Ҳар бир чегарачи – тинчлик кафолати, халқимизнинг суянчи ва ифтихоридир

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли Қибрай туманидаги ҳарбий қисмда “Янги Ўзбекистон чегарачилари – миллатимиз қаҳрамонлари” шиори остида адиблар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Ҳарбий қисм бошланғич ташкилоти етакчиси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур маънавий-маърифий тадбирда Ватан ҳимоячиларининг юксак масъулияти, матонати ва фидойилиги яна бир бор эътироф этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, адлия полковниги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Олимжон Ўсаров ҳамда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқулова ҳарбий хизматчилар билан самимий мулоқот олиб борди.
Олимжон Ўсаров чегара қўшинлари сафида хизмат қилаётган ҳар бир аскар ва сержант Ватан ҳимояси йўлида мардлик ва жасоратни ўзида мужассам этиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. У юрт посбонларини қўллаб-қувватловчи, уларнинг жанговар руҳини кўтарувчи ижодий фикрлари билан ўртоқлашиб, “Ҳар бир чегарачи – тинчлик кафолати, халқимизнинг суянчи ва ифтихори бўлиши керак” деган ғояни алоҳида қайд этди.
Шоира Фароғат Худойқулова эса юртни севиш, уни асраб-авайлаш, Ватанимизнинг муқаддас чегараларини ҳимоя қилиш мавзусида ёзган шеърларини ўқиб берди. Унинг ватанпарварлик руҳидаги сатрлари ҳарбий хизматчиларга юксак мотивация берди ва уларни янада кучли, иродали, матонатли бўлишга чорлади.
Тадбирда, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган иқтидорли ёшлар ҳам ўз ижодий чиқишлари билан иштирок этди. Улар томонидан куйланган ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар, шеърлар ва саҳна кўринишлари тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Мазкур учрашув ҳарбий қисмдаги хизматчиларнинг маънавий оламини бойитиш, уларда Ватанга садоқат, миллий ифтихор туйғуларини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшди. Бундай учрашувлар, албатта, ҳарбийлар қалбида Ватан ҳимоячиси сифатидаги бурчини янада чуқур ҳис этишига хизмат қилади.
Ўз мухбиримиз.