Зеленский Юлия Свириденкони Украина Бош вазири этиб тайинлашни таклиф қилди

Зеленский Юлия Свириденкони Украина Бош вазири этиб тайинлашни таклиф қилди

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат вице-премьери Юлия Свириденкони Украина Бош вазири лавозимига тайинлашни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Телеграмдаги саҳифасида маълум қилди.

«Мен Юлия Свириденкони Украина ҳукуматини бошқариш ва унинг фаолиятини жиддий янгилаш таклифини бердим. Янги ҳукуматнинг ҳаракатлар дастурини яқин вақтда тақдим этилишини кутаман», — деб ёзди Зеленский.

Давлат раҳбари, шунингдек, Свириденко билан учрашув ўтказганини ва унда Украина тикланиши бўйича яқинда ўтказилган халқаро конференцияда европалик ва америкалик ҳамкорлар билан эришилган келишувларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинганини таъкидлади.

Президент сўзларига кўра, учрашувда Украина иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, фуқароларни қўллаб-қувватлаш дастурларини кенгайтириш ва мамлакатда қурол ишлаб чиқаришни оширишга доир аниқ чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

«Шу мақсадда Украинада ижро ҳокимияти тизимини трансформация қилишни бошлаяпмиз. Мен Юлия Свириденкони Украина Бош вазири этиб тайинлаш ва ҳукумат фаолиятини сезиларли даражада янгилаш таклифини бердим. Яқин кунларда янги ҳукумат дастурини кутаман», — дея қайд этди Зеленский.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: