Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (32-қисм)

* * *

Абдужаббор чўчиб ўрнидан турди. Шу туришида бағридаги хотинини силтаб юборди.

— Йўқ! — деди у бақириб. — Ислом ўлмайди! Нега у ўлиши керак?! У ўлмайди!

Хотини аввалига унинг нима деяётганини тушуниб-тушунмади.

— Отаси, сизга нима бўлди? — дея сўради хавотир билан.

Абдужаббор жавоб бериш ўрнига токчада турган мойчироқнинг пилигини кўтарди. Хона ёришди. Шунда аёл эрининг пешонасида тер томчиларини кўрди ва у ҳам шоша-пиша ўрнидан турди.

— Ёмон туш кўрдингизми?! — деб яна сўради.

— Бундан ёмони бўлмайди. Илгари бир марта тушимда отимни йўқотиб қўйгандим. Биров ўғирлаб кетганлигини билмайман. Намоз ўқиш учун Қўқондаги масжидлардан бирига борибман. Отимни боғлабман. Кейин масжидга кирдимми-йўқми, буниси эсимда йўқ, бироқ қайтиб чиқиб отимни тополмадим. Ишонасанми, биров ўғирлаганидан кўра, ўзим қаерга боғлаганим сира эсимга келмайди… Ўшанда жуда кўп пул йўқотган эдим ўнгимда. Энди эса от минган Ислом ёнаётган чангалзорга кириб кетди. Қанча чақирмайин, у чиқмади. Бунинг ўрнига ҳар томондан қизиллар бостириб кела бошлади. Улар худди махлуқларга ўхшарди. Бундай ортимга ўгирилиб қарасам, бутун қишлоқ аланга ичида!..

— Отаси, тушга нималар кирмайди…

— Йўқ, — деди бирдан Абдужаббор хотинининг гапини бўлиб, — мен тушларимдан қўрқаман! Яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам қўрқаман!

— Отаси…

— Адашдим. Яхши кўрган тушларим ҳам бўлган. Мен у тушларимда учганман. Қачонки учсам, ҳамиша омадим келган. Лекин бошқаларидан қўрқаман. Исломнинг ёнаётган чангалзорга кириб кетиши, қишлоқнинг аланга ичида қолиши нимадан дарак?! Наҳотки бизникилар енгилган бўлса?.. Энди нима бўлади? Энди бу ёғи нима бўлади?!

Абдужаббор уй ичкарисида тинимсиз у ёқдан бу ёққа бориб келаверди.

— Отаси, менинг ҳам юрагимни ёряпсиз! Ҳозир бошқаларни ҳам уйғотиб юборасиз битта тушни деб. Яхши ният қилинг.

— Сен!.. Сен нимани ҳам билардинг?! Агар тушим ўнгидан чиқадиган бўлса, ҳамма эмас, қишлоқда кимки бўлса, ҳаммаси уйғониши шарт! Қочиш керак. Олдимизда битта йўл бор. У ҳам бўлса, қочиш. Тахминимча, битта Исломнинг кучи етмаган.

— Унинг ёнида қишлоқнинг йигитлари ҳам бор-ку. Ундан кейин бошқа қишлоқлардан ҳам ёрдамга келишди. Улар кўпчилик.

— Ҳа, кўпчилик. Лекин душман улардан ўн баробар кўп. Бунинг устига, душманнинг ҳаммаси ҳарбийлар. Бизникилар бўлса, деҳқонлар, савдогарлар. Ислом уларни бор-йўғи тўрт кун тайёрлантирди. Тўрт кунда нимани ўрганади? Уфф!

— Нима қиламиз энди?!

— Кундошларингнинг ҳаммасини уйғот. Болаларни уйғотинглар. Қўшниларни уйғотинглар! Мен чолларни тўплайман. Сенлар бўлса, чўлга қочинглар. Агар қишлоқ томондан ёнаётган уйлар кўринса, бошқа қишлоқларга кетинглар. Кейин ҳеч ким бу қишлоқдан эканлигини бошқа бировларга айтмасин. Танийдиганларга тайинласин. Улар сенларни опам-синглим, қариндошим дейишсин. Аллоҳ, бу балолардан бизни ўзинг қутқар!

Аёл ташқарига югурди. Бироқ аллақачон уларнинг шовқинидан оиланинг бошқа аъзолари ҳам уйғонган эдилар. Фақат улар гап нимада эканлигини билолмай, кундошлар рашки келиб, уйдан чиқмай ўтиришарди.

— Туринглар! Чиқинглар ташқарига! — дея бақирди жувон.

Шундан кейин ҳамма ташқарига югурди. Дарров уни сўроқ-саволга тута бошлашди.

— Хўжайин хавотирда, — деди жувон кўзидан ёш оқиб, йиғи овозда, — душман бостириб келаётганмиш…

— Бизникилар жангда енгилибдими?! — деб сўради кундошлардан бири шошиб.

— Билмайман. Мен ҳеч нимани билмайман!.. Хўжайин: «Тез ҳамма нарсани олиб, чўлга қочинглар!» деб буюрди!..

— Вой шўри-и-и-м!!!

Абдужаббор дарҳол унинг овозини ўчирди:

— Мени ҳаммаёққа шарманда қилдинг! Нималар деб бақираяпсан? Кир ичкарига! Сенлар нима қилиб жовдираб турибсанлар? Сенларга битта гап тегмасин! Сенлар подадан олдин чанг чиқаришни яхши биласанлар! Сенларга мен шарманда бўлсам, шунча яхши. Еган нонларинг тешиб чиқмасидан кир ҳамманг уйга!..

Кичик хотин қотиб қолди. Унинг назарида, эри нима деяётганини ўзи ҳам билмаётгандай эди. «Ахир ичкарида ваҳима қилган, тушини сўзлаб бериб, ҳатто йиғлаб олган, асабийлашган унинг ўзи эмасмиди? Ўзи эмасмиди уни ташқарига чиқарган, «кундошларингни уйғот» деган? Нега энди бирдан ўзгариб, бошқача гап гапиряпти?» деб ўйлади ва энг биринчи бўлиб уйга кириб кетди.

Абдужаббор ўтакетган қаттиққўл одам эди. Аммо шу кунга қадар бирор марта ҳам хотинларини урмаган, ҳатто сўкмаганди. Қаттиққўллиги оддий сўзларни қўпол гапиришида ва кўз қарашида намоён эди. Кўзини шундай олайтирардики, кўрган одам бирдан ортига тисариларди. Кейин майда гап эмасди. Бир гапни айтдими, тамом, иккинчи марта такрорламайди. Агар айтгани қилинмаган бўлса, шундай кўзларини олайтиради, тамом, айтганини бажармаган одамнинг юраги товонига тушади.

Ҳозир ҳам шундай бўлди. Машъала ёқиб олган хотинлари, болалари унинг кўзи олайганини кўришди.

Кичик хотин уйга кириб, юзини кафти билан бекитиб йиғлади. Чоли келиб унинг елкасидан қучди:

— Ўйлаб қарасам, шарманда бўларканман битта тушни деб… Агар одамлар эшитса, устимдан кулишади. Узоқ йиллар эслаб юришади. Айниқса, Йўлдош чол. У менга кун бермайди: «Мен бир туш кўрдим. Тушимда Абдужаббор учаётганмиш» ва ҳоказо ва ҳоказо деб… Агар қизиллар бизникиларни енголмаса, бостириб келишмаса, уйларни яна вайрон қилмаса, у шундай гапларни айтади…

— Лекин, барибир, ўртада мени шарманда қилганингиз қолди, — деди хотини, — кундошларимга гап топилди. Улар бундан бу ёғига: «Эрингиз бугун нима туш кўрибди?» дейишиб, жиғимга тегишади.

— Хавотир олма, улар билан ўзим гаплашиб қўяман. Бирови мушугингни пишт демайди. Агар деса, бошқача гаплашаман. Энди ётгин-да, ухла.

— Шундай пайт уйқу келармикан кўзга…

— Келади. Келтирамиз…

* * *

Рисолат ҳар куни йўл қарарди. У: «Эрим худди кечагидай дарров қайтади. Қайтганда ҳам катта ўлжаларни олиб келади. Ўзи кўтаролмайди. Қўй-эчкиларни ҳайдаб келади. Отга миниб келади. Кейин биз яна бир қўйни сўйиб, унинг ўзини меҳмон қиламиз», деб ўйлаганди. Ахир кеча шундай бўлди-ку, нега бугун бўлмаскан?.. Бироқ кечгача эридан дарак бўлмади. Кечаси келса керак деб қулоғини динг қилиб ётди. Аммо Ислом кечаси ҳам келмади.

Эрталаб туриб, ҳеч кимга кўрсатмай йиғлаб олди. «Қаерларда юрибсиз мени соғинтириб? Ахир янги куёв ҳам шундай бўладими?! Қирқ кунгача келин ёлғиз қолдирилмаслиги керак эди-ку!..» дея пичирлайди лаблари ва умид билан кеча эри кетган томонга қараб қўяди. Бироқ эри яна келмайди.

Эрининг иккита синглиси уни ўртага олиб ётади. Бири Санобар, иккинчиси Лайло. «Келинг, янга, биз сизни ўртамизга олиб ётамиз», дейишди улар. Аммо Рисолат ўртада ётишни истамасди. Эри келиб қолса-чи? У қоронғида қандай қилиб Рисолатнинг ўртада ётганини билади? Билолмай қийналади. Кейин бир ўзи ётади… Гўё чеккада Рисолат ётса, Ислом буни биладигандай, секин хотинини туртадигандай, кейин ўзи билан олиб кетадигандай эди ёшгина келинчакнинг назарида.

Аммо эртаси куни билдики, эри ҳалиям келмабди.

— Бешкапа унчалик ҳам узоқ эмас, шекилли, — деди у қайнсинглиси Санобарга.

— Йўқ, узоқмас, бир кунда бемалол бориб келса бўлади, — дея жавоб берди Санобар янгасининг юзига тикилиб.

— Унда нега акангиз шунча кундан бери йўқ? — деб сўради Рисолат худди Санобар ҳамма нарсани биладигандай.

— Билмадим, янга. Ўзи биз Лайло иккимиз акамнинг меҳрига тўймаган эдик. Келишлари билан сиз эга чиқиб олдингиз. Кейин гаплашамиз, кўп-кўп кўришамиз, деб ўйлагандик, лекин яна кетиб қолди. Энди қаёққа кетганини сиз билмасангиз, биз билмаймиз, янга…

Рисолатнинг юзи янада жиддий тус олди.

— Менга ҳам айтмади. Аввалги кун айтганди. «Тезда қайтаман», деганди. Ваъдасида турди. Кейинги кетишида ҳам худди шундай қайтиб келса керак, деган хаёлда эдим, лекин, мана, кўриб турибсиз…

У чуқур хўрсинди.

— Акам, барибир, келади. Акам бизни, сизни эсларидан чиқармайди, — деди Санобар уни юпатиб.

— Бирор кор-ҳол юз берган бўлса-чи?

— Акамгами? — деб ўзини мажбурлаб кулди Санобар. — Акам тегирмонга тушса тирик чиқадиганлардан. Кўрдингиз-ку, қаерлардан соғ-омон етиб келибди. Яна кўрдингиз-ку, бир ўзи қанча душманни ер тишлатиб келганини. Эҳҳе, бизга ҳамма нарса олиб келди. Айтганча, янга, қўйларни боқиш навбати бугун бизники эмасми?

— Йўқ, бизники эмас. Аммо ҳозир Салим бобонинг уйига боришимиз керак. Ўқ отишга чиқамиз. Ҳар биттамизга иккитадан ўқ бераркан… Қизиқ томони бор-ку, Илгари Салим бобо мени «қизим» деб чақирарди. «Ҳотамбойнинг эркаси» дерди. Энди келин деяпти. Ҳайрон бўлдим. Олдиндан қариндошлигимиз сабаб: «Бобо, нимага келин деяпсиз?» деб сўрадим. «Қизим, илгари Ислом бир тош нарида эди. Энди ундан яқинроғим йўқ. Яхшиямки, Худо уни бизга берган экан. Шундай экан, у ўғлим бўлиб қолди. Ўғлимнинг аёли ким бўлади менга? Келиним. Шундай экан, қариндошим бўлсанг ҳам мендан хафа бўлма», деди. Индамай қолдим…

Унинг сўзларини эшитган Лайло қиқирлаб кулди. Сўнг:

— Янга, сиз энди бутун қишлоқнинг янгасисиз! — деди.

— Йўқ-йўқ, сал бошқачароққа ўхшади. Бобомнинг ўзи менга: «Ислом бирдан тўртта қизга уйланади. Сен ғиди-пиди қилиб юрмагин. Кундошларинг билан аҳил-иноқ яша. Бизнинг қишлоққа зурриёт керак. Қишлоқни қишлоқ қилишга одам керак», деганди. Шундай экан, ҳурматли қайнсинглим, ҳамма ҳам мени янга деёлмайди. Чунки биров кундошини янга деб чақирганини бирор жойда эшитганмисиз?

— Янга, сиз хафамисиз?

— Нега?

— Эрта бир кун…

— Ҳозир мен бу ҳақда умуман ўйламаяпман. Менинг хаёлим акангизда, «қачон келаркан?» деб. Биласизми, менимча, акангиз бошқа хотин олмайди. Сабаби бунга унинг вақти йўқ. «Ҳаммаёқ остин-устун, уни тўғрилаш керак. Минг афсус, тўғрилашга битта одамнинг вақти ҳам, имконияти ҳам етмайди», деганди у.

Рисолат маъюс тортиб қолди. Унинг йиғлагиси келаётганди. Назарида, эрига бир нима бўлгандай эди. Ахир у ўтган сафар қишлоқдан чиқибоқ душманга дуч келиб қолганди. Яна худди шундай бўлган бўлса-чи, бу сафарги душман кўп бўлса-чи? Кўпчиликка унинг бир ўзининг кучи қандай етсин?..

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: