Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (50-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (50-қисм)

Ислом гапни ортиқ чувалаштирмади. Чунки аёлларни мумкин қадар эртароқ кетказиши, йигитларини дам олдириши шарт эди. Академияда ўқиб юрган кезлари унга, умуман, талабаларга: «Жангчилар кунига, албатта, саккиз соат ухлашлари шарт. Бундан ташқари, овқатлари ҳам калорияга бой бўлиши керак. Учинчи шарт: жанг пайти ҳеч қанақанги чалғишлар бўлмайди. Айниқса, аёллар масаласида», дейишганди. Шундай экан, Ислом эртароқ барча аёлларни қишлоққа жўнатиб юбориб, дам олиши керак.

— Яхши. Аммо сен билан келишиб олдик. Биз овқатланиб бўлишимиз билан сизлар жўнайсизлар. Фарзандимизни авайла. Сенга катта раҳмат, — деди Ислом.

Унинг овқатланиш муддати жуда қисқа бўлди. Аммо у шу муддат ичида қорнини тўйғазиб олди ва дарров дуога қўл очди.

Хотин-халаж қанчалик тез келган бўлса, худди шундай тезликда кетди. Ҳамидулла эса эркинсиниб Исломнинг ёнига келди.

— Иккаламизнинг ёшимиз тенг чиқар, — деди у мийиғида кулиб.

— Хўш, ундан кейин-чи? — дея жилмайди Ислом ҳам бир шумликни сезиб.

— Бизга сиз бошлиқсиз, бундан фойдаланган келин аёлларга бошлиқ бўлиб олибди.

— Буни бошқача айтса ҳам бўлади.

— Қандай?

— Кўр кўрни қоронғида топибди, деб.

— Йў-ў-ўқ, сизга ундайи тўғри келмайди. Аммо мос тушибсизлар. Қаранг, шунча аёлни атрофига тўплаб олибди.

— Бошқа пайт ва бошқача ҳолда бўлганимизда, мен уни қўллаган бўлардим. Аммо ҳозир мен аёлимни уришдим. Жаҳлим чиқди-ю, бироқ ичимга ютдим.

— Эй-й, ишқилиб, ниятимизга етайлик.

— Насиб. Хато қилмасак, албатта етамиз.

— Нега Мадаминбекка ўхшаган қўрбошилар билан бирлашмаяпмиз? Агар улар билан бир бўлсак, тўрт кунда большовойларнинг бирортасини ҳам бу ерда қолдирмаган бўлардик.

— Мен ҳам шундай фикрдаман. Аммо сира имкони бўлмаяпти. Қизилларнинг яна қачон бостириб келишларини билмаймиз. Яна бошқа сабаблар борга ўхшаб кўриняпти. Юртни қаровсиз қолдириб бўлмайди.

— Хон қаерда экан?

— Жуфтакни ростлаган. Аслини олганда, — дея чуқур хўрсинди Ислом ва ерга ўтирди, — чор Россиясининг қўшинлари бизнинг ерларимизни босиб олиши, ундан кейин қизилларнинг келишлари Аллоҳнинг бизга берган балосидир.

— Нега? — деди ҳайрон бўлган Ҳамидулла.

— Чунки биз ҳақиқий мусулмончиликни унутиб қўйгандик. Разолат устига разолат қилардик. Пора урчигандан-урчиганди. Хон ва унинг атрофидагилар халқни унутди. Ўзларининг маишатларидан ортмай қолишди. Зулмни кучайтирганлари етмагандай, порахўрликнинг бошида ўзлари туришди. Натижада мамлакат бечоралашиб қолди. Саводлидан саводсиз кўп… Бунинг устига, ўзаро урушлар ҳам… Мана қаранг, бизга динсиз-диёнатсиз кофирдан кўра, Бухоро амири кўпроқ душман. Хоразм кўпроқ душман. Нега? Нега?.. Ростини айтганда, ярамни янгилаб қўйдинг, Ҳамидулла. Мен ҳар сафар шулар тўғрисида ўйлаганимда, ичим ёниб кетади. Қочиб кетгим келади… Мана, ҳозир ўз гўштимизга ўзимиз қовурилиб ётибмиз, лекин у ёқда Бухоро амири кайфу сафодан бўшамайди. Ўйлайдики, душман менга тегмайди, деб. Ҳаммаси бекор гап. Шундай кун келадики, Амир Олимхонга сичқоннинг уйи минг танга бўлиб қолади.

— Бизнинг келажагимиз йўқми? — деб сўради Ҳамидулла Исломнинг гапини бўлиб.

— Келажак? Келажак? Билмайман. Билмайман. Агар Аллоҳ тавбаларимизни қабул қилса, душмандан бизни устун қилиб қўяди. Йўқса… Тўхта, Ҳамидулла, дамингни ол. Сен жангчисан. Сен вақтида дам олишинг керак. Чунки кейин бунинг иложи бўлмаслиги мумкин.

* * *

Ҳа, Абдужаббор эшитди, билди. Шу заҳоти тепа сочи тикка бўлди. Шундай сўкиндики, унинг оғзидан бунақа гаплар чиқишига анча кўникиб қолган хотинлари ҳам қочиб қолди.

Уйида обдан сўкиниб хуморидан чиққанидан сўнг, Абдужаббор қишлоқнинг кексаларини йиғди. «Аҳвол чатоқ! Келин, жувонлар эрларининг ёнига кетишибди. Ёрдам беришармиш. Яна ёнларига бир-иккита эри йўқларни ҳам қўшиб олишибди. Дарров орқасидан бормасак бўлмайди. Улар бориб нима қилиб беришарди? Фақат йигитларга халал беришади. Жангчиларнинг ўй-хаёллари хотинларида бўлади. Минг афсус, уларга менинг келиним бош бўлиб кетибди. Эри йигитларга, хотини аёлларга бош. Тез бормасак бўлмайди», — деди.

Чоллар бошларини сарак-сарак қилишди. Аёлларни ўзбошимчаликда айблашди. Сўнг зудлик билан орқасидан одам жўнатиб, аёллар ҳали жангчиларнинг ёнига етиб бормасларидан олдин уларни қувиб етиб, барчасини орқага қайтариш кераклигини айтишди. Шундай ҳам қилишаётганди. Аммо кутилмаганда, қишлоқнинг шимол томонидан саккизта отлиқ келиб қолди-ю, уларнинг ниятлари амалга ошмай қолди…

Ҳатто қишлоқнинг қариялари ҳам чўчишди. Ахир, кутилмаганда, бирдан етти ёт бегоналар тўппа-тўғри қишлоқнинг гузарига келишса. Яна ҳаммаси шубҳалидан-шубҳали. Қайсидир бирларининг бошида кепка, бировларининг бўйинбоғи бор. Баъзилари худди ўрисларга ўхшаб соқол қўйган. Ҳаммаси чарм этик кийган, ҳатто шимлари ҳам душманникига ўхшайди…

Улар келишди-ю, отларидан тушишди. Тавозе билан салом беришди. Кулиб қарашди.

— Биз душман эмасмиз, ўзингизникилармиз. Туркистон мухториятининг вакилларимиз, — дейишди.

Чолларнинг бирортаси, ҳаттоки Абдужаббор ҳам Туркистон мухторияти дегани нима эканлигини билишмасди. Эшитишмаганди.

— Биз шу қишлоқнинг қарияларимиз, — деди дарров ўзини қўлга олган Абдужаббор. —Хуш келибсизлар!

Мухторият вакиллари Абдужабборнинг сўзларидан шу одамни бошлиқ деб билишди.

— Минг бор узр, — деди кепка кийган мухториятчилардан бири, — хабар бермасдан келдик. Аммо вазият шуни тақозо қилиб қолди.

— Нима хизмат? — деб сўради Абдужаббор овозини бир парда кўтариб.

— Бизга оқсоқол керак эди.

Абдужаббор чолларнинг ҳаммасини кўрсатиб деди:

— Ҳаммамиз оқсоқолмиз. Ҳар қандай масалани бир киши эмас, кўпчилик кенгашиб ҳал қиламиз.

— Шундай бўлса-да, майлими сизнинг ўзингиз билан гаплашсак? Мен Садир Абдукарим ўғлиман.

— Яхши. Нимани гаплашамиз?

— Мен қишлоғингизни ўта меҳмондўст деб эшитганман.

— Ҳа, худди шундай. Аммо меҳмоннинг кимлигига қараб дўстлик кўрсатамиз.

— Биз юртимизни, элимизни бирлаштиришга, душманга қарши биргаликда курашишга, ўзимизни алоҳида давлат қилишга ҳаракат қилаётган халқ вакилларимиз.

— Унда нега қўшин кўринмаяпти?

Садир Абдукарим ўғли кулди:

— Меҳмондўстлигингизни кўряпман. Аллоҳга минг қатла шукур, мусулмонман, шу юртнинг фарзандиман. Шу юрт учун жонимни тикканман. Аммо сизнинг қишлоғингизга келиб, бутунлай бошқача манзарага кўзим тушди, — деди у.

— Сиз биздан хафа бўлманг. Вазият бизни мана шундай аҳволга солиб қўйди. Юринг, гузаримизда чорпоя бор. У ерда бир пиёла чой ичиш имкони бор. Гузаримизда унча-мунча меҳмонни сийлаш имконияти бор, — дея ёнидагиларга қараб қўйди.

Садир Абдукарим ўғли жуда чой ичгиси келаётгани йўқ эди. У Абдужаббор билан холи қолиши керак эди. Қараса, бунинг имкони камдай кўринди. Шу боис чой ичишни баҳона қилди.

У ўйлаганидай, бир муддатдан сўнг улар холи қолишди.

— Бу аҳволда янги мустақил давлат қуриб бўлмайди, — деди у Абдужабборга.

— Нега? — дея ҳайрон бўлди Абдужаббор.

— Масалани қон тўкиш билан ҳал қилиб бўлмайди.

— Бошқача йўли борми?

— Албатта. Сиёсат.

— Унингиз нима?

— Жамланиб муҳокама қилиб, бир-бирига қурол ўқталмасдан туриб эришилади.

— Йўғ-э? Бунисига сира ишонгим келмайди.

— Эргаш қўрбоши, Мадаминбек қўрбоши қанчалик ҳаракат қилишди, аммо ҳеч нарсага эриша олишмади. Биз дошқурларнинг қуролларини олиб қўйдик. Улар энди қизиллар сафида эмас. Улар қизил аскарлар сафидан чиқишди. Очофатликлари, қонхўрликлари сабаб улар ҳақиқий инқилобчилар билан маҳаллий халқни бир-бирига душман қилиб қўйишди. Йўқсиллар хон зулмидан қутулиб, ундан баттарига тутилди. Биз шуни большовойларнинг катталарига етказдик ва уларга талаб қўйдик. Бунинг натижаси ўлароқ, дошқурлар нимага эга бўлсалар, барчаси улардан тортиб олинди. Энди агар қўрбошилар қаршилик кўрсатмаса, ҳаммаси рисоладагидек бўлади.

— Тўғри, мен уруш нима эканлигини, сиёсатни билмаслигим мумкин. Айниқса, бу сиёсат деганларини энди эшитиб туришим. Бироқ шуни аниқ биламанки, босқинчи ўз-ўзидан эгаллаб турган нарсасини ташлаб кетмайди.

— Шундай. Аммо биз нима қилиб турибмиз? Биз гарчи қўлимизга қурол олмасак-да, ўз сўзимиз билан дунё эътиборини душманга қаратган ҳолда, албатта, мақсадимизга бир-бир эришамиз. Қон тўкилмайди. Йигитларимиз бекордан-бекорга ўлиб кетишмайди. Ҳеч биримизнинг инимиз бузилмайди. Илгари ҳамма мол-мулкка хон эга чиққан бўлса, бундан бу ёғига ҳаммаси халқники бўлади.

— Мен нима қилишим керак?

— Сиз… Йигитларингизни, мард паҳлавонларингизни уруш қилишдан тўхтатишингиз керак… Эшитдик. Хабаримиз бор. Душман билан сизникилар неча марта тўқнаш келишган бўлса, ҳаммасида сизнинг фидойи жангчиларингизнинг қўллари устун келган. Аммо бу билан тўлиқ ғалабага эришилди, деб бўлмайди. Фрунзе деган бир худобехабар бор. Аскарларининг адоғи йўқ. Унда ҳатто аэроплан бор.

— Аэроплан деганингиз энди нима бало бўлди? — деб сўради Абдужаббор ажабланиб.

— Ҳеч вақт темирнинг осмонда учганини кўрганмисиз? — дея мийиғида кулди Садир Абдукарим ўғли.

— Айтайлик, отнинг тақасини отиб юборсам, осмонда учган бўлади. Шуми? — деди Абдужаббор Садир Абдукарим ўғлига жавобан кулиб қўяркан.

— Йўқ, ундай эмас, — бу сафар Садир Абдукарим ўғлининг юзи жиддий тус олди. — Аэроплан деганлари бир махлуқ. Осмонда қанот қоқади. Улкан. Шу учишида ердагиларга ҳамла қилади. Уни милтиқнинг ўқи тўхтатиб қололмайди. У ҳаммаёқни култепага айлантириб бўлгач, яна қайтиб учиб кетади. Худди аждаҳо мисоли.

Абдужаббор бошидан салласини олиб, калласини қашиди:

— Мен сизни бундан бу ёғига тушунмайдиганга ўхшайман. Бир хил гапларингиз борки, одамнинг ақли шошади. Аммо шуни билдимки, ўта жиддий юмуш билан келгансиз. Шундоқ экан, Исломни чақирайлик. У юрт кўрган йигит. Ислом билан гаплашинг. Ундан кейин маслаҳатлашиб, бир қарорга келайлик.

— Ким у? — деб сўради Садир Абдукарим ўғли.

— Бизнинг паҳлавон. У келди-ю, қишлоғимизга душман ҳатто яқин йўлолмай қолди. У эскиликни ҳам, янгиликни ҳам бирдай тушунади.

— Ҳа-а, ҳаммаси ўша йигитнинг иши. Очиғи, у билан кўришишга муштоқман. Қаерларда бўлган у?

— Очиғини айтганда, қаерларда бўлганини мен билмайман. Ёшлигидан, ҳали Николай подшо замонида Петербургга ўқишга кетган эди. Чунки отаси раҳматли — поччам ўта тақводор, шу билан бирга, эртанги кунни кўра биладиган одам эди. Мингбоши эди… У ана шундай одамнинг боласи, — деб Абдужаббор бошини кўтариб атрофга аланглади. Исломнинг ёнига жўнатиши мумкин бўлган йигитни қидирди. Аммо буни қарангки, тополмади. Бу ердагиларнинг энг тетиги ўзи. Қолганлар ҳатто отга минишга ҳам ярамайди. Қизиқ, боягина аёлларнинг ортидан чавандоз юбормоқчи бўлишганди. Ўшанда кимни юборишни ўйлаб кўришмаган экан. Балки унда ўзи борарди. Аммо ҳозир манавиларни ташлаб кетиб бўлмайди. Кўринишидан, булар жуда кўп нарсани биладиган одамларга ўхшашади.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: