Энди магистратурага топширишда тил сертификати керак эмасми?

Ижтимоий тармоқларда магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда сертификат талаби бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳолатга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдириб, 2025 йил 19 июлдаги Президент Фармони нотўғри талқин қилинаётганини ёзди.
Қайд этилишича, мазкур Президент Фармони билан айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди ва баъзиларининг айрим бандлари ўз кучини йўқотди.
Хусусан, 2021 йил 19 майдаги ПҚ–5117-сонли Қарорнинг 6-банди тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланди. Ушбу бандда магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда хорижий тил сертификати талабининг илк жорий этилиши назарда тутилган.
“Бироқ мазкур норманинг чиқариб ташланиши хорижий тил бўйича сертификатлар талаби бутунлай бекор қилинди дегани эмас. Сабаби 2024 йил 24 майдаги Президент Фармони билан магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар талаб этилиши белгиланган”, дейилади расмий изоҳда.