Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (37-қисм)

* * *
Йўлдош чол уйига етгунича сўкинди: баъзан овозини баралла қўйиб, баъзан хуфиёна. Сўкишларининг бошида Абдужаббор турди, кейин унинг жияни. Чунки айни шуларни деб у қишлоқда обрўсидан айрилиб қолди. Илгари қишлоқдошлари унинг бир гапини икки қилишмасди. Чунки у омадли ва бой савдогар эди. Унинг таниш-билишлари хон саройида кўп эди. Кейин мингбоши келса, биринчи навбатда унинг уйида меҳмон бўларди, у билан шаробхўрлик қиларди…
Бир сафар Қўқонга борса, вазият ўзгарибди. У ўзгариш бўлаётганини олдиндан билган эди. Хат-саводи бор. Газеталарни ўқиб туради. Ҳар сафар борганида, ўрислар билан гаплашди. Чунки ўрис тилини билади. Билишини қишлоқдагиларга айтмайди. Билишига асли сабаб — онаси. Онаси Тошкентда етти йил яшаган: генерал Кауфман босқинидан олдин. Чунки отаси Тошкентда кўп бўларди. Хитойдан оладиган чинниларини шу ерда тақсимларди. Отаси катта савдогар эди. Чин юртига ўзи бориб келарди. Карвони катта эди. Йўлдош эса, Тошкентда бўлар, шу ерда отасини кутиб олар, кейин у билан бирга молларни Самарқанд, Бухоро, Хивага жўнатар эди… Ана шу йиллари бир ўрис келиб қолди. Ўрис балонинг калтаги эди. Ўта синчков одам эди. Одамларнинг ҳар бир ҳаракатини кузатарди. Ўзи чойхоналарда ётиб юрар эди. Бошида ўзбекчага унчалик ҳам тили келмасди. Ана шу пайтда Йўлдош унга дуч келиб қолди. Вақт бемалол. Киссасида пули бор. Бу ёғи ота ҳали сафардан қайтмаган. Қизиқсиниб ўша ўрис билан бир нималарни гаплашган бўлди. Лекин ўрис буни, у ўрисни деярли тушунмади. Шунда Тошкентдаги уйига бориб, онасига ким билан танишиб қолганлигини айтди. «Сен уни маҳкам ушла, — деди онаси унинг сўзларини эшитиб бўлгач. — Отангнинг ёши олтмишга яқинлашиб қолди. Болалари бўлса кўп. Эрта бир кун болаларидан биттаси унинг ўрнини эгаллаши керак. Агар ақлли бўлсанг, тил билсанг, у сени танлайди. Йўқса, отангнинг бошқа хотинларининг болалари улоқни олиб кетишади». «Хўп», деди Йўлдош ва эртасига ўша ўрисни қидириб топди. Илиқ кўришди… Натижада Йўлдош ўрис тилини, ўрис эса ўзбекчани ўрганиб олди. Энди улар биргалашиб улфатчилик қилишарди. Йўлдош уни бир-икки марта Тошкентдаги уйига ҳам олиб бориб меҳмон қилди. Шу тариқа унинг ўрис тилидаги билими анча ошди…
Ўшанда тўғри қилган экан. Чунки билгани кейин асқатиб қолди.
У Шомуян деган армани баққол билан танишиб қолди. Баққолнинг шароб ишлаб чиқарадиган кичик корхонаси ҳам бор эди. У ўзи ишлаб чиқарган шаробни кўпроқ арманларга сотарди. Аммо шу билан бирга иродаси сустроқ мусулмонларни ҳам сийлаб турарди. У норози бўлган арманларга: «Сизлар шошмай туринг, буларни бир ўргатиб олайин, ана ундан кейин қандай қилиб буларга яхшигина нархда сотишни ўзим биламан», дерди. Худди шундай Йўлдош ҳам Тошкентда ўрис билан бирга тил ўрганиб юрган кезлари ичкиликнинг мазасини татиб кўрганди. Ўша даврлардаги кайфу сафони кўнгли тусаб қолди ва Шомуяннинг мижозларидан бирига айланди. Кейин улар анча қадрдонлашиб ҳам қолишди. Аммо Николай подшо тахтдан ағанаганидан сўнг Шомуян бир думалаб инқилобчига айланиб қолди. Яна партия ҳам тузди. Тўғрироғи, унга партия тузиб беришди ва у партия раҳбари бўлди.
Кунларнинг бирида Йўлдош чолнинг мияси қайнаб, Шомуянни излаб борди. Аммо уни дўкондан тополмади. Кўрганлар: «У киши катта одам бўлиб кетганлар. Ҳозир у кишининг айтгани-айтган, дегани-деган», деб айтишди.
«Эй, унақа бўлса, бориб ошнамни бир табриклаб келайин», — деди Йўлдош чол.
Сўраб-суриштириб, амаллаб топиб борди. Шомуян қўш қаватли иморатнинг иккинчисида ўтирар экан. Йўлдош бурни танқайган қўриқчилардан зўрға ўтди. Шунда ҳам қўриқчи ичкарига кириб чиқиб, кейин ўтказиб юборди.
Шомуян кўрса кўргулик экан. Кийими уни салобатли қилиб юборибди. Белида камари бор. Камарида револьвернинг чарм қопчиғи. Бошида ҳарбийларнинг шапкаси. Шапканинг пешонасида қип-қизил беш юлдуз.
— Эй-й, ошнам танимайдиган бўлиб кетибдилар! — дея қучоғини очди Йўлдош чол.
Шомуян эса осилган қовоғини баттар уйди.
— Сен менинг гўрдан чиққан ошнаммисан?! — деди дағаллик билан.
Бирдан Йўлдош чолнинг ичидан дами чиқди.
— Ҳалиги… — деб у чайналди.
— Нима ҳалиги?! — деди овозини бир парда кўтарган Шомуян.
— Дўконга боргандим. Тополмадим. Одамлар сени шу ерда дейишди. Келдим.
— Нима дединг? Сен ҳозир мени сен дедингми?! Бутун бошли партия раҳбарини, бунинг устига, инқилоб вакилини-я?
— Сен ўзинг ҳам мени сен деяпсан-ку. Иккаламиз доим шундай гаплашардик-ку.
— Менга қара, бундан бу ёғига мени баққол, шаробфуруш деб чақирмайсан, уқдингми?! Мен инқилоб учун, инқилоб билан бирга қайта туғилдим. Мен ўртоқ Ленин, ўртоқ Сталиннинг издошига айланганман. Мен инқилоб учун ҳамма топган-тутганларимни қизилларга топширганман…
— А-а?! Йўғ-э! А, бу бирга ичганимизда, ўзингнинг дўконингга ҳам тўлов қилардинг-ку. Қолаверса, мен ҳар иккаламиз учун тўлардим. Эсингдан…
— Ўчир овозингни! Ҳозир сени трибуналга топшираман ва бугуннинг ўзида отилиб кетасан. Сен капиталистсан! Сен савдогар, унсурсан! Сендақаларга ишчи-хизматчи ва деҳқонлар орасида жой йўқ! Бундан кейин ҳеч қанақанги бой бўлмайди. Бундан кейин ҳамма нарса йўқсиллар қўлига ўтади!
— Эй, унда кечирасиз, ҳурматли бошлиқ!
— Ҳурматли эмас, ўртоқ бошлиқ!
— Ҳа-ҳа, ўртоқ бошлиқ. Энди бизнинг бир қошиқ қонимиздан кечасиз, азбаройи эскидан қадрдонлигимиз ҳаққи-ҳурмати, — деб Йўлдош чол қўйнига қўлини тиқиб, тўрт дона тилла танга чиқарди.
Тангаларни кўриб, Шомуяннинг кўзлари ўйнади. «Оҳ, бунчалик жозибадор бўлмаса бу тангалар!» дея кўнглидан ўтказди ва интиқлик билан Йўлдош чолнинг узатишини кута бошлади. Ўзи бир лаҳзалик воқеа. Ана шу бир лаҳза ҳам Шомуяннинг ичини ёндириб юборди. Очиғини айтганда, у инқилобга сариқ чақа ҳам топширмаганди. Асли фақат арманлардан ташкил топган партиянинг раҳбари бўлишидан бош мақсад — бойлигига бойлик қўшиш ва топганларини эртароқ Кавказга олиб кетиш эди. Ҳозир очиқ-ошкора Йўлдошни алдаётганди. Йўлдош чол ҳам унинг алдаётганлигини биларди. Аммо айни пайтда қутулишнинг ўзга чораси йўқ эди. Бунинг устига, унинг кўзи кўр, қулоқлари кар эмас. Замонанинг умуман бошқа томонга оғиб кетганини яхши билади. Шундай алғов-далғов замонда Шомуяндай бақувват таниши бўлмаса, кун кўриб кетиши қийин.
У атайлаб тангаларни бир-бирига уриштириб, жиринглатиб ташлади Шомуяннинг кафтига. Сўнг:
— Шу қисталоқларнинг жиринглашига борман-да, — деди кулиб.
— Ҳа-а, сариқлигини айтмайсанми? Ялтирашини-чи? Хонани ёритиб юборди, — дея иржайди Шомуян ва шоша-пиша тангаларни чўнтагига солди. Сўнг бориб стулига ўтирди-да, деди:
— Хўш, мен сенга битта қоғоз ёзиб бераман. Шу қоғозни кўрсатсанг, ҳеч ким сенга тегинмайди. Аммо бу қоғозни шунчаки бермайман. Қишлоғингдаги бойлар ҳақида маълумотлар берасан. Кейин бошқа қишлоқлар тўғрисидаям нимаики билсанг, бизга етказиб турасан. Биз бойларнинг бойликларини тортиб оламиз ва ишчи-деҳқонларга улашамиз. Бундан бу ёғига ҳамма тенг бўлади. Бой-камбағал деган нарса бўлмайди.
«Ҳа, бўлмайди-я, бўлмайди, — дея кўнглидан ўтказди Йўлдош. — Ҳозиргина мендан тўрт тилло танга пора олдинг-ку, итнинг боласи. Агар шу тўрт танга бўлмаганида, ҳозир ким нима балоларни қилардинг?!»
— Бунисини боплайман. Лекин менга…
— Сенга ҳеч нима бўлмайди. Менинг қоғозим сени ҳар қандай офатлардан сақлайди. Кўриб турибсан Қўқонда нима воқеалар бўлаётганини. Бу ҳали бошланиши. Шундай кунлар келадики, ҳаммаёқ остин-устун бўлади! Мана кўрасан, мен айтганимдай бўлади.
Ҳа, унинг айтганидай бўлди. Қўқон аҳли тўпга тутилди. Қочганлари отиб ўлдирилди. Бир кунда ўн минг одамнинг ёстиғи қуриди. Бундан чиқди, Шомуян кичкина одам эмас экан. Бундан чиқди, у катта амалдорга айланибди. Бундан чиқди, унинг этагини маҳкам тутиш керак экан. Токи бўронлар ўтиб кетгунича.
Шундай ҳам қилди ва энг аввало ўзи ёмон кўрадиган савдогарларни сотди. Кейин қўшни қишлоқларга ҳам оралади. Аслида, кимлар бой эканлигини жуда яхши биларди. Бироқ шунга қарамай, бориб яна бир марта кимнинг нимаси борлигини кўздан кечириб чиқди…
Биринчи гал қизиллар қишлоғига бостириб кирганида, одамларни тутдай қирганларида ва яна кимнинг нимаси бўлса тортиб олишганида, Шомуяннинг берган қоғози уни ва оиласини сақлаб қолди. Уни айнан бурни узун, башараси совуқдан-совуқ, серсоқол дошқур-қизил аскарга кўрсатди.
— Ҳимм, ўртоқ Шомуяннинг берган ваколатномасими?! Бўпти, сенга тегмаймиз, — деди дошқур…
Йўлдош чол шу кунларда Шомуяннинг ёнига бормоқчи бўлиб юрганди. Ахир унга ҳам қандайдир амал берсин. Савдогарликнинг иложи бўлмай қолди. Агар амали бўлса, яна пичоғи мой устида, егани олдида, емагани орқасида бўлади… Бироқ шундай бир пайтда қайси гўрдандир Абдужабборнинг жияни пайдо бўлди. Пайдо бўлса, майли, қанчадан-қанча қизил аскарларни қириб ташлади. Мана, яна қанчасини асирга олиб ўтирибди. Ичида нима ўй-хаёллари бор, у билмайди. Боз устига, ҳамманинг олдида тоға-жиян унинг обрўсини бир пул қилди.
«Мен сенларнинг уруғларингни куйдириб юбораман. Биттанг ҳам қолмайсан. Сенлар ўзларингча «икки марта урушда енгдик» деб ғўдайиб юрибсанларми?! Лекин ҳали ҳаммаси тугагани йўқ. Энди бошланаяпти! Сенлар ўт билан ўйнашиб қўйдинглар!..» — у шундай деб уйига кирди-да, қўлига қоғоз-қалам олди ва Шомуяннинг номига хат ёзди. Хатида халқнинг хаёлини кимлар бузганлиги, кимлар қизил аскарларни ўлдирганлигини аниқ-тиниқ ёзди. Кейин хатнинг бир неча жойида Исломнинг ўта хавфли эканлигини, унинг чет элда ўқиб келганлигини ва инқилобнинг ашаддий душмани эканлигини ва агарда у тезда йўқ қилинмаса, улкан армия тузиши мумкинлигини уқтириб ўтди. Сўнг ёнига қули Жумақулни чақирди. Жумақулнинг ёши йигирма учда эди. Саводсиз. Кўзлари кўкимтир, ўзиям сариқ эди. Ундан ғалати сассиқ ҳид келарди. Йўлдош уни кўрди дегунча асаби бузиларди. Лекин Жумақул ўта сотқин эди. Қайси хизматкор қандай айб иш қилса, дарров Йўлдошга кўпиртириб-бўрттириб етказарди. Шунингдек, қўшнилар нималарни сотиб олганларини, у ҳақда нималар деганини оқизмай-томизмай хўжайинига етказарди. Йўлдош ҳамиша ундан шубҳаланади: «У бировларнинг гапларини менга етказиб келар экан, демак, менинг сўзларимни ҳам бутун дунёга достон қилади». Аслида ҳам шундай эди. Бироқ Жумақул шундай қилардики, ҳамма гап-сўзлар бошқа бировларнинг номидан тарқатилган бўлиб чиқарди.
Ҳозир эса хатни оладиган, Қўқонга элтадиган ягона номзод Жумақул. Ундан бошқаси бу ишни эплолмайди. Яна битта яхши томони — Жумақулнинг саводсизлиги. Бошқа хизматкорларнинг ҳаммаси ўқишни билишади. Тўғри, Йўлдош рус тилида ёзди. Рус тилини эса анави Исломдан бошқа ҳеч ким билмайди. Лекин бошқа хизматкорларнинг феъли айниб турибди. Шундай экан, биргина Жумақулни Қўқонга жўнатиш мумкин… Иккинчи томони, Жумақулнинг ҳеч кими йўқ. Хат охирида эса Йўлдош чол номани олиб борган одамни ўлдириш кераклигини, акс ҳолда, у сотқинлик қилиши мумкинлигини катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйган эди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.