Исроилнинг Эйлат порти 20 июлдан ёпилиши мумкин, бунга Яман ҳусийларининг Қизил денгиздаги кемачиликка қилган ҳужумлари сабаб бўлмоқда 

Исроилнинг Эйлат порти 20 июлдан ёпилиши мумкин, бунга Яман ҳусийларининг Қизил денгиздаги кемачиликка қилган ҳужумлари сабаб бўлмоқда 

Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Мамлакат жанубида жойлашган Эйлат портига эгалик қилувчи компания Яман ҳусийларининг Қизил денгиздаги Исроилга алоқадор кемаларга ҳужумлари натижасида порт катта зарар кўраётганини билдирди.

Яқинда Эйлат шаҳри мэри 10 миллион шекел (3 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги солиқ қарзи сабабли портнинг банк ҳисоб рақамларини музлатиб қўйган эди. Порт раҳбарияти эса 20 июл, якшанбадан бошлаб порт ўз фаолиятини тўхтатишини, шу жумладан Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) денгиз флоти учун ҳам хизмат кўрсатмаслигини маълум қилди.

Эйлат порти шаҳардаги энг йирик иш берувчилардан бири ҳисобланади. Унинг ходимлари портнинг ёпилишидан норозилик билдиришмоқда ва бу ҳолатни “ҳусийлар учун ғалаба, Исроил иқтисодиёти учун эса мағлубият” деб аташмоқда.

«Агар Эйлат порти фаолиятини тўхтатса, у миллийлаштирилади», — дея огоҳлантирди Исроил Транспорт вазирлиги раҳбари Моше Бен-Закен.

Ғазодаги уруш бошланишидан олдин Исроилга импорт қилинаётган автомобилларнинг ярми, нефт маҳсулотларининг асосий қисми Эйлат орқали кириб келган. Ҳозирги пайтда эса Яман ҳусийлари томонидан Қизил денгизда уюштирилаётган ҳужумлар туфайли порт фаолияти деярли бутунлай тўхтаб қолган. 2024 йилда порт даромади 2023 йилга нисбатан 80 фоизга камайган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: