Аллоҳчи?!

Бир киши бир бегона аёлга кўнгил қўйди. Аёл ёлғиз эди. Ҳамма ёқ қоронғу эди.  У аёлнинг ортидан борди. Иккиси холи жойга борганда эркак аёлга фаҳш ишни таклиф қилди. Аёл унга: «Қара-чи, ҳаммаси ухлаяптимикин?» деди. Ҳалиги киши аёл зинога рози бўлди деб ўйлаб, ташқарига чиқди, одамлар яшайдиган жойларни айланиб чиқди. Ҳамма ухлаётганини кўриб, хурсанд бўлиб, ортига қайтди. Келиб, аёлга ҳамма ухлаётганини айтди. Аёл: Аллоҳ табарока ва таоло-чи? У Зот ҳам ухлаяптими?» деди. Киши: «Аллоҳ таоло ухламайди, Уни мудроқ ҳам тутмайди», деди. Аёл: «Ҳа, Аллоҳ ухламаган ва ҳеч қачон ухламайди ҳам. Унинг Яратган махлуқотлари бизни кўрмаса ҳам, Унинг Ўзи бизни кўриб туради. Мана шундан қўрқиш керак», деди. Эркак бу сўзлардан ларзага тушиб, аёлдан узоқлашди. Қилган иши учун Аллоҳ таолодан қўрқиб, астойдил тавба қилди. У вафот этгач, бир киши уни тушида кўриб, «Аллоҳ таоло сенга қандай муомалада бўлди?» деб сўради. У: «Ундан қўрқиб, тавба қилганим учун гуноҳимни кечирди», деди.

“Солиҳлар гулшани”дан.

Дўстларингизга ҳам юборинг: