Йигирма саккиз давлат Исроилга талаб қўйди

Йигирма саккиз давлат Исроилга талаб қўйди

Ғазо секторида давом этаётган қонли уруш зудлик билан тўхталиши ва Исроил халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиши керак. Европа Иттифоқи комиссари ҳамда Франция, Буюк Британия, Канада, Италия каби жами йигирма саккиз давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан тарқатилган баёнотда шундай талаб илгари сурилган.

Аввалроқ AP агентлиги Ғазо секторидаги инсонпарварлик кўмаги олгани борган фаластинликлар ўққа тутилаётгани, гуманитар ёрдам шохобчалари “оммавий қатлгоҳ”ларга айлангани ҳақида хабар берган эди.

28 давлат номидан ёйинланган баёнотда ана шу фожиавий ҳолатга ҳам эътибор қаратилган.

“Ғазодаги тинч аҳолининг азоб-уқубатлари янада кучайди. Исроил ҳукумати қўллаётган кўмак модели хавфли бўлиб, у беқарорликка сабаб бўлмоқда, Ғазо аҳолисининг инсоний қадр-қимматини поймол этмоқда. Биз кўмак миқдорининг камлиги, қолаверса, сув, озиқ-овқат каби асосий эҳтиёжларини қондиришга уринган тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болаларнинг шафқатсиз ўлдирилишини қоралаймиз. 800 дан зиёд фаластинлик кўмак топиш йўлида ўлдирилиши даҳшатлидир. Исроил ҳукуматининг тинч аҳолига гуманитар кўмак етказишни рад этиши номақбул”, – дейилади баёнотда.

Франция, Буюк Британия, Канада, Италия каби давлатлар Исроил ҳукуматидан Ғазо секторига инсонпарварлик кўмаги киритиш бўйича чекловни зудлик билан бекор қилиш, БМТ каби тузилмалар фаолиятига имкон беришни талаб этган.

Баёнотда Ғазо аҳолисини муттасил мажбурий кўчириш, умуман, Фаластиннинг ишғол остидаги ерларида ҳудудий ёки демографик ўзгаришлар қилиш асло мумкин эмаслиги таъкидланган.

“Биз ихтилоф томонлари ва халқаро ҳамжамиятни ушбу даҳшатли зиддиятни зудлик билан, шартларсиз тўхтатиш ва доимий оташкесим ўрнатиш мақсадида кучларни бирлаштиришга чақирамиз. Хунрезликни яна давом эттиришни оқлаб бўлмайди”, – дейилади баёнотда.

Ҳужжатга Австралия, Австрия, Бельгия, Канада, Кипр, Дания, Эстония, Финляндия, Франция, Исландия, Ирландия, Италия, Греция, Япония, Латвия, Литва, Мальта, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Польша, Португалия, Словения, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия каби давлатлар вазирлари ҳамда ЕИнинг тенглик, тайёргарлик ва инқирозларни бошқариш бўйича комиссари имзо чеккан.

Исроил айни пайтда Ғазо секторини тўлақонли қамалда тутиб турибди. Ҳудудга сув, озиқ-овқат ва дори-дармон кириши буткул тўхтатилган.

Жорий йил май ойида Франция президенти Эммануэль Макрон Ғазо секторида гуманитар инқироз чидаб бўлмас даражага етгани ҳақида баёнот берганди.

Май ойида Буюк Британия, Франция ва Канада Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмас экан, Исроилга нисбатан санкциялар жорий этилишидан огоҳлантирганди.

Июнь ойида Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Норвегия Исроил ҳукуматидаги икки радикал сиёсатчи – Итамар Бен-Гвир ва Бецалель Смотричга қарши санкция жорий қилди.

Таҳлилларга қараганда, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида давом этаётган урушда камида 59029 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Ғазодаги урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар “XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган” деган хулосага келган.

Cўнгги маълумотларга кўра, салкам 660 кундан буён давом этаётган урушда Ғазо секторидаги биноларнинг 88 фоизи вайрон қилинган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: