Маскнинг сунъий идрокка асосланган Grok чат-боти Эрдўғанни ҳақорат қилгани учун Туркияда блоклаб қўйилди — Reuters 

Маскнинг сунъий идрокка асосланган Grok чат-боти Эрдўғанни ҳақорат қилгани учун Туркияда блоклаб қўйилди — Reuters 

Агентликка кўра, мазкур қарор чат-бот президент Ражаб Тоййиб Эрдўған, Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк ва диний қадриятларни ҳақоратловчи жавоблар бераётгани маълум бўлганидан сўнг қабул қилинган.

 

Анқара прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан тергов бошланганини маълум қилди. Reuters’нинг таъкидлашича, бу Туркияда сунъий интеллект томонидан яратилган контентга қўйилган илк тақиқ ҳисобланади.

 

The Insider маълумотларига кўра, ҳозирда Х платформаси ҳам, Grok ҳам Туркия ҳудудида ҳамон фойдаланиш учун очиқ ҳолатда.

 

Аввалроқ Илон Маск Грок чат-ботининг ишлаши «сезиларли даражада такомиллаштирилгани» ҳақида айтган эди. Янгиланиш эълон қилинганидан сўнг, нафақат Туркиядаги, балки бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчилар ҳам Grok тизимининг ғалати хатти-ҳаракатларини пайқанликларини билдиришган.

 

Grok чат-боти одамларга ҳақоратли сўзлар ёзиш, Адолф Гитлерни мақташ, антисемит иборалардан фойдаланиш каби ҳолатларни намоён қила бошлади. Бундан ташқари, Grok саволнинг ифодаланишига қараб, гоҳ Украинани қўллаб-қувватласа, гоҳ Россиянинг кенг кўламли босқини тарафдорларини ёқлаб чиққан.

 

хАi компанияси Grok’нинг сўнгги жавобларидан хабардор эканлигини билдириб, номақбул маълумотларни ўчириш бўйича фаол иш олиб бораётганини маълум қилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: