Арманистон, Озарбойжон ва АҚШ ўртасида махфий келишув тузилган — ОАВ

Арманистон, Озарбойжон ва АҚШ ўртасида махфий келишув тузилган — ОАВ

Испания нашридаги хабарга кўра, АҚШ, Арманистон ва Озарбойжон ўртасида Зангезур коридори бўйича яширин меморандум мавжуд. Бу лойиҳа орқали Вашингтон Кавказдаги таъсирини ошириб, Эрон билан чегарага чиқишни кўзламоқда.

Испаниянинг Periodista Digital нашри Франциядаги арман диаспораси манбаларига таяниб хабар беришича, Арманистон, Озарбойжон ва АҚШ ўртасида 42 км узунликдаги транспорт йўлагини ташкил этишни кўзда тутувчи махфий меморандум мавжуд. Бу лойиҳа «Трамп кўприги» деб номланган.

 

Мақолага кўра, Зангезур коридори орқали Озарбойжоннинг асосий қисми Нахчивон билан боғланади. Арманистон расман бу ҳудуд устидан суверен ҳуқуқини сақлаб қолса-да, унинг амалдаги бошқаруви Америка хусусий ҳарбий компаниясига ўтади. АҚШ компанияси йўлдан тушадиган даромаднинг 40 фоизига эгалик қилади ва 1000 нафаргача ходим билан хавфсизликни таъминлайди.

 

Манбаларнинг айтишича, АҚШ бу орқали фақат иқтисодий эмас, балки стратегик мақсадларни ҳам кўзламоқда. Хусусан, мамлакат Арманистон—Эрон чегарасига таъсир ўтказиш ва у ерда оғир қуролсиз назорат пунктларини жойлаштиришни режалаштирмоқда.

 

Нашр ёзишича, бу ташаббус Франция учун ташқи сиёсий мағлубият бўлади. Париж сўнгги йилларда Арманистондаги таъсирини мустаҳкамлашга интилмоқда, АҚШ эса бу ташаббус орқали Кавказдан то Ўрта Ер денгизи минтақасигача геосиёсий таъсирини кенгайтиришни мақсад қилган.

 

Ҳозирча бундай меморандум мавжудлигини тасдиқловчи расмий баёнотлар эълон қилинмаган. Шу сабабли, ушбу маълумотлар расмий жиҳатдан тасдиқланмагунича, уларни эҳтиёткорлик билан қабул қилиш лозим.

Дўстларингизга ҳам юборинг: