Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (27-қисм)

Асирларнинг тўқсон фоизи дошқурлар эди. Асли уларнинг мақсади қишлоқни талаш эди: қишлоқ одамларининг бор-будларини тортиб олиб, қўшимча бойлик орттириш эди. Аммо энди ўзлари мана бундай аҳволга тушиб ўтиришибди. Ўлим шарпасини янада яққолроқ сеза бошлашди. Қутулиб қолиш керак, нима қилиб бўлмасин, қутулиш керак. Акс ҳолда, бутун орзу-умидлари… Уларнинг орзу-умидлари нима ҳам бўларди? Қўқонга қайтиб боргач, у ердагиларга қандай қилиб қишлоқ одамларини ўлдирганликларини гапириб бериш, қандай қилиб қиз-жувонларни қувганликларини мақтаниш, ундан кейин ўлжаларини кўрсатиш; ҳов узоқдаги — Кавказдаги юртларига қайтиб бориб ўтирмасдан, шу ернинг ўзида уй-жой қилиб, давру даврон суриш эди. Бироқ буларнинг бари саробга айланди.
Абдужаббор бошини хам қилганча ўйга толган Исломнинг ёнига келиб ўтирди. Сўнг жиянининг елкасига қўлини қўйиб:
— Анави чўчқадан тарқаганларни нима қилмоқчисан? — деб сўради.
— Мен эмас, сиз, қишлоқнинг одамлари ҳал қилишади. Хоҳлашса, ўлдиришсин, хоҳлашса, қўйиб юборишсин, — деб жавоб қилди Ислом бошини кўтариб тоғасига қараркан.
— Ҳимм. Ҳаётда қўйиб юборилмайди. Агар бошқа замон бўлганида, қулдан баттар қилардим. Лекин буларни ёнингда сақлаб ҳам бўлмайди. Туришларини қара: заррача бўлсин илиқлик йўқ. Нафратингни қўзғайди. Башарасини деярли тўлиқ жун босган: совуқдан-совуқ. Камида ўнтасини ўзим ўлдираман. Лекин шундаям хуморим босилмайди. Тоғачаларинг азамат йигитлар эди. Эсиз, адашибман. Мен ҳам худди дадангга ўхшаб ҳаммасини Россияга ўқишга жўнатишим керак эди. Улар ҳам худди сенга ўхшаган яхши урушадиган йигитлар бўлиши керак эди. Улар ҳам юртини ҳимоя қилишни билишлари керак эди. Пулим, бойлигим етарли эди… Жиян, мен умримни яшаб бўлдим. Бу дунёнинг менга қизиғи қолмади. Лекин кетар чоғимда, болаларимнинг ёнига боришимдан олдин, ҳеч қурса, ўч оларканман, деб кўнглим таскин топгандай… Аммо сен қандай қилдинг? Буларни қара кўплигини. Милтиқлари бор. Сизларда эса сендан бўлак ҳеч кимда…
— Тоға. Ҳаммасини ҳали гапириб бераман. Кейин сиз сира ўлишга шошилманг, ҳали олдинда қиладиган ишларингиз жуда кўп, — деб кулиб қўйди Ислом ва ўрнидан туриб, ҳали-ҳамон ўзига келолмай ўтирган душманнинг ёнига борди.
— Мен бир нарсага тушунмаяпман, — деди калласи катта дошқур, — сиз катта қўшин эмасмидингиз?
— Йўқ. Бор-йўғи мана шунча одам эдик. Ўлганингдан кейин ҳаммасини тушунтириб берадиганлар олдингга келишади. Энди ўрнингдан тур.
— Лекин менинг қўлим боғланган, туролмайман.
— Жағингга тегадиган тепки, балки, ёрдам бериб юборар.
Дошқур билдики, бу йигит билан ҳазиллашиб бўлмайди. У айтдими, бажариш керак. Акс ҳолда, шунчаки бўйнига қилич урса, олам гулистон. Шу боис ўрнидан турди ва билдики, уларнинг шу кўйга тушишига асосий сабабчи бўлган рақиб ундан бир қарич калтароқ экан.
— Мен билан юр. Нарироққа ўтайлик, гаплашиб оламиз, — дея унга нафрат билан қаради Ислом. Сўнг йўлнинг бошқа томонига юра бошлади. Дошқур унга эргашишдан олдин тирик қолган ва ўзини кузатиб ўтирган шерикларига қараб қўйди.
Улар йўлнинг нариги томонига ўтганларидан сўнг:
— Ўтир, — деди Ислом ва олдин ўзи ерга ўтириб олди.
Дошқур учун жуда қулай пайт эди. Ҳозир бир тепса, душмани ўзини ўнглолмай қолади. Пайтдан фойдаланиб, қочади. Қўли орқасига чандиб боғланган бўлса нима қилибди? У тез югуради. Қадамлари ҳам катта. Бунинг шериклари ўзига келиб, нима бўлганини тушунгунча, у узоқлаб кетади. Агар бу ерда қолса, уни ўлдиришлари тирик қолдиришларига нисбатан аниқроқ.
У миясига келган ўйдан хурсанд бўлди. Хурсандчилиги юзига кўчди.
Душманнинг ҳар қандай ҳаракатини уқиб олиш ўргатилган Ислом ундаги ўзгаришни бирдан сезди ва бу нима аҳмоқлик қиларкан, дея кутди. Ҳар иккисининг хаёлидаги ўйлар оний лаҳзаларда содир бўлди.
Дошқур Исломнинг бошини мўлжал қилиб, бор кучи билан тепди, аммо негадир оёғи ҳеч нимага тегмай, осмонга кўтарилди. Кўтарилганини ўзи ҳам кўрди ва мувозанатини йўқотиб, орқасига гурсиллаб йиқилди. Бахтга қарши, худди ўша жойдан ёввойи жийданинг томири чиқиб турган экан. Шунчаки чиқиб турган бўлса, майли, бир қисми нимадир сабаб билан узилиб, қуриган экан. Дошқур шўринг қурғурнинг бели — айнан умуртқаси худди ўша қуриган ёввойи жийда томирининг устидан тушди. Дошқур ўкириб юборди. Шу ўкиришда ўпкасидаги ҳамма ҳаво ташқарига чиқиб, қайтиб нафас ололмай қолди. Ўзи кўзи пиёладай, бунақа ҳолатда кўзлари гўё косага айланди, кўкраги ердан уч қарич кўтарилди. Худди шу пайт Ислом унинг кўксига бир мушт урди. Дошқурнинг нафас йўллари шу заҳоти очилди.
— А-а-а! — дея овоз чиқариб ётиб қолди у.
— Билмаган-танимаган одамингга ҳамла қила кўрма, нақ онангни кўрасан! — деди Ислом ўтирган жойида.
Дошқур бирпас ҳансираб нафас олганча ётди, кейин кўзини очиб:
— Нима бало қилдинг? — деб сўради.
— Бало сенда бўлади. Гапир, нега бу ёққа келаётгандиларинг, мақсадларинг нима эди?
— Мен ҳеч нарсани билмайман. Мен оддий аскарман. Мен фақатгина буйруқни…
— Бекор айтибсан. Сен менинг кимлигимни билмайсан, лекин мен сени биламан. Битта қўмондонинг ўлди, иккинчиси қочиб кетди. Учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи бошлиқчаларнинг даражаси бир хил. Шулардан биттаси сенсан. Азобланиб ўлишни истамасанг, саволларимга жавоб бер.
— Шу қишлоқ томонга кетган бўлинма йўқолиб қолди. Улар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Мақсадимиз уларни топиш эди. Агар Мадаминбек жангарилари…
— Улар жангарилар эмас, босмачилар ҳам эмас. Сенлар ўзларингнинг «мартаба»ларингни уларнинг бўйнига қўймаларинг. Давом эт.
— Хуллас, уларга ким ҳужум қилганини аниқлаштириш ва уларни йўқ қилиш эди мақсадимиз.
— Неча киши эдинглар?
— Беш юз қирқ саккизта.
— Қўқондаги қўшин сони қанча?
— Аниқ билмайман. Битта полк бор.
— Қурол-яроғи…
— Аниғини билмайман. Лекин тўплар, пулемётлар бор. Ҳар бир аскарнинг милтиғи, гранаталари бор.
— Яна қаерда полклар бор?
— Андижонда, Марғилонда.
— Билганинг шуми?
— Шу.
— Айтганларингнинг бирортаси ҳам мени қизиқтирмайди.
— Лекин сени қизиқтирадиган нарсаларни ҳам биламан.
— Билсанг, айт.
— Айтмайман. Айтишим учун тирик қолишим керак. Мен бир нарсадан сени хабардор қилиб қўяман.
— Гапир.
— Сени ҳамма жойда қидиришяпти.
— Менинг кимлигимни сен қаердан биласан?
— Бутун бошли эшелонни йўқ қилиш сендан бошқанинг қўлидан келмас эди.
— Нима, мен ўшаманми?
— Ўшасан. Йўқса, атрофингдаги саккизта одам билан бизни енголмасдинг.
— Сен ҳаммани кўрмадинг.
— Мени тирик қолдирасанми?
— Йўқ. Менинг қўлимда эмас. Қишлоқнинг эркаклари келишади. Бундан олдин қизиллар қишлоқни обдан талашган. Шунинг эвазига қишлоқдошлар сенга ва сенинг шерикларингга ҳукм ўқишади.
— Лекин мен сени қидиришаётганини айтдим-ку.
— Сенсиз ҳам биламан. Ундан кейин ўша азамат битта ўзи қилмагандир бу ишни. Балки, уларга ҳам қандайдир катта қўшин ҳужум қилгандир. Нима, сен мени кўрганмидинг?
— Йўқ, бизга хабар келди. Сен тирик қолдирганлардан биттаси, ўша эшелонга бошлиқ бўлиб келаётган офицер Қўқонга етиб келди. Революция ҳаққи-ҳурмати, барини гапириб берди. Сенинг бўйинг, гавданг тузилиши, юзинг ҳақида гапириб берган у.
— Унинг ўзига кейин нима бўлди?
— Ҳарбий трибунал отиб ўлдиришга фармон берди ва ҳукм ижро этилди.
— Билардим шундай бўлишини. Аҳмоқлик қилибди у. Энди шерикларингнинг ёнига бор. Кут! Ўлимингни кут!
— Барибир ўламанми?
— Барибир. Бор, кўзимдан йўқол! Акс ҳолда, мени тепмоқчи бўлганингнинг жазосини бериб қўйишим мумкин.
Дошқур худди бечорадай, жонсиздай инқиллаб ўрнидан тура бошлади. Исломнинг ғаши келди. Туриб, биқинига бир тепган эди, кутилмаганда дошқурга жон битиб қолди. У шоша-пиша ўрнидан турди.
— Йўқол, исқирт, — деди унга Ислом.
Дошқур кетиши билан Абдужаббор келди.
— Нималарни сўрадинг? — деди у.
— Буларнинг ўрнига қасос олиш учун келиши мумкин бўлганларни. Деярли ҳеч нарсани билмайди. Унинг айтганларини шунчаки тахмин қилиб билиб олиш қийин эмас.
— У сени тепмоқчи бўлдими?
— Буларнинг асли чўчқадан фарқи йўқ…
— Бунисини билиб бўлдим. Аммо сен қандай қилдингки, у ўзидан-ўзи гурсиллаб йиқилди?
— Олти йил ўқидим. Олти йил ўргатилдим.
— Менга қара, анча қурол йиғилиб қолибди. Бориб кўрдим. Балки, ҳамма иш битганидан кейин қишлоқнинг ҳимоясига қандайдир…
— Фақат битта қишлоқ билан масала ҳал бўлиб қолмайди, тоға. Осон эмас. Бориб Мадаминбекка қўшилиш керак. Душманни битта қолдирмай қувиб чиқармасдан бурун бир нарсага эришишнинг сира иложи йўқ. Улар жудаям катта куч. Манавилар кутилмаган зарбага дуч келишди. Аммо қолганлари билан бундай бўлмайди, тоға.
— Ҳа, ҳаммасига, аслида, ўзимиз айбдормиз. Хон, унинг атрофидагилар, беклар, хоннинг уруғ-аймоғи ўзларининг маишатлари учун юртни сотди. Ундан кейин ҳали оқ подшонинг лашкари келмай туриб, халқнинг қонини шунчалик ичишдики, халқ шу хондан қутулиш учун ҳар нарсага тайёр бўлиб қолди. Аслида, Чор Россиясиям, манави қизил газандалар ҳам бизга жазо сифатида берилди. Эй, шўримиз қурсин, охири шу кўйга тушиб қолдик.
— Тоға, ҳали ҳамма умид ўлгани йўқ. Ҳозирча бор.
Кўп кишилик қабр тайёр бўлишига Абдуғани етиб келди. У худди остидаги оти каби терлаб-пишиб кетганди.
— Абдужаббор ака! Абдужаббор ака! — деди тулпоридан сакраб тушиб.
Ваҳоланки, Абдужаббор уни кўриши билан ёнига югурганди. Шунга қарамай бақирди у.
— Нима гап? Нима қилиб келдинг?! — дея сўради Абдужаббор ҳовлиқиб.
— Бориб айтдим. Олдин гапларимга ишонишмади, кейин югуриб кела бошлашди. Жамол ака бор-ку, ўша уларнинг ҳаммасини Афғонистонга олиб кетмоқчи бўлиб турган экан. Маслаҳат шундай бўлаётган экан. «Бўлмаса, худди бошқа қишлоқларнинг одамларидай баримиз қирилиб кетамиз», деяётган экан…
— Гапни чўзма, келяптими, йўқми?
— Келишяпти.
— Унда, Абдуғани, сен даланинг бошига бор, — деди Абдужаббор ён-атрофига аланглаб. — Одамлар ҳозир ҳеч нарсадан қайтишмайди. Уларни озроқ шаштидан тушир, сал-пал ўзларини босиб олишсин.
— Шу гапни яхши айтдингиз, тоға. Энди қизилларнинг ўликларини гўрга ташлаш керак. Ҳаракат қилсак, одамлар келгунича улгурамиз.
— Бўлди, қани, юринглар, — деди Абдужаббор қишлоқнинг йигитларига.
Аммо қишлоқнинг йигитларидан бошқа таклиф бўлди. Улар ўзларини бир хўжайиндай кўришни исташди. «Буларнинг бошимизга солганини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ҳатто шундай бўлдикки, ўлигига тегинишга ҳам жирканамиз. Бир аҳволларини кўрайлик, биродарининг ўлигини кўтариш қанчалик оғир дардлигини булар ҳам ҳис қилишсин», дейишди.
Уларнинг сўзлари Абдужабборга ҳам, Исломга ҳам маъқул тушди. Шундай бўлса-да, Ислом: «Сизларда юрак бор, лекин буларнинг қалби йўқ. Кўрасизлар, бир тукиям қилт этмайди», деб огоҳлантирди.
Унинг айтганидай бўлиб чиқди. Ўликларни кўтаришаётганида, тирик аскарларнинг бир туки ҳам қилт этмади. Улар ҳатто мурдаларни қазилган қабрга шунчаки улоқтириб кетаверишди. Ахир ортиқча юкдан тезроқ қутулишни исташарди.
Қолаверса, ҳаммасининг қўллари бирдан ечилмади…
— Кўрдингизми? — деди Ислом тоғасига. — Бир деганда биродарини эсидан чиқарди булар. Шундай экан, умуман яхшилик чиқмайди ҳеч биридан. Кейин анави мени тепмоқчи бўлгани ҳам имтиҳондан ўтди. Тўғрироғи, ўтолмади. Демакки, бошқаларининг ҳам ундан тирноқчалик фарқи йўқ. Имкон бўлди дегунча, сизга зиён етказиб қочиб қолади. Бу — асирликда сақлаб бўлмайди, дегани.
Қишлоқ одамлари чанг-тўзон кўтариб етиб келишди. Қочаётганларида ҳатто қариялар чарчаш нималигини билишмаганди. Ўч олгани келаётганларида ҳам ҳеч ким чарчамади. Сўкиниб-сўкиниб келишди, қарғаб-қарғаб келишди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.