Тошкентда уй сотиб олишда энг арзон туманлар маълум қилинди

2025 йил биринчи ярмида Тошкентда иккилламчи уй-жой бозоридаги нархлар беш фоизгача пасайди. Айрим туманларда нархлар анча арзонлашгани туфайли уй сотиб олиш учун қулай имконият вужудга келмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 136 минг 500 та уй-жой сотуви амалга оширилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўн фоизга кўпдир. Июн ойининг ўзида эса 21 мингта олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган.
Кўчмас мулк бозори барча ҳудудларда ўсишда давом этмоқда. Энг катта ўсиш Жиззах 29,9 фоиз, Навоий 18,3 фоиз ва Сурхондарё 17,7 фоиз вилоятларида қайд этилган. Тошкент вилоятида эса 2,6 фоизлик пасайиш кузатилган. Иккилламчи бозорда уй нархлари йиллик ҳисобда икки фоизга ошган бўлса-да, айрим ҳудудларда пасайиш қайд этилган.
Айниқса, Тошкент шаҳрида иккилламчи уй-жой бозорида беш фоизгача пасайиш бўлиб, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Чилонзор туманларида нархлар сезиларли тушган. Янги қурилган уйлар эса Учтепа, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида арзонлашган.
Ижара нархлари ҳам барқарор бўлиб қолган. Ҳозирда Тошкентда ўртача ижара нархи ҳар бир метр квадрат учун 8 доллар атрофида. Энг юқори ижара тўловлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилган бўлса, Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида пастлаш кузатилган.
Шунингдек, ҳукуматнинг қарорига асосан, уй-жой сотиб олиш учун аҳолига субсидиялар ажратиш тартиби янгиланган. 2025 йилдан бошлаб янги ипотека кредитлари бўйича фоизларнинг марказий банк ставкаси ортиқча қисми давлат томонидан қоплаб берилади.