Бахтиёр, дўстим. Арини уясига тегинибсиз!..

Бахтиёр, дўстим. Арини уясига тегинибсиз!..

                              СЕРГЕЙ ЕСЕНИН – ЎЗБЕК МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИГА БЕГОНА ШОИР
Сергей Есенин (1895–1925) — рус адабиётида “инқилобий-романтик” йўналишда фаолият юритган, табиат, ватан, руҳий изтироб ва индивидуализм мавзуларини куюнчи рус шоири ҳисобланади. Аммо сўнгги йилларда унинг ҳайкалини Ўзбекистон ҳудудида, хусусан, Тошкент шаҳрида ўрнатиш бўйича фикрлар билдирилмоқда. Бу эса савол туғдиради: Есениннинг фалсафаси ва ҳаётий йўли ўзбек менталитетига мос келадими?
1. Есенин дунёқараши: Алкоголизм ва иррационал ҳаёт
Сергей Есенин ўзининг турмуш тарзи билан ижодидаги руҳий курашни акс эттирган. Унинг шахсий ҳаёти алкоголизм, депрессия, зинолар ва охирида ўз жонига қасд қилиш билан якунланган. Бу ҳолатлар ўзбек маънавиятида қаттиқ қораланадиган ҳолатлар ҳисобланади.
Ислом ва ўзбек урф-одатларига кўра, ичкиликбозлик ва ўз жонига қасд қилиш — катта гуноҳ ҳисобланади. Бундай шахснинг шахсий ҳаёти маънавий ибрат сифатида кўрсатилиши мақсадга мувофиқ эмас.
2. Есенин ижодиёти: Худбинлик ва фалсафий бошбошдоқлик
Унинг шеърлари кўпинча фақат ўз қалб изтироблари, шахсий ҳаётдаги изтироб ва йўқотишларга бағишланган. Уларда ижтимоий масъулият, уммат манфаати, ахлоқий тарбия мавзулари деярли учрамайди. Масалан, унинг машҳур «До свиданья, друг мой, до свиданья…» шеърида ҳатто вафотини ҳам эстетик романтизмда тасвирлайди.
Бу каби ғоялар ўзбек халқининг ўзаро эҳтиром, оила қадрияти, жамоатчилик манфаати ва ижтимоий масъулият тамойилларига зид.
3. Есениннинг диний муносабати: Худосизлик ва метафизик ҳаяжон
Есенин бир неча шеърларида Худо билан “муноқаша” қилади, ёки ўзини руҳий гўзаллик орқали “мағрур инсон” сифатида кўрсатади. У ортодоксал христианликдан четлашган ва баъзан ҳатто ниҳилистик руҳда шеърлар ёзган.
Мисол: “Если есть черт в цветастом аду — это мой веселый нрав” каби сатирик ифода унинг диний ва ахлоқий нуқтаи назаридаги қарама-қаршиликларни намоён этади.
4. Ўзбек менталитети ва адабий анъанаси
Ўзбек адабиёти ва маданияти фақат эстетик эмас, балки ахлоқий ва маънавий тарбияга асосланади. Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Эркин Воҳидов сингари адиблар ижоди миллий руҳ, мафкура, ақидавий барқарорликни тарғиб қилади. Есенин эса фақат шахсий изтиробни тарғиб қилувчи, жамоавий эмас, индивидуал руҳдаги шоир сифатида ўзбек халқ онгидан йироқ туриши турган гап.
5. Ҳайкал масаласи: Эстетикми ёхуд мафкуравий таҳдидми?
Тошкент шаҳрида Есенинга ҳайкал ўрнатиш, айниқса, жамоат жойларида, давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда амалга оширилиши, миллий руҳиятга мафкуравий бегона ғояларни сингдириш хатарини келтириб чиқаради. Бу ўз навбатида:
• Маънавий арзимасликни эстетика деб кўрсатиш;
• Ҳақиқий ўзбек ва исломий қаҳрамонларнинг эътибордан четда қолиши;
• Ёшларда ичкиликбоз ва ноумид руҳиятни романтик сифатида қабул қилишга олиб келиши мумкин.
Хуллас, Сергей Есенин — адабий салоҳиятга эга бўлган, лекин ўзбек менталитети ва маънавий тизимига бегона шоир. Унинг шахсий ҳаёти, дунёқараши ва ижоди халқимиз маънавиятида асосий ўрин тутувчи эътиқод, умид, ватанпарварлик ва ахлоқ масалаларига қарши туриши мумкин. Шу боис, Тошкент шаҳрида ёки бошқа жамоат жойларида Есенинга ҳайкал ўрнатиш, уни тарғиб этиш – идеологик хатар манбаи ҳамда Россиядан қўрққанимизни ифода қилиб хизмат қилиши эҳтимоли юқори.
Ўзбекистонлик муҳожирлар Россияда хўрланаётганда — нега рус шоирига ҳайкал ўрнатиш керак бўлиб қолди?
1. Иккиюзламачиликнинг рамзи сифатида
Бир томондан:
• Минтақада миллий ғурур, маънавият ва мустақиллик ҳақида қаттиқ нутқлар ўқилади.
• Россиядаги минглаб ўзбекистонлик муҳожирлар меҳнат бозорида қулдай эксплуатация қилинаяпти, полиция томонидан камситиляпти, баъзи ҳолларда ҳатто шафқатсизлик қурбонига айланяпти.
Бироқ шу пайтда:
• Ўша халқ (рус) маданияти вакилларига — хусусан, Есенин каби шубҳали дунёқарашли шоирларга ҳайкаллар ўрнатиш — бу маънавий иккиюзламачилик ва миллий худбинликдан воз кечиш белгисидир.
2. «Маданият» ниқобидаги таъсир сиёсати
Бу турдаги ҳайкаллар оддий эстетик намойиш эмас. Улар:
• Тарихий ва сиёсий ёдгорлик сифатида жойлаштирилади;
• Жамоатчилик онгида маълум ғояларни илҳомлантиради;
• Яширин «маданий ҳукмронлик» (cultural dominance) таъсирини кучайтиради.
Россия ўз софт-пауэрини, яъни маданият орқали таъсирини шу каби ҳайкаллар орқали амалга оширади. Бу — маданият орқали геосиёсий таъсирнинг бир шаклидир.
3. Есенин — меҳнаткашларга ҳурмат рамзими?
Йўқ. Есенин:
• Муҳожир ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилмаган;
• Исломий қадриятларга ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ;
• Ўз ҳаётини депрессия, алкоголизм ва ўз жонига қасд қилиш билан якунлаган.
Бунинг ўрнига ўзбек миллатини ифодаловчи:
• Жадид боболар,
• Мунаввар қори,
• Чўлпон,
• Абдулла Қодирий,
каби шахсларнинг ёдгорликларини кўпайтириш — маънавий адолат ва миллий ғурур тимсоли бўлиши мумкин эди.
4. Халқ руҳига зид қарорлар
Агар:
• Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми меҳнат муҳожирларидан иборат бўлса,
• Улар чет элда систематик равишда камситилса,
• Шу пайтда рус шоирига ҳайкал қўйиш таклифи кўтарилса,
бу — халқ кайфиятига, миллий ғурурга тўғридан-тўғри зид бўлади.
Россияда ўзбекистонлик муҳожирлар ҳурматсизликка дуч келаётган, ҳимоясиз қолган бир пайтда, рус шоирларига ҳайкал қўйиш – бу:
• Маълум ижтимоий қатлам манфаатлари учун амалга оширилаётган иш;
• Маданий мустамлакачиликнинг яширин кўриниши;
• Мусулмон халқнинг маънавий асосларига зид ташаббус.
Меҳнат муҳожирлари учун воқеий ҳимоя механизмлари йўқ бўлгани ҳолда, “маданият ниқобидаги таъсир” халқда адоват, ишончсизлик ва маънавий инқирозни кучайтириши мумкин.
Абу Муслим
(профессор, сиёсий таҳлилчи)
                                                                 Муносабатлар 
Сирожиддин Рауф:
Есенин дунё адабиётида ўз ўрни, овозига эга шоир. Эркин Воҳидов таржимасида ўзбек ўқувчиларининг қалбидан мустаҳкам жой олган. Тошкентда маълум муддат яшаган, таъбир жоиз бўлса, “дардига дармон топган”…
Лекин бугунги сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, ҳозир рус шоир, ёзувчиларига ҳайкал ўрнатилиши жуда ножоиз иш бўлар экан. Шу жиҳатдан пост эгасини қўллаб-қувватлайман. Агар шу кеча-кундуз шунга ўхшаш бирорта ташаббусга қўл урсак, озар биродарларимизнинг адолат йўлидаги саъй-ҳаракатига нописандлик, рус шовинистик пропагандасига эса хайрихоҳлик қилган бўламиз. Бу эса нафақат туркий дунёда, балки бутун жаҳон афкор оммаси томонидан ялтоқ муносабат сифатида қораланади.
Дунё ўзгарувчан, у бир туришда қотиб қолмайди. Ноумид – шайтон. Худо хоҳласа, дунё халқлари ўзаро тенглик, ҳурмат-эҳтиромда яшашни ўрганса ва бизда рус адабиёти вакилларидан кимгадир ҳайкал қўйишга эҳтиёж туғилса, ўйлайманки, ўша ижодкор шубҳасиз Есенин бўла олади!
Маҳмуд Йўлдошев:
Абу Муслим, Бу фикрлар доирасида сизнинг ҳақлик томонларингизни исботлашга далиллар топса бўлади. Аммо ноҳақсиз дейишга ҳам далиллар кўп. Сизнинг ноҳақлигингизни исботловчи материаллар ҳам ўта ошиб тошиб ётипти. Оддий олганда ЎЗБЕК араб чопонини кийиб олиб ўзбекнинг манфаатини ҳимоя қилолмаслигини тушунсангиз керак. Бизнинг имкон ва манфаатимизни абу муслимлар эмас, Тўмарис ва Широқлар ҳимоя қилишини тушунсангиз керак. Ҳа, Есениннинг фалсафасини бугун сиз қабул қилолмайсиз, аммо айнан Есениннинг фалсафаси бугунги кунга ўта монанд, излаш ва изланиш. Айниқса хулосаси: «Ну куда ж, ты куда ж ты смешной дуралей, неужели ты не знаешь, что победила стальная конница живых коней….» Мана бу унинг ҳаётий хулосаси. Есенин давр ва илм фан ғолиблигини тан олган ва унинг орқасидан чопган киши ва шоир. Биз эса 7 аср орқасидан чопишга, 6 ёшли қизчага уйланиш ва туянинг сийдигини ичишга ҳам тайёрлигимиздан воз кеча олмаётганлар қаторида қолиб кетаётганларданмиз. Биз фақат ўтмишдаги боболарнинг номларини ёдлаш, аммо уларнинг ишларини тушунмаган халққа ўхшамаяпмизми? Қачон уйғонамиз? Ҳа, Есениннинг ҳайкалини бугун қўйиш нотўғридир ва ҳа бугун нотўғри дея оламиз, аммо бу дегани Есенинни буюк шоир сифатида тан олмаслик бу ўзбек халқининг дунё ижодини тушунмаслиги деб қабул қилинишидан асраш дегани эмас. Есенинни коммунизм қурувчилар фалсафасининг тарғиботчилари осганини билмас экансиз, уни тушкунлик қурбони атаманг энг бўлмаганда. Буюку коммунистлар ушбу ғояга алданиб қолганларини сезганда улар ўзларини ҳақиқийлари отган ва осган. Қолганларини ўша буюк коммунистларнинг ўзлари отган. Алданган Т. Рисқулов, Ф. Хўжаев ва бошқалар. Аммо бииб олинг, Есенинни ашаддий коммунистлар ундан қўрқиб осган. Чунки у онгли равишда темир поезд ортидан ёш қулун бўлишига қарамасдан чопа олган. Сиз Абу Муслим қўйиб берса Ўзбекистонда қутайбага ҳайкал қўйишга чорловчиларга қўшилишга тайёрлигингизни кўрсатишга мойил тушунчадаги фикрларингизни нафақат ёзадиган, иложини топсп ҳажга чопиб 6 ёшли қизга тайёрлигини кўрсатадиганлар лагерига тайёрлардан эканлигингизни билдириаяпсиз. Есенинга ҳайкал ҳозир қўймайлик, майли, аммо инсониятнинг мана шундай буюк шоирлари ўтганлигини кўрмаслик бу жоҳиллик ва жоҳиллар аравасига ўтириш эканлигини ёзмай туринг.
Бахитёр Ҳайдаров саҳифасидан олинди.
Дўстларингизга ҳам юборинг: