Исландияда вулқон отилиши сабабли сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди

Исландиянинг Рейкьянес ярим оролида яна бир бор вулқон фаоллашди — отилиш бугун эрталаб, маҳаллий вақт билан соат 4 ларда бошланди. Вулқон кратеридан қизигaн лава оқиб чиқмоқда, осмонга тутун устунлари кўтарилмоқда. Бу ҳудудда 2023 йил охиридан бери бу тўққизинчи вулқон отилишидир.
Хавфли вазият сабабли қирғоқ бўйидаги Гриндавик шаҳарчаси аҳолиси ва машҳур “Кўк лагуна” термал курорти меҳмонлари эвакуация қилинди. Бироқ, Гриндавикнинг тахминан тўрт минг аҳолиси аввалги отилишлардан сўнг аллақачон ўз уйларини тарк этган эди, ҳукумат эса уларнинг мулкларини босқичма-босқич сотиб олмоқда.
Исландия метеорология хизмати маълумотларига кўра, бу ҳудудда сўнгги фаоллик жорий йилнинг апрель ойида кузатилган. 2021 йилгача эса Рейкьянесда деярли 800 йил давомида бирорта ҳам вулқон отилиши содир бўлмаган. Энди эса бу ерда янги вулқон фаоллиги босқичи бошланган.
Ҳозирча халқаро авиақатновларга бу ҳолат таъсир кўрсатгани йўқ. Расмийлар 2010 йилда Эйяфьядлайёкюдл вулқони отилиши туфайли бутун Европадаги ҳаво қатнови издан чиққан воқеалар такрорланишини кутмаётганини таъкидламоқда.