Олий маълумот — муваффақият кафолати эмас. Оксфордни тамомлаган «овқат етказиб берувчи» ҳикояси

Бугунги глобаллашган замонда ҳатто Оксфордни тамомлаган, илмий даражаларга эга инсон ҳам ўз касбий фаолиятини топа олмаслиги мумкин. Бундай воқеа яқинда дунё матбуотида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Гап хитойлик олим, Дин Юаньчжао ҳақида бормоқда — у нуфузли Оксфорд университетида ўқиб, ҳозирда оддий овқат етказиб берувчи сифатида фаолият юритмоқда.
Дин Юаньчжао таълимни Хитойнинг энг етакчи университетларидан бири — Цинхуа университетида кимё йўналишида бошлаган. Кейинчалик у Пекин университетида энергетика муҳандислиги бўйича магистр, Сингапурдаги Нанъянг технология университетида биология бўйича PhD (докторлик) даражасини олган. Шу билан чекланмай, у Буюк Британиянинг Оксфорд университетида ҳам биомуҳитшунослик бўйича таълимни муваффақиятли якунлаган.
Дин бир неча бор турли илмий муассасаларга ҳужжат топширган, лекин ҳар сафар рад жавоби олган. Бу уни молиявий жиҳатдан мураккаб аҳволга солиб қўйди. Оқибатда, у овқат етказиб бериш хизматида ишлашга мажбур бўлган.
Унинг айтишича, ҳозирда у кунiga 10 соатча меҳнат қилиб, ҳафтасига тахминан 520–525 АҚШ доллари иш ҳақи олади. Аммо у ўз ишидан уялмайди ва бундай меҳнатни шараф деб ҳисоблайди.
Дин Юаньчжаонинг ҳаётга бўлган муносабати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Кўпчилик интернет фойдаланувчилари уни қўллаб-қувватлаб, “ҳақиқий инсон”, “сабр ва меҳнат тимсоли” сифатида тан олишди. Баъзилар эса бу ҳодисани замонавий таълим тизимининг иллатлари билан боғлашди.
Бу воқеа орқали Хитойдаги ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси яна бир бор кўзга ташланди. Охирги йилларда ҳатто энг нуфузли университетларни тугатган талабалар ҳам касбий иш топишда қийналишмоқда.
Минглаб ёшлар доимий иш ўрни топа олмаётгани сабабли, gig-иқтисодиёт — вақтинчалик ва хизмат кўрсатиш ишларига мурожаат қилмоқда. Овқат етказиб бериш, такси ҳайдовчилиги, чакана савдо каби соҳалар улар учун асосий даромад манбаига айланган.
Дин Юаньчжаонинг ҳаёти бизга муҳим дарсни эслатади: олий маълумот — муваффақият кафолати эмас. Ижтимоий мавқе ва шахсий қадриятлар эса фақат диплом билан эмас, балки инсоннинг меҳнатга бўлган муносабати ва ҳаётдаги позицияси билан белгиланади.
Ҳозирги кунда таълимнинг вазифаси фақат билим бериш эмас, балки ёш авлодни ҳаётга тайёрлаш эканини англашимиз керак. Сабр, меҳнат, амалиётга мойиллик — булар ҳам замонавий мутахассисга керак бўлган фазилатлардир.