Исроил армияси Сурия билан чегарада қўшимча кучларни жойлаштирмоқда

Исроил Суриянинг Эс-Сувейда шаҳридаги кескин вазият ва Дамашққа қилинган ҳаво ҳужумларидан сўнг чегара ҳудудига қўшимча ҳарбий кучларни жўнатди. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотда айтилишича, армия ҳозирги вазиятни баҳолаб, чегарадаги муҳофаза чораларини кучайтириш бўйича қарорлар қабул қилмоқда. Шу билан бирга, Исроил армияси ҳимоявий ва ҳужумкор операцияларни давом эттиришини маълум қилган.
Суриянинг Эс-Сувейда шаҳрида икки кун олдин друз ва бедуин қабилалари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланган эди. Ҳар икки томон тинч аҳоли орасидан инсонларни гаровга олгани қайд этилган. Жанжаллар натижасида камида 30 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Сурия ҳукумати вазиятни барқарорлаштириш учун ҳудудга қўшимча ҳарбий ва ички ишлар кучларини жўнатди. Аммо ҳарбий колоннага қилинган ҳужумда 18 суриялик аскар ҳалок бўлди, 9 нафари асирга олинди.
Исроил мудофаа вазири Исраэль Кацнинг сўзларига кўра, Тель-Авив друз жамоасига таҳдид бўлишига йўл қўймайди ва бундай вазиятда томошабин бўлиб турмайди. Шу муносабат билан Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эс-Сувейда атрофида жойлашган Сурия армияси нуқталарига бешта ҳаво зарбасини йўллади.
Исроил ҳукумати Асад режимига қарши чиқиб, друзлар яшайдиган ҳудудни Сурия билан тўлиқ интеграциялашувига тўсқинлик қилиб келаётганини маълум қилган. Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу ва мудофаа вазири Исраэль Кац Сурияга нисбатан ҳужумлар янада кучайиши мумкинлигини билдиришган.