Аббос: Ғазонинг ягона ечими – Исроил қўшинларининг тўлиқ чиқарилиши

Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос Иордания пойтахти Амманда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр билан учрашувда Ғазо секторидаги вазиятнинг ягона ечимини — Исроилнинг оккупация қилинган ҳудудлардан тўлиқ чиқиши эканини таъкидлади.
Фаластиннинг расмий ахборот агентлиги WAFA хабарига кўра, томонлар учрашувда Фаластин ҳудудларидаги сўнгги воқеаларни, шу жумладан тинч аҳолига нисбатан босқинчиликни муҳокама қилган.
Аббос таъкидлашича, зудлик билан оташни тўхтатиш, барча исроиллик ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиш ҳамда Ғазога инсонпарварлик ёрдамини киритиш зарур.
«Ғаза бўйича ягона ечим — Исроилнинг тўлиқ чиқиши. Бу ҳудуд учун жавобгарликни халқаро ҳамжамият кўмагида Фаластин давлати ўз зиммасига олиши лозим», — деди Аббос.
У шунингдек, ҲАМАСни расмий Фаластин маъмуриятига қуролни топширишга ва Фаластинни озод этиш ташкилоти (ФОЭТ)нинг халқаро қонунчиликка мувофиқ сиёсий дастури доирасида ҳаракат қилишга чақирди.
Ғазодаги тинчлик музокаралари
Аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил 60 кунлик оташкесим бўйича Қатар ва Миср воситачилигида тақдим этилган таклифни қабул қилганини маълум қилган эди. ҲАМАС ушбу ташаббусни ижобий қабул қилиб, келишувни амалга ошириш бўйича музокараларга тайёр эканини билдирган.
Бироқ Исроил ҲАМАС томонидан киритилган ўзгартиришларни қабул қилмаганини эълон қилди. Шу билан бирга, Исроил делегацияси музокараларни давом эттириш учун Қатар пойтахти Дохага йўл олди.
Манбаларга кўра, кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилган, аммо асосий ихтилоф — Исроилнинг Рафаҳ ва Хан-Юнусни ажратиб турувчи Моран коридорида ҳамда Ғазо жанубида жойлашган Рафаҳ шаҳрида ҳарбий назоратни сақлаб қолишга бўлган талабидир.