўлсин-да», дея умидланди, сўнг хотинига бақирди:
— Ўчир! Абдуғани келаяпти!
Аёл йиғидан тўхтади. Туёқ товуши келаётган томонга қаради. Салдан кейин Абдуғани етиб келди. Абдужабборнинг ёнида отни тўхтатиб, сакраб тушди-да:
— Аҳвол чатоқ! — деди ҳансираганча нафас олиб.
— Нима бўлди?! Нега чатоқ бўлади?! — дея сўради Абдужаббор кўзлари олайиб.
— Мадаминбек Ўш томонга кетибди!
— Ким айтди?!
— Йўлда бир одамни учратдим. У Мадаминбекни лашкари билан бирга кўрибди. «Ўшга кетишди улар», деди. Ундан кейин ўзим қизилларга дуч келиб қолдим. Бирор мингтача бор эди. Отлиғиям, пиёдасиям бор эди. Билишимча, ораларида мусулмонлар ҳам бор экан. Кўкдалага кетишаётганди. Улар мени кўришмади. Кўришган бўлишсаям, индашмади.
— Оббо! — дея бўшашганча ерга ўтирди Абдужаббор.
Бу пайтда чангалзор томонда портлашлар давом этаётганди. Кейин ора-чора милтиқ овозлари ҳам келиб турарди.
— Йигитлар сиз билан бирга, дейишди қишлоқнинг одамлари.
— Анави ёқда! — деди Абдужаббор кўзига ёш олиб. — Фақат сен билан мен бу ерда ўтирибмиз. Улар эса… Билмадим, нечтаси ўлган, нечтаси қолган. Менга қара, отни терлатиб қўйибсан-у, лекин ҳечқиси йўқ, ҳозир иккимиз отга мингашиб шу ёққа борамиз. Менинг қиличим бор. Сен янгангнинг қўлидаги болтани ол. Шаҳид бўлишни, жаннатга тушишни истайсанми?
— Албатта.
— Унда юр. Сен эса уйга бор, — деб хотинига юзланди Абдужаббор. — Мендан рози бўл. Кундошларингни кўрсанг, уларга ҳам айт, рози бўлишсин.
— Отаси?..
— Талоқ қилмасимдан айтганимни қил!..
— Хўп, — дея ниҳоят, кўнди аёл.
Абдужаббор билан Абдуғани отга мингашди. Абдуғани отнинг қорнига ниқтаган эди, у югуришга тушди.
Улар ҳали қишлоқдан юз қадамча ҳам узоқлашмаган эдилар, чангалзорда аланга кўринди. Иккисининг юраги баттар ёнди…
* * *
Аёл уларнинг ортидан кузатиб турарди. «Отаси! Ҳеч бўлмаса, энди ёнингизда Абдуғани бор-ку! Ҳар қалай, озми-кўпми кўнглим хотиржам. Илойим, тирик қайтинг. Мен сизга айтмагандим, аммо сиздан ҳомилам бор. Боламни кўришингизни истайман. Узоқ муддат болали бўлмадингиз. Бошқа хотинларингиздан бор. Қанчасининг бўйи етган. Иккитасини олдинги душман босқинида тупроққа топширдингиз. Аммо мен сизга ҳали туғиб бермаган эдим. Отажониси, тирик қайтинг. Болангизни қўлингизга олиб эркаланг!..»
У шундай дея ерга ўтириб йиғлай бошлади. «Мен, — деди йиғлаш асносида, — сиз қайтгунингизча шу ерда ўтираман».
У эри ва Абдуғани отда чангалзорга кириб кетгунича ўтирди. Сўнг эрининг олдидаги вазифасини эслаб қолди. Ахир у ҳомиласини эсон-омон сақлаши, дунёга келтириши керак. Душман қишлоққа келса, биринчи бўлиб у қўлга тушади. Агар ҳеч бир тўсиққа дуч келмаганида эди, душманнинг кўзи қонга тўлмасди. Ҳозир эса улар ғазаб отига минишган. Қишлоққа келса, кўринган одамни сўйишади. Кейин яна нима балолар қилишади, ёлғиз Худо билади. Аёл гўзаллигини ўзи ҳам яхши билади. Қадди-қомати ҳам келишган…
Унинг Қўқонда севган йигити бор эди. Оддий йигит эди у. Вокзалда қандайдир ишларни қилиб юрарди. Уйлари уларникига яқин эди. У йигитга болалигида унчалик ҳам эътибор бермаган. Кейин эса уни кўрса, ғалати бўладиган, уяладиган одат чиқариб қолди. Аммо йигитни жудаям-жудаям кўргиси келаверарди. Кейин отасининг бошига ташвиш тушди. Нималар бўлганини у билмайди. Бирдан: «Абдужаббор деган одамга эрга тегасан», деб қолишди. У йиғлади-сиқтади, бироқ у билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Ўраб-чирмаб аравага ўтқазишди-да, Бешкапа қишлоғига жўнатишди.
Келиб кўрса, кундошлари бор экан. Улар ёвқараш қилишди. Кейин: «Жудаям чиройли экан, ёш экан, бечорагина. Чол ўлса, тул қолади», дейишди. Шундан билдики, эри қари. Бир пайтлар Қўқонни сўраган отаси келиб-келиб уни қари бир чолга берибди. Нақадар даҳшат? Одам ўз боласини ҳам шунчалик ёмон кўрадими?! Боласи унинг учун оддий матодан ҳам баттарми? Дуч келган одамга бериб юбораверадими? Эҳтимол, отаси унинг учун эридан кўп пул олгандир…
У роса йиғлади. Кун йиғлади, тун йиғлади… Орадан бир кун ўтибгина эри чимилдиққа кирди. Шунда билдики, эри кундошлари айтганидай жуда чол эмас экан. Тўғри, ёши катта эканлиги кўриниб турибди. Аммо қартайиб, мункиллаб қолган, эрта-индин ўладиган чол эмас эди.
— Мен сенга уйланмоқчимасдим, — деди эри.
— Эртага жавобимни берасизми, уйимга кетаманми? — деди ёшгина келинчакнинг бирдан юзи ёришиб.
— Йўқ. Кетмайсан. Отанг менга: «Ёлғизгина сенга ишонаман. Агар қизимга сен эгалик қилсанг, эрта бир кун Хон мени жаллоднинг қўлига топширса ҳам кўнглим хотиржам бўлади», деди. Шунинг учун мен сенга уйландим, — деди Абдужаббор.
Келинчак титради. Рўмолининг учини маҳкам тишлади.
* * *
У асирларни йўл четига эмаклаб ўтишга, юзларини ерга босиб, қўлларини бошларининг орқасига қилишларига мажбурлади. Сўнг йигитларига ҳар бир душманнинг қўлларини орқасига чандиб боғлашни буюрди…
Асирлар юздан зиёд эди. Ҳали улар йигирма чоғли қишлоқ йигити беш юздан ортиқ аскардан иборат ҳарбий бўлинмани ер билан яксон қилганини билишмасди. Улар бутун бошли катта қўшин ҳужум қилди, деган хаёлда эдилар. Шу боис чўккалаб ўтирганларидан кейин ҳам бошларини кўтаришмади.
— Тириги бормикан? — дея сўради Ислом ўлганларни текширишга кетган бешкапалик тўрт йигитдан.
— Бор экан, лекин биз уларни ҳам жаҳаннамга жўнатиб қўя қолдик, — деб жавоб беришди йигитлар.
Ислом индамади. Сўнг асирларга бошларини кўтаришни амр қилди. Улар атрофга қараб, ажабланишди. Ўзларини ўраб турган йигитларни эринмасдан санашди: бор-йўғи йигирма икки киши. Даҳшатдан қотиб қолишди. Кейин: «Қолганлари ўзларини панага олишган. Буталар орасида ҳар бир ҳаракатимизни кузатиб туришибди. Агар биз сал ортиқча ҳаракат қилсак, отиб ташлашади. Аммо нима қилишади ўзларини панага олиб? Барибир, бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди», деб ўйлашди.
Худди шу пайт Абдуғани билан битта отга мингашган Абдужаббор келиб қолди. У олдин кўзларига ишонмади. Атрофда қанчадан-қанча душман аскарлари қонларига беланиб ётишибди. Яна юздан зиёди йўл четида бошларини эгиб ўтиришибди. Қишлоқ йигитлари эса уларнинг рўпарасида душманга милтиқ ўқталиб туришибди.
Абдужаббор отдан сакраб тушиб, қиличини қинидан суғурди.
— Ислом жиян! Буларнинг ҳаммасини сизлар… Ўзимнинг азаматларим! Ўзимнинг қаҳрамонларим! Менинг тушимга ҳам кирмаган эди… Бу итнинг болалари…
У шундай дея аста-секин асирларга яқинлаша бошлади. Унинг нима қилмоқчилигини ҳеч ким билмасди. Шу боис ҳамма, ҳатто асирлар ҳам тикилиб туришарди.
— Саид деган ўғлим бор эди, Темур деган ўғлим бор эди. Лекин ҳар икковини ҳам сен маразлар ўлдирдинглар! Абдуқаҳҳор амакимнинг ёшига қараб ўтирмадинглар! Мен уни оппоқ узун соқолли бошини алоҳида, танасини алоҳида кўмдим. Тўртта жиянимни зўрладинглар, бечоралар номусга чидаёлмай, ўзларини ўзлари ўлдиришди… Қўшним Толиббойни тепкилаб, ичини эздинглар, хотини бечорани сочидан тортиб судрадинглар, уйига ўт қўйдинглар! «Ҳаммаси изсиз кетади. Биз ҳеч нарсага жавоб бермаймиз», деб ўйлагандингларми?! Кўряпсанлар, йигирма бешта ҳам чиқмайди йигитларимиз, лекин сен тўнғиздан тарқаганларнинг мингтасини қора ерга тиқа олади! Аммо менинг аламим, ўчим бор!!!
Шундай дея бақирган Абдужаббор кўзларидан тирқираб ёш оққанча, асирга тушган душманларни худди пичан ўргандай, бошини танасидан жудо қилишга тушиб кетди. Унинг бундай қилишини ҳеч ким, ҳатто Ислом ҳам кутмаган эди. Бориб, Абдужабборни ушлаб қолгунича, у нақ бешта душманнинг бошини узди.
— Тўхтанг, тоға! Тўхтанг! Шошилманг! — деди Ислом унинг ортидан маҳкам қучоқлаб.
— Қўйвор мени, қўй!!! Аламимдан чиқайин! Болаларимнинг ўчини олайин! Қўйиб юбор мени!!!
Аммо Ислом қўйиб юбормади. Олдин қиличини тортиб олди, сўнг ўзини берироққа ўтказди.
— Тоғажон, буларнинг ҳеч бири тирик қолмайди. Лекин сиз уларга осон ўлим ҳадя қилаяпсиз! Илтимос, ўзингизни босинг! Озми-кўпми сўраб-суриштирадиган нарсаларим бор. Ҳеч бўлмаса, шунгача сабр қилинг! — дея Ислом тоғасининг юзига қаради.
Абдужаббор шу заҳоти бирдан жиянини маҳкам қучоқлади. Ўкириб йиғлаб юборди. Сўнг:
— Жиян, неча кунки, ухламайман. Неча кунки, азобланаман. Емайман, ичмайман! Дардим ичимга сиғмай кетаяпти! — деди кўзидан дув-дув ёш оқиб.
— Ҳамма қасдини олади, — дея тоғасининг кўнглини хотиржам қилган бўлди Ислом.
Шундан сўнг асирларга бирма-бир қараб чиқиб:
— Ораларингда мусулмонлар борми? — деб сўради рус тилида.
Тўрт киши «Мен, мен…» деди.
Ислом Улуғмуродни ёнига чақирди ва унинг қўлига наган тутқазиб:
— Қандай отишни сенга ўргатганман. Тўрталасини ҳам отиб ташла! — деб буюрди.
— Бола-чақамиз бор! Биз ҳали бирорта юртдошимизни ўлдирганимиз йўқ! Мажбурликдан қизилларга қўшилган эдик! — дея ялина бошлашди ўлимдан қўрққан сотқинлар.
— Отиб ташла! — дея бақирди баттар ғазаби келган Ислом.
Улуғмурод сира иккиланиб ўтирмади. Шартта бориб, кўзини чирт юмди-да, тўппончани бояги асирларга тўғрилаб, тепкини босаверди. Уларнинг тўрталаси ҳам ерга қулади.
Шундан сўнг Ислом Абдужаббор акага юзланди.
— Тоға, мен қишлоқ яқинида босқинчилар қабристони бўлишини истамайман. Буларнинг ҳаммасини шу ернинг ўзига кўмамиз. Энди эса сиз билан келган йигитни ортига қайтаринг. У бориб қишлоқнинг эркакларини чақириб келсин. Кимки жигарини йўқотган бўлса, ўшалар манави тирик қолган душмандан ўчини олсин, — деди.
— Ҳа, тўғри. Бу маразларнинг оёқлари бир марта бориб қишлоғимизни топтади. Яна боришларига энди йўл йўқ, — деди Абдужаббор, сўнг: — Абдуғани, бу ёққа кел! — дея сал нарироқда отнинг жиловини ушлаб турган йигитни чақириб, унга Исломнинг айтганларини тайинлади.
Шундан сўнг Ислом ўн нафар асирни кишандан озод қилиб, қўлларига аскарлар ўзлари билан олиб юрадиган калта белкуракни тутқазди-да: «Ўликларингга қабр керак. Тезда қазишга киришинглар!» деди. Айни пайтда ўзининг йигитларига қўли бўшатилган ҳар бир асирни диққат билан кузатиб туришни тайинлади. Ўзи эса нарироққа бориб ерга ўтирди. Ҳозир унинг боши тинимсиз ғувиллар эди. Сира фикрини жамлаёлмаётганди. Шу боис ўтирган жойида бошини қуйи эгди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.