Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (53-қисм. Охири)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (53-қисм. Охири)

Катта қўшин йўлга тушди.

Жумақул олдинги сафда эди. Йўлдош эса бормади. Уни Тошкентга чақиришибди. Қизиқ, аравакаш, чоракор, саводсиз одамни инқилобчиларнинг катталари чақиришибди. Ахир у тўғрисида бир-биридан ғаройиб далилларни Якуб ёзиб, шахсан ўртоқ Фрунзега жўнатган эди-да…

Жумақул жуда бошқача эди. Агар қаноти бўлса учарди. Ҳозир у казо-казоларнинг даврасида. Агар шу ҳолатини анави ўзи ўлдирган хўжайини Йўлдош кўрганида борми, камида оғзи очилиб қоларди. «Ўзи шуни бекор ўлдирибман», — деди у ичида. Мана бунақанги мартабага етишаркан, бир уни ҳам қул қилиб ишлатарди… Аммо ҳечқиси йўқ, унинг хотин, бола-чақаси бор, ана ўшаларни элакдан ўтказади…

Ислом безовталаниб уйғониб кетди. Ташқарига чиқди. Тўлин ой. Ҳаммаёқ сутдай ёп-ёруғ. Сокинлик. Ҳатто чигирткалар чирилламаяпти… У нега безовта бўлганлигини тушунолмади. Остонага ўтирди. Ойга термилди. Кейин бирдан чигирткаларнинг овози тинганлиги ҳайрон қолдирди. Болалигида, жуда кичкиналигида момоси: «Агар, болам, қушлар, чигирткалар жим бўлиб қолса, бу бир балодан дарак», деганди… Қандайдир эртакни тугатганидан кейин шундай деганди. Лекин ўша эртак нима ҳақидалигини ҳозир эслаёлмади. Умуман, эслагиси ҳам келмади. Аммо безовта бўла бошлади… Кейин қандайдир товушни эшитиб қолди. Аниқ-тиниқ эшитмади, лекин товуш бор эди. Эҳтимол, овоз эгаси тоғасидир. У ҳам ухлаёлмаётгандир. У ҳам ташқаридадир… Балки, янаям ким билади? Замон таҳликали. Ҳар қандай ноодатий нарса одамни шубҳалантиради.

Ислом сергак тортди. Кўча томонга юра бошлади. Яна товушларни эшитди. Энди бир кишининг эмас, бир неча кишининг ўзаро гаплашгани қулоғига чалинди. «Ярим кечаси кимлар кўчада юрибди?» дея кўнглидан ўтказди ва жосуслигига бориб, овоз чиқармасдан қадам ташлаб, яшириниш мумкин бўлган жойларга яшириниб, юришда давом эди. Кейин бир эмас, ўндан ошиқ одамни кўрди. Ахир ой ёруғ. Кундузгидай бўлмаса-да, юз-икки юз қадам наридаги одамни бемалол кўриш мумкин. Нималарнидир гаплашаётган одамлар кепкали эканликларини ҳам Ислом кўрди. Бирдан хаёлига Садир Абдукарим ўғли келди. «У душманга сотилганлардан экан. Унинг нияти бузуқ экан. У бекордан-бекорга бизни чалғитмабди», дея ўйлади. Ўйлагани заҳоти қўллари мушт бўлиб тугилди ва ортига қараб югурди. Кира солиб, хотинини уйғотди: «Тез бўл, сингилларимни ҳам уйғот, уйнинг орқа томонига ўтинглар, душман бостириб келди. Аммо бақир-чақир қилма. Ими-жимида… Тез-тез бўл», дея шивирлади.

— Вой ўлмасам! Энди нима қиламиз, Ислом ака? — деди Рисолат ваҳима билан.

— Ҳаммаси жойида бўлади. Айтганимни қил тезроқ, — деб Ислом эшикдан ташқарига чиқди. Энди дарров тоғасини ҳам хабардор қилиши керак.

У югурди. Душман бостириб келганини деразадан туриб тоғасига айтди. Унга ҳам уйнинг орқа томонига қочишни тайинлади. Сўнг ўзи душман томонга юрди.

Ислом уйидагилар билан овора бўлган бир пайтда, Жумақулдан аниқ маълумотни олган қизиллар бу томонга юра бошлаганди. Улар камида эллик киши эди. Барчасининг милтиқлари ўқланган, тепки босилса, отиладиган эди. Аммо уларнинг энг катта камчилиги Исломни кўрмаганликларида эди.

Ислом ердан тош олди ва босқинчиларнинг яқинлашишини кутди. Яқинлашганида эса, уларнинг орқа томонига қўлидаги тошни отди. Тарсиллаган овоз чиқди. Барча аскарлар бирдан ортларига ўгирилди. Нақ учтаси ўзини тутиб туролмай, тепкини босиб юборди. Ана шундан фойдаланган Ислом ҳам наганининг тепкисини икки марта босди.

Қизиллар учун кутилмаган воқеа содир бўлди. Улар билиб-билмай ўқ узишди ва улардан бирдан иккитаси ерга қулади.

Кучли ўқ овозлари қўни-қўшниларнинг деярли ҳаммасини уйғотиб юборди. Кўпчилик уйидан ташқарига югуриб чиқа бошлади. Бақир-чақир қилганлар ҳам бўлди. Бу эса ҳаммасини хамирдан қил суғургандай осонлик билан ҳал қилмоқчи бўлган қизилларнинг режасини бузиб юборди. Айниқса, Исломнинг уйига келаётган манави эллик аскар ўзига келмай туриб, яна бир тош уларнинг бошлари устидан ошиб ўтиб, нарига тушди. Довдирлар шу томонга яна ўқ узишди ва яна ўзларидан иккитасининг кўксини бошқа томондан учиб келган ўқ тешиб ўтди.

Энди ростакамига саросима бошланди. Улар дуч келган томонга ўқ отишга тушиб кетишди. Жумладан, Ислом яшириниб турган томонга ҳам. Ёмони эса, улар Исломни кўришмаганди. Яхшиси эса, уларнинг саросимада эканлигидан фойдаланган Ислом уларни бирма-бир ерга қапиштириб ташлаётган эди. Айниқса, айнан ўзи томонга ўқ узганларни.

Бу воқеа токи босқинчилар бошлиғи отишни тўхтатиб, ортга чекинишга буйруқ бергунича содир бўлди…

Ислом яқинларининг ёнига югурди. Чунки уларни зудлик билан хавфсиз жойга олиб бориши керак эди.

Унинг бахтига, хотини ва сингиллари тоғасининг оиласи билан бирлашиб олибди.

— Тоға, — деди Ислом шошиб, — сиз буларнинг ҳаммасини чўлга олиб боринг. Мен ортингиздан кейинроқ етиб оламан.

У изига қайтиб келди. Сўнг яширин йўллар билан кўчага чиқди ва бақир-чақирни эшитди.

Гузарда ухлаётган Садир Абдукарим ўғли билан унинг шериклари ҳам шовқиндан уйғониб кетишганди. Улар ҳам кийиниб-кийинмай отишма бўлаётган томонга югуришди ва илкис қизилларга дуч келишди.

— Тўхта! Тўхта!! Тўхта!!! — дея рус тилида бақирди Садир Абдукарим ўғли.

Агар у ўзбекча бақирганида, шу заҳоти уни отиб ташлашган бўлишарди. Аммо рус тилидаги лафз қизилларнинг командирларини сергак торттирди.

— Тўхтанглар! — деди Якуб аскарларга.

— Нима қилаяпсанлар?! — дея бор овозда унга бақирди Садир Абдукарим ўғли.

— Биз босмачиларнинг каттасини тутишга келдик. Ашаддий жиноятчини! Халқ душманини! — деб жавоб қайтарди Якуб.

— Адашдинглар. Тинчгина ҳал қилинаётган ишнинг расвосини чиқардинглар!..

— Сиз ўзи кимсиз?!

— Мен Туркистон мухториятининг вакилиман. Мана шу ерга тинчлик ўрнатиш, қон тўкилишини тўхтатиш учун келдим!

Туркистон мухториятидагилар каттагина сиёсий кучга эга эканлигини ва айнан улар сабаб барча дошқурлар қизил аскарлар сафидан чиқарилганини Якуб яхши биларди.

Аммо ҳозир бу ерда унинг дасти узун. Бемалол мухторият вакилларини қўлга олиши ва ҳаттоки отиб ташлаши мумкин. Бунинг учун у жавобгарликка тортилмайди. Бироқ Садир Абдукарим ўғли сўзларини шундай давом эттирдики, Якуб лабини тишлаб қолди.

— Уларнинг бирортаси ҳам ҳозир қишлоқда эмас. Қўқонда бўлган сўнгги воқеаларни эшитгандирсиз, ўртоқ қўмондон! Давомини эшитинг, уларнинг ҳаммаси қишлоқ ташқарисида. Бу ерда фақатгина айғоқчилари бор. Қишлоқда нимаики содир бўлса, шу заҳоти асосий қўшинга етказилади. Уларнинг қанчалик уста жангчилар эканлигини инқилобчилардан икки мингдан зиёд аскарни қириб ташлаганликлари айтиб турибди. Улар исталган дақиқада келишлари мумкин ва қаердан келишларини сиз билмайсиз. Манави катта армиянгиз уларнинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолади! Тўхтатинг босқинчиликни!..

— Мен сизга биз босқинчилик ниятида келмаганимизни айтдим! Мен сизга қўрбошилардан бирини тутишга келганимизни…

— Қани у?! — деди бирдан Садир Абдукарим ўғли унинг гапини бўлиб. — Қани?! Йўқ!

— Ўзингизни босинг, — деб Якуб аскарлари томонга юзланди ва: — Ҳамма қайтиб келдими? — дея сўради.

— Йўқ, — деди бўлинма бошлиғи, — йўқотишлар бор.

— Қанақасига? Жанг қилмасдан-а?! — деди бирдан юраги ўйнаб кетган Якуб.

— Қаерда, ким отганини билмаймиз. Билолмадик. Аммо кетма-кет жангчиларимизга ўқ тега бошлади. Агар қочмаганимизда, бирортамиз ҳам тирик қолмаган бўлардик.

— Ўртоқ, мен сизга нима дедим? Тезда аскарларингизнинг ҳаммасини гузарга олиб боринг. Ҳозир фақатгина у ерда тирик қолиш имкони бор.

Якуб унинг айтганини бажаришдан бошқа иложи қолмаган эди.

Ислом уларнинг ҳамма гап-сўзларини эшитди. Сўнг хотиржам тортиб, қариндошларининг ортидан югурди.

Ярим йўлда уларни қувиб етди ва барчасини олиб, ўзининг жангчилари ёнига олиб кетди.

Пешинга яқин Абдужаббор қишлоққа қайтиб келди. Чунки бу ердаги вазиятни билиши керак эди.

Гузарда Якуб бошлиқ қизил аскарлар юрак ҳовучлаб ўтиришарди. Садир Абдукарим ўғли нима қиларини билмай, қўлини орқасига қилиб у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Деярли шу пайтгача Якуб билан талашиб-тортишди. Қишлоқнинг бирорта ҳам одамига тегинтирмади. Бўлмаса, кўринишидан ўта жиддий ва қўрқмас, аслида, қуёнюрак жуҳуд Якуб қишлоқнинг одамларини бир уйга қамаб, уларни гаров сифатида ушлаб турмоқчи бўлган эди.

— Мен бор эканман, сенга ва сенинг аскарларингга ҳеч ким тегинмайди, — деди Садир Абдукарим ўғли унга музокара охирида, — Бўлмаса, анави бир деганда ўлдирилган жангчиларингнинг аҳволига тушасан.

Шундан кейин Якуб таваккал қилиш фикридан қайтди.

Садир Абдукарим ўғли Абдужабборни кўрганидан кейин йиғлаб юборай деди.

— Хоҳласангиз, тиз чўкиб оёқларингизни ўпаман! — деди бирдан.

— Сизнинг гапларингиз бошқа эди, лекин бутунлай бошқа нарсалар бўлиб кетди-ку! — дея бақирди унга Абдужаббор.

— Мен сабабчи эмасман. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, қирғинбаротнинг олди олинди. Сотқин бориб, Исломни сотибди. Булар уни тутишга келишган экан.

— Қалай бўлди?

— Қалай бўлгани кейинги масала. Агар қишлоқнинг битта одами ўлганида борми, мен ҳам, сиз ҳам, Ислом ҳам ўзини кечирмасди. Большовойлардан ўлгани мен учун сариқ чақа. Энди гап бундай, биродар: мен буларнинг ҳаммасини ортларига қайтиб кетишга мажбур қиламан. Аммо гап-сўзларига қараганда, бир қисми қоладиганга ўхшаб турибди. Битта гап, ака, мана шу қишлоқ омон қолишини хоҳласангиз, одамлар худди Қўқондагидай, Марғилону Андижондагидай қирилиб кетишларини истамасангизлар, Ислом келмасин. Қўшини ҳам. Умуман, жангларда қатнашганларнинг бирортаси бошқа қайтиб келмасин. Бугун ўтар, эрта ўтар, аммо бир куни булар ҳаммаёқни қўлга олиб бўлганларидан кейин сўроқ-савол бўлади. Албатта, Аллоҳнинг хоҳиши билан мухторият тузилади. Ана ундан кейингина ҳамма эмин-эркин уйларига қайтади. Азбаройи халқ ҳаққи-ҳурмати, гапимни олинг ва бориб Исломга ҳам тушунтиринг. Мен у билан бир марта суҳбатлашдим. Ўша суҳбатнинг ўзидаёқ унга бўлган ҳурматим жудаям ошиб кетди. У ҳали жуда кўп керак бўлади…

— Сотқин ким?

— Жумақул исмли чоракор.

Абдужабборнинг қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Хўжайини расво одам эди. Бу ҳам унинг изидан кетибди. Қўлимга тушса, бўғиб ўлдираман. Мен сизнинг ҳамма сўзларингизни Исломга етказаман. Аммо билиб қўйинг, қулоғимиз шу ерда, Бешкапанинг ҳатто битта чумчуғига зиён етса, булар ўзларидан кўришсин!..

* * *

Бу Абдужабборнинг қишлоғига охирги марта келиши эди…

Кейинги гап-сўзларга қараганда, Ислом ўзининг лашкарлари билан бирга Афғонистонга ўтиб кетган. Яна унинг бошқа жангларда қатнашиб, ҳалок бўлганлиги ҳақида ҳам миш-миш тарқади. Аммо бу миш-мишни ким тарқатганлигини ҳеч ким билмас эди…

 

(Тугади)

 

Эслатма: Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: