Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (31-қисм)

Ҳа, бўрилар галаси яқинлашаётган эди. Улар қон ҳидини олишганди. Оч эди ҳаммаси. Ана шундай очликларида уларнинг бурнига қон ҳиди келди. Ваҳший ҳайвонларнинг бирдан иштаҳаси очилди. Бир нечтаси бараварига увиллаб юборди ва улар шу томонга югура бошлади. Югурганлари сайин ҳид янаям яқинроқдан кела бошлади…
— Бу ҳам бизга Худонинг инояти, — деди Ислом ярим тунни интиқлик билан кутаётган йигитларга бўриларнинг увиллашини эшитиши билан. — Аллоҳнинг бизга юборган ёрдами билан ғолиб чиқамиз. Энди янада сергак бўлинглар. Ҳамма жойини эгалласин. Бутун диққатларингни душман томонга қаратинглар.
Бўрилар ҳали етиб келмасидан бурун Абрамов кўзини очди. Уни «ўлди» деб бақиришганида ўлмаганди. Жароҳати оғир эди. Учта жойига, шулардан биттаси нақ жигарига граната парчаси кирганди. У бўрилар келгунига қадар ҳушидан кетиб ётди. Оғриқни ҳис этди. Шундан кейин: «Ҳали ўлмабман. Бундан чиқди, яшайман. Ҳойнаҳой, мени бошқалар каби «ўлди» деб ташлаб кетишади. Кейин бир бало қилиб ўзимга келиб оламан. Тақдир шаҳарга етказиб қўйса, у ёғига яшаб кетаман. Чунки жароҳат олганим айни муддао бўлди. «Ўлгудай жанг қилдим. Яна биз пистирмага дуч келдик. Душман биздан ўн ҳисса кўп эди. Йигитлар, шулар қатори мен ҳам боримни бериб жанг қилдик. Аммо кучлар тенг эмас эди», дейман», дея ўйлади. Кейин аламдан лабини тишлади. «Ўзи бало бормиди менга урушга келиб? Келмасдан ҳам ўнтасини, ҳатто юзтасини алдаб кета олардим. Демакки, тўқ яшардим. Энг муҳим масала — жуҳудларни алдамаслигим. Қолганларни истаганча алдашим, боши берк кўчага киритиб қўйишим ва уларнинг соддаликларидан, лақмаликларидан усталик билан фойдаланиб, маишатда яшашим мумкин эди. Мен бўлсам, урушга келиб юрибман. Уруш бўлганда ҳам олдинги чизиқ!.. Нега бундай қилганимга ҳали-ҳамон ўзим ҳам ҳайронман».
У олдинги бўри увиллашини эшитмаган эди, аммо кейингисини эшитди. Чунки бўри ундан сал нарида увиллади! «Ана энди ўлмасам ҳам ўламан», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Тўғрисини айтганда, бўрининг тишлари орасида ғажилиб, чайналиб ўлгандан кўра, «босмачи»ларнинг қиличидан ёки отган ўқларидан, ана борсин, ҳарбий трибуналнинг буйруғидан сўнг ўзиникиларнинг қўлида ўлгани минг марта афзал эди. Чунки жонинг бирдан чиқиб кетади. Бўрилар эса азоблаб ўлдиришади. Балки олдин оёқларингни ғажишар… Эҳ, тасаввур қилиб бўлмайди, тасаввур қилиб бўлмайди!..
— Тирикман! — дея бақириб юборди бирдан у.
Худди шу пайт бир мурдага икки бўри талаша бошлаган эди. Аслида, уларнинг сони элликтача эди. Уч оила эди. Уларнинг ҳаммаси бир пайтда қон ҳидини олишди. Кейин деярли бир пайтда овқат тўлиб-тошган жанг майдонига етиб келишди. Эҳтимолки, биргина мурда бўлса керак деб ўйлашгандир олдин келганлар. Шунинг учун талашиб қолишгандир… Ахир нима бўлганда ҳам уларнинг талашганлари рост.
Қизил аскарлардан бири милтиғини ўқлаб, бўриларнинг овози келаётган томонга ўқ узди. Гумбурлаган товуш бўриларни қўрқитиб юборди. Улар қочишди, бироқ узоққа кетишмади. Ахир шундоққина яқинларида уларнинг иштаҳасини очиб, оғзидан сувларини оқизиб ўлжа ётибди. Шундай ўлжани ташлаб кетишсинми? Йўқ, ташлаб кетишмайди. Чунки улар жудаям оч.
— Кутамиз! — деди Ислом ва жанг майдонига милтиғини тўғрилади. У яна ўқ овози янграшини кута бошлади.
Сал ўтиб, ўша қизил аскар тағин милтиғини ишга солди. Унинг қаердалигини билган Ислом аскарнинг ўзини нишонга олиб тепкини босди. Душман ўлди. Ана энди, ҳақиқатан ҳам, қизиллар чорасиз қолишди. Сабаби, агар бўриларни ҳайдаш мақсадида қуролларини ишга солишса, ўзларининг қаерда эканликларини рақибга сездириб қўйишади. Рақиб эса бирпасда уларни гумдон қилади.
Бўрилар яна икки марта ўқ узилганидан кейин узоқроққа қочишди. Аммо уларнинг ҳали кетиш нияти йўқ эди. Чунки бир эмас, бир нечта ўлжани кўришди. Ўшаларни олиб кетишмаса, яна қачон бундай «ширин таом»га дуч келишади, худо билади. Ундан кўра бироз сабр қилишади, сўнг яна боришади… Битта бўри бўлса, майли, қочиши мумкин, аммо ҳозир улар кўп. Унча-мунча хатардан қўрқишмайди…
— Мен тирикма-а-а-ан! — дея яна бақирди Абрамов.
Бу сафар овози анча паст эшитилди. Чунки энди у ҳолсизланиб бораётган эди. Бунинг устига, оғзидан қон кела бошлаганди… Энди у ҳатто эртароқ асир тушишни истаётганди. Мусулмонларда инсоф бор. Мусулмонлар асирларни бирдан ўлдириб юборишмайди. Даволашади. Кейин, балки, қандайдир сумма эвазига қўйиб ҳам юборишар… Мадаминбек Наманган шаҳридаги қизиллар гарнизонига қилган ҳужумини Абрамов яхши билади. Ўшанда қирқ тўққиз дошқур-қизил аскарни қиличдан ўтказган ва яна ўн учта мусулмонни ҳам ўлдирган: сотқинликлари учун. Лекин асирга тушган ўрисларни қуролсизлантириб, қўйиб юборган эди. Абрамовни ҳам жуҳуд эмас, ўрис деб билишади. Кўриниши ўхшайди. Тили ўрислардан яхши гапиради ўрисчада. Демак, уни қўйиб юборишади…
Унинг ич-ичидан қайсидир аъзоси оғриқ берди. Кўзларини чирт юмиб, тишларини бир-бирига маҳкам босди. Бир муддат, ҳа, бир муддатдан сўнг оғриқ ўтиб кетди… У осмонга ўгирилиб, чалқанча ётди. Шунда Қўқондаги воқеалар ёдига тушди…
Ўшанда тўлиқ дошқурлардан иборат қўшин шаҳардаги беш юз нафар бемори бор касалхонани ёқиб юборди. Ҳеч ким тирик қолмади. Кейин пахта заводига ўт қўйишди ва элликта хонадон аъзоларини сўйиб ташлашди. Ўнта маҳаллани тўлиқ қиличдан ўтказишди… Қўқон халқи қоча бошлади. Уларни тўпга тутишди. Қочаётганлар тутдай тўкилиб, ўзлари билан олган барча бойликлари сочилиб кетди. Уларни дошқурлар, ёлланма венгерлар, немислар, австрияликлар териб олишди. Кейин мақтанишди: «Ҳар биримиз камида юз минг сўмдан пул йиғдик!» деб… Қўқон уч кун ўт-аланга ичида қолди. Ўн мингдан зиёд одам ўлди. «Аммо бу ишларнинг бирортасида мен қатнашмадим. Чунки менинг табиатимда бундай нарсалар йўқ эди. Менинг табиатимда бойлик ўмарганларни ўмариш бор. Очиғи, ана шундай қилсам, ўзимга фойда оламан, мусулмонлар учун эса ўч оламан. Демак, мен ҳеч нимада айбдор эмасман. Жуҳуд қачон айбдор бўлади? Қачонки ўзининг жуҳудига ёмонлик қилиб қўйса, зарар етказса! Бошқа ҳар қандай ҳолатда у сутдай оппоқ…» Шуларни хаёлидан ўтказган Абрамов тиржайди.
У оғриқлари сусайгани сайин кучдан қолаётганини ҳис эта бошлади. Энди унинг бақиришга-да мадори етмас эди. У ўлими жуда яқин келиб қолганини сеза бошлади.
Бўрилар изига қайтди. Улардан бири чидаёлмай увиллаб юборди. Бироқ энди унинг увиллашига жавобан ўқ узилмади.
Ўлжа кўплиги боис, йиртқичлар бошқа талашмади. Аммо мурдаларни тишлаётганларида, тишлаб тортқилаётганларида ириллашарди. Гўёки «бу меники, бирортанг яқинлашма» дегандай.
Тирик қолган қизиллар янада сергак тортишди. Улар милтиқларини бўриларнинг овози келаётган томонга қаратиб, бармоқларини тепки устига қўйиб, агар йиртқичлар ҳамла қилиб қолса, отиб ташлашга тайёр бўлиб ётишар эди.
— Жудаям қўрқиб қолишди, — дея шивирлади Ислом, — яна бироз бор. Кейин ҳужумга ўтамиз.
— Ҳозир айни вақти эди. Бўрилар бир томондан, биз иккинчи томондан бостириб борсак, душман нима қиларини билмай қолади, — деди Улуғмурод.
— Ҳозир ҳамма ҳаммага душман. Бўри «манави қизил, манави оқ», демайди. Ўлжасига халақит берганга ташланади…
Ислом шундай дейиши билан қизиллардан биттаси жон алпозда бақириб юборди. Унга бўри тегди, чунки у қонига беланиб ётган сафдошининг ёнида эди. Бўри билмасдан унинг оёғини тишлаб олди. Бечора жангчи шунчалик қаттиқ бақирдики, овози узоқ-узоқларга кетди. Кейин кетма-кет ўқ овозлари эшитила бошлади. Ҳар ўқ узилганда, милтиқнинг учи ёниб ўчар эди. Бу сафар Ислом ва унинг сафдошлари индашмади. Чунки Исломнинг ўзи: «Бу сафар қурол ишлатманглар», деб буюрган эди.
Бўрилар қочишди. Шунчаки қочишмади, балки оғизлари теккан ўлжа-ўликларни ўзлари билан бирга судраб кетишди. Не ажабки, уларнинг орасида Абрамовнинг ҳам мурдаси бор эди… У орзусига эришди. Олдин жон таслим қилди, кейин танаси йиртқичларга ем бўлди. Демакки, оғриқни ҳис этмади…
Ислом ерга чўзилиб, қўлининг устига бошини қўйди.
— Роса чарчадик, — деди жангчилардан бири, — ухлаб қолмасайдик.
— Ўзим уйғотаман, — деб жавоб берди унга Ислом.
— Лекин менинг умуман уйқум йўқ. Сафдошларимнинг қасдини олмагунимча уйқу менга ҳаром, — деди Улуғмурод.
У шундай дейишга деди-ю, бироқ сал ўтмай, кўзлари юмила бошлади. У ухлаётганини сезди ва дарров кўзларини ишқалаб, катта-катта очди. Аммо барибир фойдаси бўлмади. «Ухламаслигим керак. Ухласам, ҳаммаси расво бўлади. Ухласам, ҳаммасини бой бераман», дея лаблари пичирлади-ю, лекин шундай бўлса ҳам кўзларини очолмади.
Бўрилар кетди насибаларини олиб. Ярадорлар инграйвериб тинка-мадорлари қуриб, чарчаб ухлаб қолишган, ҳеч бир жароҳат олмаганлар бўрилар қайтиб келиб ҳамла қилмаслигига ишончи комил бўлганидан сўнг, қолаверса, бедор туришга бошқа қурби етмай, ғафлат уйқусига кетишган эди. Худди ана шу пайт Ислом бошини кўтариб, ёнгинасида пишиллаб ухлаётган Улуғмуродни туртди. У бирдан бошини кўтарди.
— Тисс, жим! — дея шивирлади Ислом. — Ухлаганларнинг ҳаммасини тезда уйғотиб чиқинглар. Фақат тез! Сўнг ҳамма менинг ёнимга келсин.
— Хўп, — деди Улуғмурод унга жавобан.
Сал ўтмай, йигитларнинг ҳаммаси жам бўлди.
— Ҳаммамиз бараварига борамиз. Мен сизларга ханжар билан қандай ишлашни ўргатганман. Энди ундан фойдаланиш вақти келди. Фақат душманнинг оғзини ёпишларинг билан ханжар уришларинг бир вақтда бўлсин. Улар овоз чиқаришга улгурмасин. Хатосиз ишланглар. Ҳар қандай хато ўзларингнинг зиёнларингга хизмат қилиши мумкин. Ҳаммани Аллоҳнинг паноҳига топширдим, — деб яна бир марта Ислом ҳаммага кўрсатма берди, кейин ўзи секин ўрнидан турди.
Улар эмаклашмади, энгашиб, товуш чиқармасдан юришди. Бир қатор эмас, ёйилиб юришди.
Албатта, масофа қисқа эди. Душман ухлаб ётган жойга етиш бир дақиқани ҳам олмади.
Биринчи бўлиб Исломнинг ўзи «иш»ни бошлаб берди. У нобуд қилган душман умуман овоз чиқаришга улгурмади ва ухлаган ҳолида дорилбақога равона бўлди. Аммо бошқалар бундай маҳоратни ҳали тўлиқ ўзлаштирмаган эди. Олган таълимлари жудаям оз эди. Шу боис бирови пичоқ уришда, бошқаси душманнинг оғзини ёпишда хатога йўл қўярди. Аммо барибир ишни охирига етказишар эди. Чунки ҳаммаси чайир йигитлар, ҳаммаси кўп жисмоний меҳнат қилган. Агар яланғоч қўл ёрдамида душман билан бирга-бир олишганларида ҳам ютқазмайдиганлар тоифасидан эди улар.
Дастлаб ҳужум жуда муваффақиятли кечди. Йигитлар бир ҳамланинг ўзидаёқ ухлаётган душманни даф эта олишди. Бироқ кейингиларида ундай бўлмади. Жангчилардан бири ханжарни душманнинг елкасига уриб қўйди ва «хатоимни тўғрилайман» деб унинг оғзини ёпиб турган кафтини кўтарди. Бунинг натижасида унинг чангалидаги аскар бақириб юборди.
— А-а-а-а!!! Ҳужум қилишяпти!
Унинг овозидан деярли ҳамма уйғониб кетди…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.