Аҳмад аш-Шаръага қарши суиқасд уюштирилди – ОАВ

Аҳмад аш-Шаръага қарши суиқасд уюштирилди – ОАВ

Сўнгги етти ой мобайнида Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръага қарши учта суиқасднинг олди олинди. Бу ҳақда Яқин Шарқ матбуоти Исроилнинг “Yedioth Ahronoth” газетаси материалига таяниб хабар берди.

Биринчи суиқасд март ойида Дамашқ шаҳридаги Қаср ал-Шааб саройи яқинида уюштирилган. Туркия хавфсизлик кучларининг тезкор ҳаракати билан гумонланувчи йўқ қилинган.

Иккинчи суиқасд Аҳмад аш-Шаръанинг Суриянинг Иордания билан чегарадош Даръа шаҳрига ташрифи арафасида ҳозирланган. Сурия ва Туркия хавфсизлик кучларининг ҳамкорликда ҳаракати билан ушбу уриниш ҳам бартараф этилган.

Учинчи ва энг жиддий суиқасд Дамашқ шаҳрида аш-Шаръанинг доимий ҳаракат йўналишида тайёрланган бўлиб, махсус хизматлар бу режани ҳам йўққа чиқаришга муваффақ бўлган.

Исроил ва араб манбаларига кўра, Аҳмад аш-Шаръа жамиятда хавотир ва саросима уйғотмаслик учун ўзига қарши суиқасдлар ҳақида маълумотларни ошкор этмасликни тайинлаган.

Маълумот ўрнида: “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи 2024 йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги раҳбарига айланди.

Аввал хабар берганимиздек, Исроил давлатининг диаспора масалалари бўйича вазири Амихай Чикли Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръани “террорчи” деб атаган ва уни ўлдиришга чақирган эди.

Туркия матбуоти тарқатган сўнгги хабарларга қараганда, Сурия раҳбарияти Анқара ҳукуматига ўз мудофаа қобилиятини ошириш ва террор ташкилотларига қарши кураш борасида расман кўмак сўраб мурожаат қилган.

Сўровга биноан Туркия Суриянинг мудофаа қобилиятини ошириш мақсадида таҳсил, тажриба ва техник кўмак кўрсатишда давом этиши маълум қилинган.

“Туркиянинг бош мақсади Суриянинг сиёсий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини дастаклаш, шунингдек, минтақада мустаҳкам тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларга бошчилик қилишдир”, – дейилади Туркия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Дўстларингизга ҳам юборинг: