Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (40-қисм)

Қамоқхонага етмасидан уни тўхтатишди. «Кимсан?» дейишди. Ислом жавоб бермади. «Кимлигингни айтмасанг, ҳозир отиб ташлаймиз», дейишди. Ислом эътибор бермаган киши бўлиб юришда давом этди. Шунда милтиқнинг ўқлангани эшитилди. «Менман», деди у бирдан. Дарров уни овозидан танишди. Енгилгина кулги ҳам эшитилгандай бўлди. Шундан кейин Ислом қўриқчиларнинг ёнига борди. Ҳар иккисининг ҳам елкасига қоқиб қўйди. Чунки йигитлар сергак туришибди. Бегонага муомалани худди у ўргатгандай бажаришаяпти. «Бошланиши ёмонмас, шу тариқа давом этишса, кўп нарсаларни ўзлаштириб олишади», дея кўнглидан ўтказди Ислом. Шунингдек, унинг кўнглида кучли, енгилмас қўшин тузиш иштиёқи уйғонди.
Асирлар қамалган уй атрофидагилар ҳам худди шундай сергак эдилар. Бироқ улар ҳовли томонга йиғилиб олишибди ва ниманингдир устида баҳслашишарди.
— Бу нима аҳвол?! — деди Ислом жаҳли чиқиб.
Қўриқчи йигитлар ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қараб олишди.
— Мен сизларга: «Нима бўлган тақдирда ҳам, жойларингизни тарк этманг!» демаганмидим?
Саволга жавоб бўлмади. Улар қўлларидаги машъалани ушлаганча бошларини эгишди.
— Эҳ, унақамас-да. Тартибга риоя қилиш керак. Бўлмаса, биз узоққа кетолмаймиз.
У шундай деб йигитлардан биттасининг қўлидан машъалани олди. Сўнг секин уйнинг орқа томонига ўта бошлади. Илло, қандайдир гурсиллаган товушни эшитганди. Машъаласини берган йигит унга эргашди. Шунда Ислом тўхтаб ортига ўгирилди-да, кўрсаткич бармоғини лаблари устига қўйиб, «тисс!» деди, кейин яна йўлида давом этди.
Борган сари гурсиллаш яққолроқ эшитила бошлади.
У гурсиллаётган жойни топди. Товуш асирлар қамалган хонанинг орқасидан келаётганди.
Ислом ортидаги жангчининг қўлига машъалани тутқазиб, тез-тез юрганча ҳовлига ўтди.
— Мен сизларга нима деган эдим? Жойингиздан жилманг, демаганмидим? — деб койиди ҳамма ўзининг қўриқлаш нуқтасига кетиб, биргина ҳовлини қўриқлашга қолган йигитга.
Кейин унинг қўлидан машъалани олди-да, қўриқчига бошқаларни чақириб келишни буюрди. Ўзи эса уй эшигининг қулфини оча бошлади.
Улар ичкарига киргач, ён томондаги ва орқадаги эшиклар очиқлигини кўришди. Ислом орқадаги уй эшиги ёнига борди-да:
— Тирик қолишни истасанглар, қўлларингни кўтарганча бу ёққа чиқинглар! — деб буюрди.
Жавоб бўлмади.
— Мен такрорлаб ўтирмайман. Отиб ташлайман. Ўзларингдан ўпкаланглар!
— Тўхта! Тўхта! — деган овоз келди ичкаридан.
Сўзлар бузиб талаффуз қилинди. Демак, улар руслар эмас. Шу боис Ислом машъалани олдинга чўзди.
Тахмин ўзини оқлади. Эшик ёнига келиб, деворга қапишиб олган душман шошганча қўли билан машъалани урди. Худди шундай бўлишини кутган Ислом эса тезкорлик билан револьвердан ўқ узди.
— Иммм!!! — дея ингради кимдир, кейин ерга қулаб тушди.
Бу пайтда Ислом ичкарига кириб олган эди. Унинг ортидан яна битта йигити кирди. Машъала ёруғида яна учта дошқурга уларнинг кўзи тушди. Шу нимёруғда уларни бошқалардан ажратиб олиш қийин эмас эди.
— Минг афсус, ит ҳамиша итлигини қилар экан. Қочишга уринмаганларингда, балки, тирик қолардинглар!..
Дошқурларнинг бирида ханжар бор эди. Асирга олинаётган маҳал яширишга улгурганди. Айнан у бошқа шерикларининг ҳам қўлларини бўшатганди… Аксига олиб, эътиборсизлик туфайли, ҳозир улар орқа томонини тешаётган уйда кетмон қолдирилган экан. Қанча одам бу хонага кириб чиққанди, бироқ ҳеч ким кетмонга эътибор қилмабди.
— Ўлдираман! Ўлдираман! — дея пишқирди дошқур ва Ислом томонга югурди.
Аммо у икки қадам ҳам ташлашга улгурмасдан ерга юзтубан йиқилди. Ислом эса қолганларни ҳам аямади — шу ернинг ўзида дорилбақога кузатиб қўйди. Унинг ғазаби тобора қўзиб борарди. Бунга, аввало, ўз жангчилари сабабчи эди, чунки улар буйруқни у истагандек бажармадилар. Иккинчидан, дошқурларнинг навбатдаги разолатларига гувоҳ бўлди. Агар улар эртагача кутганларида ва ўзларининг бу ишга мажбуран қўшилганликларини Ислом ишонадиган тарзда исботлай олганларида, катта эҳтимол билан тирик қолган бўлишарди.
— Ўқ овозини эшитдингизми?! — деб сўради Ислом асирлар қамалган хонага киргач. У қўлидаги машъалани олдинга чўзиб, уларга тикилди.
— Эшитдик, — деди кимдир.
Жавоб берган одам Александр эди. Бошқалар эса жавоб беришга журъат қила олмадилар — улар қўрқишди. Александр эса Ислом билан гаплашган, унда бошқаларда бўлмаган инсонийликни кўрган ва шунинг учун бемалол жавоб қайтарган эди.
— Эшитган бўлсангиз, яхши. Энди мен ўқ овозига қўшимча қиламан. Қочишга уринганларнинг ҳаммаси отиб ташланди. Ўйлайманки, бошқалар ўз ўлимларини шошилтиришни истамайдилар. Агар шундай бўлса, эрталабгача кутинглар. Эрталаб ким ўлади, ким қолади — аниқлаймиз. Ҳаммасини Худо билади! Айтганча, Александр, ҳозирдан бошлаб сен асирларнинг бошлиғисан. Қочмоқчи бўлганларга тўғри тушунтирасан, деб умид қиламан.
Эрталабгача бошқа ҳеч қандай нохуш ҳодиса содир бўлмади. Бу, аввало, ўқ овозлари ва Исломнинг огоҳлантириши туфайли эди. Иккинчидан, асирлар чарчаб, толиқиб бўлган эдилар. Ахир уларга ҳам осон бўлмади. Қанча йўл юриб келишди, кейин бирдан жангу жадал бошланиб кетди. Ундан сўнг асирликда қанча савдолар бошига тушмоқда. Устига-устак, тор хонада бир-бирига қапишиб, зўрға ўтиришибди. Улар шу кўйи ўтирган жойларида ухладилар. Эрталаб эса кимдир белини, кимдир бўйни ёки орқасини ушлаб, оғриқдан зўрға кўзини очди. Ораларида: «Ўлдирса, ўлдириб юборсин, мен ташқарига чиқаман, қочмайман, лекин одамдай тураман», деювчилар ҳам бор эди.
Эрталаб ҳали сўроқ-савол бошланмасдан олдин эса, қишлоқнинг энг чеккасидаги кулбада яшайдиган, ўтган йили олтмишга кирган, аммо кўринишидан саксон ёшли чолни эслатиб юборадиган, оппоқ соқоли кўксига тушган Қудратилла исмли мўйсафид Исломнинг ёнига келди. Ислом уни кўриши билан дарров ўрнидан турди. Югуриб бориб қарши олди-да, салом берди.
— Сени илгари кўрмаганман, — деди чол унинг саломига алик олгач, — аммо эшитдим. Бачқирлик Нурмуҳаммад қорининг ўғли экансан.
— Ҳа, худди шундай, — деди Ислом жилмайишга ҳаракат қилиб.
— Отанг жуда ажойиб инсон эди. Мен ундан жуда кўп дарс олганман. Тиловатини эшитиб, маза қилардим. Кейин у кўп ҳадислар биларди. Яна жуда мулойим одам эди. Кўпни кўрганди.
Ислом унинг сўзларини бошини эгганча эшита бошлади.
— Аммо у боласи бундай номаъқул ишни қилади, деб сира ўйламаган экан.
— Нима? Номаъқул? Қандай? — деди ҳеч нарсага тушунмаган Ислом. — Агар…
— Шошма, гапимни бўлма. Пайғамбаримиз яшаган даврларда Бадр кофирларидан жуда кўпи асир олинган эди. Аммо пайғамбаримиз уларга заррача зиён етказмадилар. Балки, ўзлари оч бўлса-да, уларга овқат беришди… Ўшанда мусулмонлар бой-бадавлат эдиларми? Йўқ. Аввал жанг кўрганмидилар? Йўқ. Хўш, сен нима қилаяпсан?.. Устакорлигингни кўрсатдинг. Қишлоқни ҳимоя қилдинг. Бунинг учун мингдан-минг миннатдорман. Аммо нега асирларга зулм кўрсатаяпсан?
— Урушнинг қонун-қоидаси…
— Ўша қонун-қоидани ким ўйлаб топган?! Мен тупурдим у қонун-қоидага. Ҳозироқ гуноҳига қолмасингдан бурун, уларни ташқарига чиқар, овқат бер. Муомалангни тўғрила. Агар жароҳатланганлари бўлса, давола. Қолганини Худога қўйиб бер. Тушундингми, биродаримнинг боласи?!
— Ҳа, — дея бошини силкиди Ислом.
— Унда ҳаракатингни қил.
Ислом унинг айтганларини чин кўнгилдан бажаргиси келмади. Бироқ унинг истагидан мусулмонлиги, диндорлиги устун эди. Шу боис ҳамма асирларни ташқарига олиб чиқишларини, сўнг уларнинг қўлларини ечишни буюрди. Айни пайтда ўзининг қуролли жангчиларини уларнинг рўпарасига турғазиб қўйди. Асирлар: «Шу ернинг ўзида бизни отиб ташлашса керак», деб ўйлашганди. Бироқ орадан бир соатча вақт ўтиб, овқат берилди. Асирлар овқатланаётганида уларни қўриқлаб турганлар нарироқ кетишди. Асирлар ҳақиқатан ҳам жуда оч эдилар. Улар ҳеч нимага қарамасдан, тезроқ ҳаракат қилишмаса, биров тортиб оладигандай шоша-пиша овқатланишди. Баъзилари, айниқса, дошқурларнинг қорни тўймади. Чунки улар илгари мўл-кўл еб ўрганиб қолишганди. Агар ўзлариники камлик қилиб қолса, ҳеч тап тортмай бошқаларникини тортиб олиб ейишарди. Энди эса бунинг имкони йўқ. Улар атайлабдан тўймаганликларини кўрсатиб қўйиш учун яна беришларини сўрагандай, идишларни ялаб-юлқашди. Ислом уларни кўриб кулди. «Бу очофатлар ҳеч қачон тўймайди», деб кўнглидан ўтказди.
Сўнг асирлар қўллари боғланмаган ҳолда учта хонага қамаб қўйилди. Ана шундан кейин навбатма-навбат ташқарига олиб чиқиб сўроқ қилинди.
Бор-йўғи еттита асир қизиллар сафига тасодифан кириб қолганлиги маълум бўлди ва уларнинг бирортаси ҳам дошқур эмас эди. Кейин уларнинг қотиллик қилган-қилмаганликлари суриштирилди. Бу сўроқларда ҳам улар оппоқ бўлиб чиқишди. Чунки урушларда қатнашишмаган. Қатнашганлари ҳам милтиқ ишлатмаган. Кейин худди шундай савол ўз ихтиёри билан инқилобчиларга қўшилганларга берилди. Аммо энди қотиллик қилганлар аниқланди. Дошқурларнинг ҳаммаси ва бошқаларнинг деярли ярми. Ўша яримнинг орасида юртини сотганлар — сартлар ҳам бор эди.
Ислом, унинг тоғаси Абдужаббор, кекса Шодмонқул, Ориф чол, Маъруф тоға (унинг ёши унча катта эмас эди, лекин негадир қишлоқнинг ҳамма одами «тоға» деб чақирар эди), Сайфулла бой, Абдуғаффор савдогар, ҳукм қилишдан олдин Қудратилла чол ҳам чақирилди. Ислом шуни талаб қилди. «Ҳаммаси динимиздагидай бўлсин. Йўқ жойдан гуноҳ орттириб олмайлик», деди.
Қудратилла чол келиб, олдин Исломнинг сўзларини эшитди, сўнг унинг елкасига қоқиб қўйди:
— Мен сенинг қулоқсиз эмаслигингни билардим… Ҳукм масаласига келсак, энг биринчи галда анави сотқинларни йўқ қилиш керак. Ундан сўнг кимки қотиллик қилган бўлса, уларни ҳам қатл қилиш лозим. Чунки жонга жон билан жавоб қайтарилади. Бошқача ҳисоби йўқ. Қолганларини қўйиб юборсанг ҳам бўлаверади. Агар бориб, яна қўлларига қурол олишса, яна бизга ёки мусулмонларга қарши уришса, ана ундан кейин ўзидан ўпкаласин.
Ислом енгил тортди. Ўзи ҳам тахминан шундай қарорга келганди. Энди хаёлидагини Қудратилла чолнинг сўзлари билан тасдиқлаб олди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.