Германиядан Афғонистонга иккинчи депортация рейси жўнаб кетди

Бу ҳақда Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт АRD телеканалига маълум қилди.
Бортида 81 нафар Афғонистон фуқароси бўлган самолёт Лейпциг аеропортидан ҳавога кўтарилди. Добриндтнинг сўзларига кўра, бу одамлар “жиноятлар учун судланган” ва “мажбурий депортация қилиниши керак”.
Добриндт Кобулга парвозни амалга оширишда Германиянинг “стратегик ҳамкорлари”, хусусан, Қатар иштирок этганини маълум қилди.
Бу 2024 йил августдан бери биринчи ва Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келган 2021 йилнинг ёзидан кейинги иккинчи депортация парвози бўлди.
Германия 2024 йил 30 августда 28 нафар афғонистонликни ватанига депортация қилганди. Улар Германияда судланган жиноятчилар эди. Парвоз олдидан уларнинг ҳар бири 1000 евродан олган.
Ўшанда “Толибон” вакили Германиядан депортация қилинган жиноятчилар уларнинг оилалари ҳеч қандай жиноий ҳуқуқбузарлик қилмасликлари ҳақида ёзма кафолат берганидан кейин қўйиб юборилганини айтганди.
Бу қарор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид остига олинмоқда. Уларнинг таъкидлашича, депортация қилинган шахслар Афғонистонда ҳуқуқларининг бузилиши, қийноқлар ва қатағонларга дуч келиш хавфи остида қолиши мумкин.