Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (51-қисм)

Ана шу пайтда Ислом жўнатган чопар етиб келди. У ҳайқириб келди. Бор овозда «Ғалаба! Ғалаба!» дея бақириб келди. Унинг овозини эшитган қишлоқ одамлари, ҳатто Абдужаббор ҳам меҳмонларни унутди.
Чайир, пишиқ, озғин Абдулло уларнинг ёнига етиши билан отдан сакраб тушди ва оқсоқолларни бирма-бир қучоқлашга тушди. Оқсоқоллар кўзларига ёш олишди. Табриклашди. Аллоҳга ҳамд айтишди. Кейин Абдуллони Абдужаббор ўзининг ёнига ўтқазиб олди-да:
— Гапир! Гапир, нима бўлди?! Қандай бўлди?! Шошманглар, бунга сув… йўқ, чой беринглар! Оҳ, менинг жонларим! Тилингга шакар, болам! Тилингга шакар! Менга қара, бизникилардан ҳеч ким жароҳат олмадими?! — дея кўзлари қувончга тўлиб Абдуллога тикилди.
— Аллоҳга минг қатла шукур, бирорта жангчимизга ҳатто тикон ҳам кирмади. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандай жуда осон ва тез бўлди! — деди Абдулло тез-тез нафас оларкан.
— Эшитдингларми?! Эшитдингларми?! Сизлар-чи?! — деди Абдужаббор Садир Абдукарим ўғлига юзланиб. — Мана, бизнинг азаматлар нималарга қодир! Яқинда улар бутун Туркистонни озод қилишади. Туркистонда биттаям душман қолмайди. Ҳаммасининг шўрини қуритиб, келган жойига қувамиз. Амир Темур қайта тирилиб келди!!! Энди гапир, болам, бир бошидан гапир.
Абдулло сўзлашдан олдин бегоналарга кўз ташлади. «Булар ким бўлди яна?» дея кўнглидан ўтказди. Сўнг қўлига тутқазилган пиёладан бир ҳўплаб чой ичди-да, гапира кетди. Йиғилганлар ҳаммасининг вужуди қулоққа айланди. Аммо Абдулло дарров ҳикоясини тўхтатди. Охиригача айтмади. Исломнинг дошқурлар дўконига кирганлигини айтди ва шу ерда тўхтади.
— Нега жим бўлиб қолдинг? — деб сўради Абдужаббор.
Абдулло «меҳмон»лар томонга кўз ташлади.
— Биздан хавотир олманг, — деди бирдан Садир Абдукарим ўғли, — биз ҳам худди сиз кабимиз. Биз ҳам юрт учун енг шимариб чиққанларданмиз.
— Ҳа, шундай экан, — деб унинг гапини тасдиқлади Абдужаббор, — ўзлари айтишди.
— Ўзлари айтишган бўлса, унчалик ҳам ишончлимас-да, — дея Абдулло яна чой ҳўплади.
— Майли, унда биз нарироққа бориб турамиз. Нима гапларингиз бўлса, ҳаммасини бемалол ҳамқишлоқларингизга сўзлаб беринг. Энг муҳими, сиз ғолиб келибсиз, ана шуниси мени қувонтирди.
— Гапиравер. Мусулмон бўлиб, шу юртнинг фарзанди бўлиб, гапларимизни кофирларга етказса, демак, булар ҳам кофирлардан бўлишади, — деди Абдужаббор.
Унинг сўзларидан Садир Абдукарим ўғли бир қалқиб тушди.
— Хотирингиз жам бўлсин! Кофирлик шайтонга хос.
— Одамлар ҳам қолишмаяпти шайтондан. Мусулмонман деб кўкрак керганларнинг қанчаси кофирнинг хизматини қилиб юрибди.
— Ундайлардан бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Абдулло ғалаба ҳақидаги гапларини давом эттирди. У сўзлар экан, ҳамқишлоқларининг кўзлари қувончдан порлай бошлади. Садир Абдукарим ўғлининг эса ичидан зил кетди. «Ҳаммаси расво бўлибди. Шунча қилган меҳнатларимиз бирпасда ҳавога учибди. Ахир бу йўл билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Булар бугунги бир кунлик ғалабадан бошлари осмонга етяпти. Қизилларнинг орқасида қандай кучлар турганлигини билишмайди», дея ўйларди.
Абдулло гапириб бўлгач, Абдужаббор унинг пешонасидан ўпиб қўйди, қолган ҳамқишлоқлар эса кўз ёш тўка бошлаган эдилар.
— Энди, Абдулложон, — деди Абдужаббор қишлоқдош йигитнинг елкасига қўлини қўйиб, — бир бурда нон е. Аслида, сен келтирган хабар сергўшт ошга тенг. Бироқ ҳозир бунга вақтимиз йўқ. Исломнинг ёнига шамолдай уч. Мана, бизнинг ёнимизга Туркистон мухторияти деган жойдан нақ саккиз киши келиб турибди. Буларнинг айтган гапларига биз тушунмаяпмиз. Иложини қилиб, бир келиб кетсин. У нима деса, биз шу ишни қиламиз… Эҳ, шундай пайтда оми бўлиш қанчалик қийин! Ҳаммамиз савдогарлармиз. Юрт кезганмиз. Лекин бугун ҳеч вақога ақлимиз етмай турибди. Тушундингми?!
— Ҳа, — деди Абдулло меҳмонлар томонга қараб қўйиб.
— Айтганча, яна бир гап. Аёлларимиз бебошлик қилишиб, сизларнинг ёнларингизга кетган экан. Мабодо етиб боришмадими ёки йўлда уларни кўрмадингми?
— Йўқ, — деди Абдулло бош чайқаб.
— Оббо, энди улар қайси гўрга ғойиб бўлишди? Ана, йўқ жойдан яп-янги бош оғриғи. Майли, биз ўзимиз бирор нима қилармиз. Сенинг ишинг муҳимроқ. Келган отингда кетма. Сенга бошқа от берамиз.
Абдуллони орқасига қайтариб жўнатиб юборганидан кейин Абдужаббор Садир Абдукарим ўғлига юзланди.
— Сиз нима дейсиз? — деб сўради.
— Ўзингиз мен тил топиша олмаяпман, деб чопарга айтдингиз. Ўша йигит келсин, қолганини кейин гаплашаверамиз. Лекин менинг хаёлимга нималардир келяпти.
— Яхши гапларми, ишқилиб?
— Албатта. Бундан бир қанча вақт муқаддам Қўқонда шов-шув кўтарилганди. Кимдир ёки кимлардир Қўқонга келаётган ҳарбий эшелонни йўқ қилиб юборган. Дошқурларни қириб ташлаган. Ўшаларни роса қидиришди, аммо топишолмади. Ҳозир кетган йигитнинг сўзларини эшита туриб, ўшалардан бири ёки ўзи сиз айтаётган баҳодир эмасмикан, деган хаёлга боряпман.
— Айтгим келмаганди, лекин ўша. Аммо бу ердаям у кам иш қилгани йўқ. У келди-ю, душман қишлоғимизга яқин келолмай қолди. Ўлжамиз катта. Ишонсангиз, ҳеч вақосиз қолгандик большовойларнинг олдинги босқинидан кейин. Худога минг қатла шукур, ортиғи билан қайтариб олдик.
— Улардан ҳам хабарим бор. Айтганча, душман билан олишаётган йигитларнинг сони қанча?
— Бирор етмиштача чиқар.
Садир Абдукарим ўғли афсус билан бошини чайқади. Сўнг:
— Жудаям оз. Ҳатто йўқ ҳисобида. Тошкентда, Марғилонда, Андижонда большовойлар сони шунчалик кўпки, етмиш киши билан, тўғриси, ҳеч нарса қилиб бўлмайди…
— Мен Исломдан «Мадаминбек билан бирлашамиз» деганга ўхшаш гапни эшитгандим.
— Бўлмайди. Мадаминбек аллақачон қизиллар билан келишувга эришди.
— Қандай келишув?
— Уришмаслик. Бундан бу ёғига Мадаминбек инқилобчилар қўл остида бўлади. Эргаш қўрбоши ажралиб чиқиб кетди. Бошқа қўрбошилар ҳам шундай қилишди. Куч бўлинди. Қўрбошилар Мадаминбекни хиёнатда айблашяпти.
— Чатоқ бўлибди. Эсизгина. Ҳалиги, юринг, сўрига чиқайлик, ҳализамон таом ҳам тайёр бўлиб қолади. Ундан кейин бугун шу ерда қолиб кетасиз, деб қўрқаман. Чунки чопар етиб боргунича, ундан кейин Исломнинг бу ёққа келгунича анча вақт кетиб қолади. Қорнингиз ҳам очқаб кетгандир.
— Майли, чой ичиб турамиз…
Абдужаббор меҳмонларнинг ўзларини қолдириб кетди. Негадир улар билан ўтиргиси йўқ эди. Буларни душман деса, уларга ўхшамайди. Душманмас деса, хатти-ҳаракатларига тушунмаяпти. Яна камига, қишлоқнинг бебошлик қилган хотин-халажидан дарак йўқ.
У тўғри уйига борди. Кичик хотини чиқди. Хавотир билан эрининг юзига тикилди. Илло, айни чоғда Абдужабборнинг юзи қаҳрли тус олган эди. У аламини кимдан олишни билмаётганди.
— Менга қара! — деди у хотинига. — Аёл зотида ҳеч вақт калла бўлганми?!
— Нималар деяпсиз, хўжайин? Измингиздан чиқмай юрган бўлсам.
— Сени гапирмаяпман. Аммо сен ҳам худди шундай амални қилгансан. Эсингдами биринчи марта ёв бостириб келаётганида ёнимда турганинг.
— Лекин, хўжайин, биздаям юрак бор. Биз ҳам хавотир оламиз. Айниқса, ҳозирги алғов-далғов замонда.
— Шуни бир оғиз айтса бўларди-ку. Яна келиб-келиб, жиянимнинг хотини бошлаб кетганига нима дейсан? Эри бир ишни эплаётган бўлса, у ўқиб, ўрганиб, чиниқиб келган одам. Бу нима қилди? Нимани билади?! Ўзи бекор олиб келтирган эканман. Биласанми, агар жавобгар бўлмаганимда ҳам, майли эди. Келинга бир нарса бўлса-ю, жияним келиб: «Тоға, қарамадингизми?» деса, нима дейман? Нима деб жавоб бераман?! Уфф!..
— Улардан хавотир олманг, албатта келишади. Қишлоқнинг аёллари бу атрофни ипидан игнасигача билишади.
— Исломнинг ёнидан чопар келиб кетди. Лекин у қишлоқ хотинларини кўрмабди. Бунисига энди нима дейсан?
— Қўйинг, кўп асабийлашманг. Ҳаммаси яхши бўлади. Айтганча, чопар янгилик олиб келибдими?
— Ҳа, Ислом ҳамма нарсани эплайди. Душманни шундай чинқиртиришибдики, асти қўяверасан. Аммо қишлоққа бошқа одамлар келишган ҳозир. Ана шулар ҳам бошимни қотириб ташлади. Аслида, Абдуллонинг гапидан кейин бир қўйни сўйиб, жангчиларимизнинг ёнига олиб борсам бўларди. Лекин манавилар келиб, буткул хавотирга солиб қўйишди.
— Кимлар улар?
— Билмайман. Қандайдир мухторият дейишади. Ундай нарсаларга менинг ақлим етмайди. Исломга одам жўнатдим. У келиб ҳал қилади ҳаммасини. Айтганча, носқовоғимни олиб чиқ.
— Чекмайман бошқа, дегандингиз-ку.
— Ҳа, худди шундай эди. Йигирма кундан ошди. Лекин ҳозир олиб чиқмасанг бўлмайди.
— Балки…
— Балки-малкини йиғиштир. Айтганимни қил, тамом-вассалом. Бўлмаса, сен ҳам «ҳақинг»ни олиб қоласан!
Хотини жилмайди. «Эсиз, — дея кўнглидан ўтказди жувон, — агар уйда бошқалар бўлмаганида, сиз билан ажойиб ўйин қилган бўлардим. Шундай ўйинки, ёшариб қолганингизни билмасдингиз…»
— Қоққан қозиққа ўхшаб тураверасанми? — дея уришиб берган бўлди Абдужаббор.
Шундан кейин аёли уйга кириб кетди.
Ислом қоронғи тушганда келди. Тўғри, олдин хотин-халаж пайдо бўлди. Абдужаббор бетинг-кўзинг демай, обдан сўкди уларни. Рисолат гапирмоқчи бўлганди, аммо у эшитишни ҳам истамади. Қўшимчасига Салим чолнинг ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқди.
Шундан кейингина аёллар уй-уйларига тарқалишди.
Ислом Ҳамидулла билан бирга келди. Ҳар иккиси ҳам қишлоққа етгунларича отларини чоптиришди. Чунки вақт ўта тиғиз эди. Балки, у келмасди, агар тоғасидан бошқа айтганида. Балки, «ўша одамларнинг ўзлари бизнинг ёнимизга келсин», дерди. Аммо тоғаси «келсин», дебди, демак, келиши керак. Демак, масала ўта жиддий.
Абдужаббор уни маҳкам бағрига босди.
— Ҳаммасини эшитдим. Азаматлар, жуда боплабсизлар. Ёш бўлиб қолмаганимга, ёнингда турмаганимга афсусландим, — деди.
Сўнг бошқалар ҳам бирин-кетин келиб, Ислом билан қучоқлашиб кўришди. Салим чол эса йиғлади.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.