ЎЛИМ ФАҚАТ ЖАНОЗАГА БОРГАНДА ЭСЛАНАДИМИ ЁКИ….?

Кўпчилик ўлимга тайёргарлик деганда ёшини яшаб, ошини ошаган қарияларни кўз олдига келтиради. Гўёки, ўлим фақат қарияларга келадигандек, бошқаларга келмайдигандек. Аслида бундай эмас. Ўлим бу ҳали ёш, бу қари экан, деб танлаб ўтирмайди.
Яна: «Ўлимга тайёргарлик кўриш», деганда баъзилар яқинлари дафн этилган мозордан ўзига жой банд этиб, кафанлик ҳозирлаб қўйишни тушунади. Тўғри, бу ҳам ўлимни бўйнига олиб, унга ҳозирлик кўриш. Зотан, бу амаллар тириклар зиммасидаги бурчдир. Буларни марҳум қилиши шарт эмас. Ўлимга тайёргарлик деганда, Аллоҳнинг ва бандалар ҳақини адо этиш ва борар манзили роҳатгоҳ бўлиши учун солиҳ амалларни бажариш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйи (Аллоҳ наздида) манзурдир». («Исро» сураси, 19-оят).
Аввало, ўлимга тайёргарлик кўриш уни доим эслаш туфайли амалга ошади. Чунки бир нарсани кўп эслаб, уни ёдида тутилса, унга йўлиқиш осон кечади. Ўлимни эслашнинг ҳикмати жуда кўп. Ато ибн Абу Рабоҳ айтганидек, ўлимни эслаш уч яхши нарсани топишга сабаб бўлади: тавбага шошилиш, оз нарсага қаноат қилиш ва ибодатларга ғайратли бўлиш. Шунингдек ўлимни эсламаслик учта ёмон ҳолатга олиб келади: биринчиси, тавбани кечга суриш. Чунки ўлимни эсдан чиқарган одам ўлим ҳали келмайди, деган гумонда гуноҳлардан тийилмайди ва тавбани ортга суради. Ҳолбуки, ўлим тўсатдан келиб, тавбага улгурмаса, охиратига зиён. Иккинчиси, Аллоҳ тақсим қилган ризққа рози бўлмаслик. Қанча неъмат берилса ҳам, ношукр банда худди шўр денгиз сувини ичгандек қониқмайди. Учинчиси, дунёга муҳаббат қўйиш. Дунёга муҳаббат қўйган киши унга тўймайди, тўймасликдан ташқари, ундан айрилишни ҳам истамайди. Али розияллоҳу анҳу: «Инсонлар бу дунёда уйқудадирлар, қачонки вафот этгач, уйғонадилар. Уйғонишгач эса, афсусланадилар. Энди азобни кўргач, надомат фойда бермас», дедилар. Демак, ўлим том маънода уйғонишдир. Аллоҳ таоло Ўз Каломида шундай дейди: «(Эй,Инсон!) сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни очиб юбордик. Энди, бугун кўзинг ўткирдир» («Қоф» сураси, 22-оят). Яъни, ўлимдан сўнг бу дунё ҳақиқати очилади. Тирик пайтда маълум ва ошкор бўлмаган нарсалар ўлимдан сўнг ойдинлашади. Ҳа, азизим, ўлим бизга эшик тақиллатиб келмайди, у кутилмаганда шамолдек етиб, бир зум кеч ҳам, олдин ҳам келмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: «Ўша муддатлари етиб келганида эса, уни бирор соат кейинга ҳам сура олмайдилар, олдинга ҳам» («Наҳл» сураси, 61-оят).
Энди биз ўзимизга инсоф билан савол бериб кўрайлик: тўсатдан етадиган ўлимга қанчалик тайёрмиз? Тайёргарлик кўришга умр бўйи қанча вақт сарфладик? Абадий ҳаётимиз учун ўткинчи кунимиздан қанча вақт ажратяпмиз? Минг афсуслар бўлсинки, биз фақат жанозага борганда ўлимни озгина эслаб, хомуш тортамиз. Бошқа пайт уни эслашга вақтимиз йўқ. Балки елкамизга тобутни кўтариб турсак ҳам, ўлимни ҳис қилмасмиз. Чунки бошқалар ўлимини кўравериб, гўё бу мусибат фақат бошқа одамларга келади-ю бизга келмайдигандек, ўлимни ҳис қилмай юришга ўрганиб қолганмиз.
Имом Ғаззолий айтади: «Баъзан инсон ҳали мен ёш бўлсам, ўлим ҳали менга узоқ», деган ўйда ўзига ишониб қолади. Ҳолбуки, у дунёда ёшларга нисбатан қариялар сони ўн баравар кам эканини хаёлига келтирмайди. Ахир, ўлим ёшлар орасида кўпроқ бўлгани учун қариялар сони кам-ку! Агар қиёслаб кўрилса, бир инсон кексайгунича қанча гўдак ва ўсмирлар ҳаёт билан видолашади. Жисмоний соғлом ва бақувват бўлиш ўлим кутилмаганда келишини унуттиради, ҳали анча яшайман, деб ўйлайди ва ҳар лаҳзада келиб қолишини ҳис қилмайди». Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўришни ортга суриб бўлмайди. Инсон ўлимни эслаганда бу дунёнинг ўткинчи ва фонийлигини англаб, ўз умри саҳифаларини яхшилик ва ажр-савоблар билан безашга қарор қилади ва ўлимдан қўрқмасдан яшайди, чунки унинг қилган яхшилик ва ажр-савоб амаллари охиратдаги мезон-торозида оғир келиб, нажот топишига ёрдам беради.
Дониёр Файз