Лавров: Европани Россияга қарши урушга тортиш ҳаракатлари қайта бошланмоқда

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, ҳозирги Европа раҳбарлари тарих дарсларини унутиб, уни яна Россияга қарши урушга тортишга ҳаракат қилмоқда.
У бу ҳақда 11 июль, жума куни Куала-Лумпурда АСЕАН доирасидаги тадбирларда иштирок этганидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида баёнот берди. Бу ҳақда Россия давлат оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.
«Берлин, Париж ва Лондоннинг сўнгги баёнотлари ва ҳаракатлари шуни кўрсатмоқдаки, бу мамлакатларда ва бошқа бир қатор давлатларда ҳокимиятга келган сиёсатчилар авлоди тарих дарсларини, бутун инсоният улардан олган хулосаларни унутган. Улар, аслида, Европани яна урушга — бу сафар гибрид эмас, балки ҳақиқий урушга — Россияга қарши тортишга уринаётир», — деди Лавров.
У бу сўзларини Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Украина можаросини дипломатик йўл билан ҳал қилиш имкониятлари тугагани ҳақидаги баёнотига изоҳ берган ҳолда айтди.