Ипотека кредитларини ажратиш тартиби такомиллаштирилди

Ипотека кредитларини ажратиш тартиби такомиллаштирилди

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви томонидан Аҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг ҳадли шартлари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Қайд этилишича, энди, ипотека кредити ажратиш рад этилган тақдирда, банк ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида қарз олувчига рад этиш сабаблари аниқ баён этилган ёзма хабарномани тақдим этиши шарт.

Илгари эса қарз олувчига фақат тушунтиришларсиз қарор нусхаси юборилар эди.

Энди, ипотека кредити бериш тўғрисида қарор қабул қилишдан аввал қарз олувчининг мавжуд қарз юкини ҳисоблаш мажбурий талаб сифатида жорий этилди. Ҳисоблаш Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низом (22.04.2025 й. АВ рўйхат рақами 3618-сон) асосида амалга оширилади.

Бу ўзгартиш илгари тавсия этилган ёндашувни расмийлаштиради. Унга кўра, банклар кредит беришда қарз олувчининг бюджетига бўлган юкни инобатга олиши, ортиқча муддатли кредитлаш ва молиявий босимга йўл қўймаслиги лозим эди.

Агар ипотека объекти банк талабларига жавоб берса, муассаса кредит суммаси ва гаров қиймати ўртасидаги нисбатни ҳисоблаши шарт. Бу кўрсаткич ипотека кредити бўйича индивидуал параметрларни белгилашда қўлланилади ва шунингдек 3618-сонли Низом билан тартибга солинади.

Гаров қиймати баҳолаш хулосаси (баҳолаш қиймати) ёки кўчмас мулкни харид қилиш-шартномасида кўрсатилган нарх асосида амалга оширилиши мумкин. Илгари бундай ҳисоб-китоб амалга оширилган бўлса-да, гаров қийматини баҳолаш усуллари аниқ норматив асосда мустаҳкамланмаган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: