Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (36-қисм)

У шитоб билан асирларнинг орасидан ўтиб, дошқурга яқинлаша бошлади. Дошқурнинг кўзлари олайиб, баттар хунуклашди. Ислом унинг ёнига етиши билан башарасига мушт туширди. Зарба шунчалик кучли эдики, дошқурнинг боши отилиб кетай деди.
— Палид! — деди сўнгра дошқурнинг ёқасидан ушлаб ўрнидан турғазаркан. — Кимни исқирт дединг?!
Дошқурнинг бурнидан қон оқа бошлаганди. Шунингдек, дошқурнинг кўзи ҳам ёшланди.
Дошқур шунчаки ўзини кўрсатиб қўймоқчи эди. «Гапим билан, башарамнинг совуқлиги билан ҳаммасининг юрагини оламан», деб ўйлаганди. Аслида эса ўзи жуда қўрқоқ эди. Тирик қолишига ҳам шу қўрқоқлиги сабаб бўлганди. Ҳамма жон олиб жон берди. У бўлса, ётиб олди. Ўзини ўлик ҳолига келтирди.
— Мен! — деди дошқур қалтираганча. — Мен билмай гапириб қўйдим. Мен манави ўрисни, чўчқани… шундай демоқчийдим!..
Ислом унинг сўзларининг қолганини эшитишни истамади. Ташқарига судради. Шу заҳоти эшик томонда ўтирган асирлар бир-бирларига ёпишиб, унинг ўтишига жой очишди. Ислом эса дошқурни судраб ташқарига олиб чиқди. Сўнг эшикни қарсиллатиб ёпди-да, дошқурнинг ёқасидан икки қўллаб ушлаганча кўтарди.
Тўғриси, дошқурнинг гавдаси Исломникидан икки баробар катта эди. Умуман, асирлар орасида энг гавдалиси ҳам шу эди. У кутмаганди. Исломнинг бунчалик кўп кучи борлигини кутмаган эди. Қўзлари олайиб, косасидан чиқиб кетай деди.
— Мен сени нима қилишимни биласанми, аблаҳ?! — дея бақирди Ислом.
Ислом рус тилида гапиргани учун қоровул чол унинг нима деяётганини тушунмади. Аммо дошқурга бироз ичи ачиди.
— Ке… Кечир! — дея олди базўр дошқур.
— Сени фақат мен эмас, бутун бошли халқ кечириши керак. Лекин халқ сени кечирмайди. Кейин сен анави ўрисни ҳам ҳақорат қилдинг. Мараз, нега келдинг бу ерга?!
Дошқур жавоб беролмади. Ахир у нима дейишни билмас эди. Шунда Ислом унинг ёқасини қўйиб юбориб, қорнига шунақанги қаттиқ мушт туширдики, дошқур ўкирганча икки букилиб қолди.
Бўлаётган воқеани нарироқда турган қишлоқ йигитлари ва ҳали-ҳамон кетишни истамай турган қишлоқнинг бир-икки чоли кўрди. Улар бу томонга югуриб кела бошладилар.
Ислом дошқурнинг орқа умуртқасига тирсаги билан яна бир марта зарба берди. Ана шунда суякларнинг қарсиллагани эшитилди. Дошқурнинг нафаси чиқмай, ерга юзтубан йиқилди ва шу заҳоти ҳушидан кетди.
Исломнинг ҳамма ғам-аламлари бўғзига келиб тиқилган эди. У шунчалик ғазаблангандики, шу аҳволда беш-олтита асирни ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмасди…
Асирлар ташқаридаги воқеани кўрмаган эса-да, овозларни эшитгандилар. Ичларига ғулғула тушди. «Унинг жон жойига тегиб қўйдик. Энди у бир қанчамизнинг суробимизни тўғриламагунча ўзига келмайди», деган ваҳимада улар қалтираб, кўзлари олайиб, қочиб қутулиш ҳақида эмас, бир амаллаб ғазаб отига минган одамнинг ҳамласидан омон қолиш тўғрисида ўйлай бошладилар.
Ислом шахт билан эшикни очди. Бир муддат ўтирганларга қаради, сўнг бояги «қария»ни чақирди.
— Мен ҳеч нима қилмадим, — деди «қария» аскар қўрқувдан титраб-қақшаб.
— Шунинг учун кел!..
Бу сафар унга тезда йўл бўшатишди. Асир осонлик билан эшик ёнига келди. Ислом унинг ёқасидан олмади.
— Орқамдан юр, — деди.
«Қария» аскар юзтубан ерга қапишиб ётган дошқурга қаради. «Шундай оғир пайтда ғўдайишга бало бормиди?» дея кўнглидан ўтказди.
— Ўгирил! — деди унга Ислом ҳовлига чиққанларидан кейин.
Асир дарров унинг айтганини қилди. Ислом унинг қўлидаги арқонни ечиб олди-да, сўнг ўзига қаратиб:
— Отинг нима? — деб сўради.
— Александр, — дея жавоб қилди асир Исломнинг нима қилмоқчилигини тушунолмай.
— Александр, бу ерларда нима қилиб юрибсан?
— Мен оддий аскарман…
— Лекин нима қилиб оддий аскар бўлиб юрибсан?
— Бошқа нарса қўлимдан келмайди.
— Қанақасига?
— Чунки заводнинг оддий ишчиси эдим.
— Кейин бирдан инқилоб бошланиб қолди. Сенга эса айнан шу нарса керак эди. Сабаби завод эгасини кўролмасдинг. У бошқаларни қулдай ишлатиб, ўзи кайфу сафо қилиб юрарди. Шундайми?
— Йўқ. У яхши одам эди. Маошимизни вақтида берарди. Кейин ҳар сафар турли хил мукофот пуллари билан тақдирларди. Саёҳатларга жўнатарди.
— Унда сен нима қилиб қизиллар орасида юрибсан?
— Ўз ихтиёрим билан эмас. Мени тутиб олишди. Олдин заводимизни ёқиб юборишди. Мен ўша пайт уйда эдим. Заводнинг ёнаётганлигини эшитишим билан шу томонга югурдим. Завод билан уйимнинг ораси беш километр. Ҳар доим трамвайда борардим. Бироқ у ёнган куни пиёда кетдим. Шунчаки кетмадим, беш километрлик масофани югуриб босиб ўтдим. Лекин бориб билдимки, умуман ўчиришнинг имкони йўқ экан. бунинг устига, ҳеч бир киши ўчиришни истамаётганди. Ҳамма томоша қилиб турарди. Мен ҳам уларнинг қаторига қўшилдим. Шу ерда эшитдим. Инқилобчилар ёқиб юборишибди. Зодагон бойнинг уйини куйдириш учун заводини ёқишибди. Айтганча, у мутлақо рус киши — Петр Олеговичники эди.
— Нимага бу нарсаларни менга гапираяпсан?
— Чунки мен аҳмоқ эртаси куни ҳам бордим-да.
— Кейин-чи?
— Аркадийни учратиб қолдим. Завод рўпарасида унинг баққоллик дўкони бор эди. Роса бизнинг хўжайинни сўкаётган экан. Камига рақсга ҳам тушарди. Мен унинг ўзини сўкдим, чунки ишсиз қолгандим. Иккита боламни, хотинимни ким боқади?! У менга: «Сени ўзим қулдай ишлатаман», деди. Ўзи илгаридан уни жиним суймасди. Шунинг учун ташланиб қолдим. Биз роса муштлашдик. Лекин биров бизни ажратиб қўяйин демасди. Атрофимизни ўраб олганлар бизни томоша қилишарди. Кейин нима жин урди-ю, инқилобчилар пайдо бўлди. Улар бизни ажратиб қўйишди. Шу ернинг ўзидаёқ Аркадийнинг дўкондор эканлигини билишди ва сира иккиланмасдан, ҳеч нарсани сўраб-суриштирмасдан уни отиб ташлашди. Билсанг, шунақаси ҳам бўларкан. Мен даҳшатга тушдим. Кўз олдимга хотиним, иккита қизим келди. «Улар энди отасиз нима қилишади?» деган ўй кечди хаёлимдан. «Мана, — деди қоп-қора камзулли, бошига кепка кийиб олган қизил аскарларнинг каттаси, — биз золимларни, мулкдорларни, бойларни, помешчик-капиталистларни шундай жазолаймиз. Улар ишчи синф вакилларини одам ўрнида кўришмайди. Улар фақатгина ўзларининг ёғ босган қоринларини ўйлашади. Ундайларга ишчи ва деҳқонлар орасида жой йўқ!..»
Ҳамма унга тикилиб турар, биров бир нарса демасди. Сал-пал пули борлар эса ўзларини орқага ола бошлашди. «Сен эса биз билан юр», деди ҳалиги бошлиқ. Кейин қўлимдан етаклаб олиб кетишди. Шаҳарнинг шарқий томонидаги бир бинога олиб боришди. У ерда инқилобчилар тиқилиб кетганди. Энг қизиғи — ҳаммасининг оғизларида папирос эди. Шу ерда мени сўроқ қилишди: «Кимман? Ёшим нечада? Қаерда яшайман? Нима иш қиламан?» — хуллас, ҳамма нарсани сўрашди. Ва бир зумда инқилобчилар сафига қабул қилишди. Кейин: «Ҳозирданоқ урушга борасан. Золимларга қарши курашасан, дейишди. Ва Днепрга жўнатишди. У ерда оқларга қарши уришдим. Мен уруш нималигини билмасдим. Умуман милтиқ отишдан хабарим йўқ эди. Шундай бўлса-да, олдинги сафга қўйишди. Оқлар бизни тутдай тўкиб ташлашди. Атрофидагиларнинг ҳаммаси ўлишди. Аммо негадир менга ўқ тегмади. Худо ўлишимни истамаган бўлса керак… Шундан кейин олти ой мобайнида урушларда бўлдим. Ана шундан сўнг уйимга қайтсам керак деб ўйлгандим. Лекин бу ёққа жўнатишди. Бу ерларда ҳали бирорта ҳам жангда қатнашмагандим. Ўзи бир ҳафта олдин келгандим.
— Хўш, нима қиламиз энди?
— Агар қўйиб юборсанглар, кетардим.
— Қаерга?
— Олдинига Қўқонга. Кейин ватанимга. Ҳеч нарса керак эмас. Қанча пайтдан бери қизларимни кўрганим йўқ. Уларнинг қандай аҳволда эканликларини билмайман.
— Биз бостириб борсак-чи, айтайлик, сени уйингдан ҳайдаб чиқарсак. Бор-будингни тортиб олсак. Хотинингни, қизларингни сенга бегона қилсак, нима дейсан?
— Мен сени тушуниб турибман. Шу пайтгача менинг инон-ихтиёрим ўзимда эмас эди. Ўлай агар, шундай!
— Гарнизонда қанча аскар бор?
— Ҳаммасини санаб чиқмаганман. Лекин бирор ўн мингтача бўлишса керак. Аммо уларнинг ҳаммаси Қўқонда қолишмайди. Андижон деган шаҳар бор экан. Бир қисми шу ёққа кетишади. Кейин Ўш, Марғилон деган жойларга ҳам қўшимча кучлар юборилишини эшитдим.
— Қуроллар-чи?
— Тўплар бирор икки юзтача чиқса керак. Пулемётлар ҳам кўп. Ҳар битта аскар тўлиқ қуролланган. Менинг билганларим шу.
— Ким бошлаб келди бу ёққа?
— Абрамов.
— Қани у?
— Ўлди. Ўтган сафар ҳам келган экан. Лекин бир ўзи тирик қайтибди.
— Менга қара, эртага ҳаммани суд қиламиз. Ўшанда тирик қолиш-қолмаслигинг айтилади. Ҳозир эса ўгирил, қўлингни боғлайман. Салдан кейин овқат берилади. Шу ҳақда бошқа асирларга ҳам айт.
— Хўп, — деди Александр.
Ғўдайган, қўққайган, қуён юрак дошқур, ҳеч ким эътибор бермаганидан кейин, Александр ҳали асирларнинг ёнига қайтмасидан олдин омонатини топширибди. У нафас етмаслигидан ўлган эди. Буни ҳали ҳам қоровулликдан кетмаган чол энг аввал сезди.
— Болам, — деди у Исломга, — анави ўлиб-нетиб қолмабдими? Қимирламай ётибди.
Ислом энгашиб, дошқурнинг томир уришини текшириб кўрди. Кейин чолга юзланиб:
— Ҳа, ўлиб қолибди, — деди.
Орадан бир муддат ўтиб, жангда қатнашган ва тирик қолган йигитларнинг ҳаммаси келишди. Ислом уларни тунги қоровулликка қўйди. Албатта, навбати билан турадиган бўлишди улар. Икки соатдан. Тўрт кишидан.
Кейин асирлар навбатма-навбат ташқарига олиб чиқилди. Уларга овқат берилди. Шу билан вақт ҳам ярим тунга яқинлашиб қолди.
Ислом шу ерда қолмоқчи, йигитлари билан бирга тунни қоровулликда ўтказмоқчи эди. Бироқ Абдужаббор қўймади.
— Инсоф ҳам керак. Сен биз учун бир кунлик эмассан, бундан бу ёғига сен бўлмасанг, бу қишлоқнинг куни қандай кечади? Шундай экан, юр уйга. Овқатланиб, дамингни ол…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.