Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (28-қисм)

Уларнинг йўлларини йигитлар тўсишди. Аммо қишлоқ одамлари тўхтагиси йўқ эди. Шу келишнинг ўзидаёқ асир тушган душманни янчиб-топтаб ўтиб кетишни исташарди!
— Шошманг! — дея ҳайқирди иккала қўлини ҳам осмонга кўтарган Абдужаббор. — Бир нарсага келишиб оламиз!
— Нимага келишасан, нимага?! — дея унга дўқ урди энг охири етиб келган етмиш беш ёшли, оппоқ соқоли кўксига тушган, ялангоёқ Ғиёсиддин чол. — Бу онаси чўчқа туққурлар, оиламдагиларнинг ҳаммасини ўлдиришди ўзимдан бошқа! Энди нимани гаплашиб оласан? Қўйиб беринглар, ўзим ҳаммасини чавақлаб ташлайин!..
У гапириш асносида йиғлади, қўллари, лаблари титраб йиғлади.
— Молга моллик, чўчқага чўчқалик қилинмайди-ку, тўғрими? — деди Абдужаббор.
— Қилинади. Ҳеч ким қилмасаям, мен қиламан. Сен иккитагина ўғлингдан айрилдинг. Хотинларинг бор, яна болаларинг бор. Мен-чи?.. Мен энди кимман, энди менинг кимга керагим бор? Мен шу дунёга қандай келган бўлсам, худди шундай ўзимдан битта ҳам зурриёт қолдирмасдан ўтиб кетаяпман. Абдужаббор ука, йўлимни тўсма! Лекин бизникиларга, қишлоғимизнинг азамат йигитларига офарин!.. Эҳҳе, анави катта чуқур гўрми? — дея Ғиёсиддин чол қалтираган кўйи Абдужабборнинг ёнидан ўтди, бир-бир қадам босганча катта қабрга яқинлаша бошлади. — Қалай бўларкан, сенлар ҳам бизнинг аҳволимизга тушаркансанлар-ку! Сенлар ҳам энди гўрда чириркансанлар-ку! Ҳа, ана кўрдингми?! Кўрдингми?..
Чол гўё ўзи билан ўзи гаплашаётгандай эди. У қабр лабига борди. Кўзлари қувнади. Сўнг:
— Ўлай агар, бировнинг лаҳадда ётганини кўрсам, қувонаман деб сира ўйламаган эдим. Лекин қувонса бўларкан! — деди чол ва ортига ўгирилиб: — Уйимдаги ҳамма нарсамни қишлоғимнинг жасурларига атадим! — дея ҳайқирди.
Бутун қишлоқнинг одамлари ва ҳаттоки асирлар ҳам уни кузатиб туришган эди. Аёллар бирдан йиғлашга тушишди. Сўнг Фотима… Шаддод, тўлачадан келган Фотима уч кун олдин эрининг қонга беланган жасадини тупроққа топширган эди. Эрини шундоққина ҳовлисида ўлдиришди. Худди манави серсоқол узун бурунга ўхшаш бадбахт ўлдирди. Отиб ташлади… Фотима секин эгилиб, ердан тош олди. Сўнг ҳеч ким кутмаганида, қўлидаги тошни асирларга қарата отди. Ана шундан кейин аёллар, ёш болалар ердан тош излашга тушиб кетишди. Дарров топишди. Илло, бу ерда тош кўп эди. Жанг қилган йигитлар уларни тўхтатишга уринишди. Бироқ сира иложи йўқ эди. Отилган тошлар асир дошқурлардан бирининг елкасига тегса, бошқасининг бошини ёрар эди. Аёллар йиғлар, айни пайтда душманни қарғар ва баттар авжга чиқишарди. Охири йигитлар уларнинг олдини тўлиқ тўсиб олишди.
— Ҳамма нарса тушунарли! Гапимни эшитинглар: ҳар бир оиладан бир киши вакил бўлиб чиқсин. Агар оиланинг эркаги бўлмаса, аёлларимиз одам ўлдиришларига йўл қўймаймиз. Аёллар ҳатто ўлдирилаётган душманни ҳам кўрмаслиги керак. Улар орқасига ўгирилиб туради. Ҳов аёллар, биз сиз учун ҳам ўч олаяпмиз! — деди Абдужаббор.
Шундан сўнг асирларнинг ҳаммаси оммавий қабр ёнига олиб борилди. Уларнинг қаршисида биттадан эркак турарди. Беш-олтита ёш болалар ҳам дошқурларни ўлдирмоқчи эдилар. Бироқ уларга ҳам рухсат тегмади.
Ишни энг аввал Абдужабборнинг ўзи бошлаб берди. Қаршисида турган турқи совуқ душманнинг елкаси билан бўйни аралаш қилич урди. Буни кўрган бошқалар ҳам жон-жаҳдлари билан қилич, ханжарларини ишга солишди.
Оҳ-воҳ, бақир-чақирлар эшитилди…
Даҳшатли воқеа содир бўлди. Энг ачинарлиси эса душманнинг йўқ қилинаётганини кўрган ёш-ялангларнинг бир туки ҳам қилт этмади. Илло, бундан олдин қизиллар қандай қилиб ўзларининг оталарини, акаларини, опа-сингилларини ўлдирганларини кўришганди… Ҳа, энди улар бундай нарсалардан қўрқишмайди. Кўзлари пишиб бўлди. Агар биров ҳозир қўлларига милтиқ берса, тап тортмай душманнинг пешонасидан отиб ташлайверишади…
Асирлардан бирорта ҳам тириги қолмади. Ҳаммаси умумий қабрга қулаб тушди. Шундан сўнг аёллар қарғаниб, эркаклар ғазаб ва нафрат билан уларни кўмиб ташлашди.
Ҳамма ортга — қишлоққа қайтди. Барчанинг боши хам эди, ҳамманинг кўнгли тўлмаган эди. Барибир, улар қониқмаган эдилар. Улар йиғлашарди. Ўзларидан ўтганларни эслаб йиғлашар эди.
Ислом ҳаммадан орқада қолди. У одамлар кетганидан кейин бир муддат ерда ўтирди… Энди, ҳеч бўлмаганда, битта шошилинч бўлинма тузиш керак. Акс ҳолда, бу қишлоқлар қайта-қайта вайрон этилаверади. Охири бориб, катта эҳтимол билан, бу қишлоқларда одам зоти қолмайди. Аммо душманга қарши туриш учун катта қўшин керак. Бу Мадаминбекнинг ёнига бориш керак дегани. «Шундай қиламан. Аммо шошма, агар мен ҳозир кетсам, қочиб кетган қўмондон ўринбосари Қўқондан ёрдамчи куч билан қайтиб келса, ана ундан сўнг ҳеч бир қаршиликсиз қишлоққа кириб боради-ку. Ундан кейинги воқеаларни ҳатто тахмин қилишга одам қўрқади, эти жунжикади».
У ўрнидан турди. Ана шунда олдинда кетаётган тоғаси тўхтаб, ортига ўгирилди. Ҳайрон бўлди, сўнг изига қайтди.
— Нимага турибсан? — деб сўради Исломдан.
— Ташвишимиз катта, тоға. Бир лаҳза ҳам хотиржам ўтиришга вақтимиз йўқ. Ҳали айтдим мен сизга душманнинг қайтишини. Шунга тайёргарлик кўриш керак. Одамлар эса уйларига кетишяпти. Мен уларни тўхтатишни ҳам, тўхтатмасликни ҳам билмайман, — дея жавоб қилди Ислом.
— Тўхтайди. Ким керак бўлса, ўша сен билан бирга қолади. Сен қаерга десанг, шу ерга боради. Нима иш буюрсанг, барини бажаради.
— Унда, тоға, мен билан бирга уришганларнинг ҳаммасини қайтаринг.
— Хўп, — деди Абдужаббор ва кетаётганлар томонга югурди. Шу югуриш асносида: «Тўхтанглар! Шошмай туринглар!» деб бақирди.
Ҳамма тўхтади. Ҳамма у томонга ўгирилди.
Абдужаббор ҳансираганча уларнинг ёнига етиб борди. Сўнг:
— Ёшларнинг ҳаммаси қолсин, қолганлар уйларига кетаверишсин. Худо хоҳласа, қишлоғимизни тинч-осойишта қиламиз, — деди Абдужаббор чуқур-чуқур нафас олиб.
— Менга қара, — дея сўз бошлади гарчи ёши Абдужабборникидан катта бўлса ҳам соқолига оқ ораламаган Йўлдош исмли чол, — шу ишни бекор қилдинглар!
— Нимани? — деб сўради Абдужаббор ҳайрон бўлиб.
— Менга қара, қизилларни қутуртириб юбординглар! Нима, уларнинг қанчалик кучлилигини билмайсанми?! Сенинг умринг шаҳарда ўтарди. Кўрардинг уларнинг қанчалик кўплигини. Тиш-тирноғигача қуролланганини. Бизда нима бор? Аввал тўртта паншаха эди. Энди, ана, бор, беш юзта милтиқли бўлиб олдик. Шу билан қаёққа борамиз? Айт, қаёққа?! Эрта бир кун улар катта куч билан бостириб келса, йигирмата йигитинг нима қилиб бера олади? Билдим, ҳаммасини жиянинг қилди. Бу болаларнинг қўлларидан эплаб битта милтиқни отиш келмайди! — деб бақирди Йўлдош чол Абдужабборга.
Негадир Йўлдош чолнинг уйидан ҳеч ким ўлмаган эди. Яна унинг уйи талон-торож ҳам қилинмади. Ўртада қолиб кетди. Шу пайтгача бунга биров эътибор бермади. Эътибор беришга вақтлари ҳам бўлмади. Ахир озмунча аза бўлдими? Озмунча қайғу бўлдими?..
— Нима, анави гўрга кириб кетганлар қишлоққа шунчаки келиб кетишармиди? Олдингилари нима қилишганди?! — деди Абдужаббор унга кўзини олайтириб.
— Биринчи келишда ҳар доим шундай бўлади! Улар босмачилар бор деб ўйлашган ёки босмачиларни таъминлаб туришибди, дейишган. Чунки қишлоғимизнинг одамлари савдогар эканликларини, бошқа қишлоқ одамларига нисбатан бой эканликларини ҳамма билади.
— Босмачи?! Ким у?!
— Нима, билмайсанми босмачининг кимлигини? Мадаминбекнинг жангарилари қанчадан-қанча қишлоқни…
— Далил билан гапир, аблаҳ! Менга қизилларнинг гапларини гапирма! Келгиндилар, бор-будимизни тортиб олганлар, аёлларимизни хўрлаб, болаларимизни ўлдирганлар оппоғ-у, юрт учун куйиб-пишганлар босмачи бўлиб қолдими?! Мадаминбек қайси қишлоқни босиб олибди?! Гапир!
— Биринчидан, сенсирама, ёшим сеникидан анча катта. Иккинчидан, жиянинг иккаланг қутуртирдинг қизилларни…
— Шошма, нега сенинг уйинг бус-бутун? Молингга бир мисқолча зарар етмаган…
— Мен қаердан билай? Бор, босмачиларгами, қизилларгами айт. Фалончининг ҳамма нарсаси аввал қандай бўлса шундайлигича турибди де! Келишсин-да, мениям кафангадо қилиб кетишсин! Энди сенларнинг анави ишларингдан кейин қилишадиям. Суф-э, сен билан гаплашганнинг ўзи аҳмоқ!..
У шундай деб қишлоқ томонга шитоб билан юриб кетди. Абдужаббор унинг ортидан ғазаб, алам билан қараб қолди.
У Йўлдош билан гап талашаркан, Ислом етиб келди.
— Шу пайтгача қизиллардан ҳеч ким яхшилик кўрмаган. Айниқса, уларнинг дошқурлари ўтакетган очофат… Уларга қарши туриш, йўқ қилиш мумкин. Фақат бунинг учун қўлни қўлга беришимиз керак. Тезликда одам йиғиш керак. Тўғри, йигирма чоғли одам билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Аммо бошқа қишлоқларга ҳам одам юборсак, уларнинг ҳам йигитларини жамласак, тайёргарлик кўрсак, душман оёғини қайтиб босолмайди, — деди Ислом.
— Сен айт, нима десанг, ҳаммасини қиламиз.
— Боя айтганимдай, қуруқ қўл билан урушга чиққанлар қолсин. Қолганлар уйларида дуо қилиб туришсин. Яна қурол-яроғдан ташқари, бизга отлар ҳам ўлжа бўлди. Сиз, тоға, бошқа қишлоқларга чопар жўнатинг. Биз шу ерда тайёргарликни ҳозирдан бошлаймиз. Ҳа, айтганча, йигитларнинг қоринлари тўқ бўлиши керак.
— Топамиз, — деди Улуғмурод, — бугун-эртага етарли овқат бор. Балки, яна беш-олти кунга ҳам етар. Чунки анави қизилларнинг халталарида анча-мунча нарса бор экан. Мен биттасиникини кўрдим… ҳамма нарса бор. Падар лаънатилар одамлардан тортиб олганларининг барини ўзларининг қопларига тиқишаркан: қотирилган, дудланган гўштлар… Қуролларни, отларни олдик, лекин уларнинг қопларига биров эътибор бермади.
— Ана, муаммо ҳал бўлибди, — деб кулди Ислом.
Кейин у кечирим сўради. «Мен бехосдан келиб қолдим. Мен, аслида, тоғамникига келмоқчийдим. Сизда одам кўп экан, аммо бизда деярли ҳеч ким қолмаган. Агар учта чол, учта ёш бола ва хотин-халажни инобатга олмаганда, қишлоқ бўм-бўш», деди. Кейин қишлоғига келган куни ўзини уйлантириб қўйишганини, кексаларнинг мақсади қишлоқда эртароқ одам кўпайтириш эканлигини ҳам яшириб ўтирмади… Сўнг ўзининг Англияда ўқиганлигини айтди. Гарчи қишлоқ одамларининг тўқсон фоизи савдогар бўлса-да, Англия қаерда эканлигини кўпчилик билмас эди. Билганларнинг эса кўзлари чақнади.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.