Исроил Бош штаби: Ғазода узоқ муддатли тинчлик керак

Исроил армияси Бош штаби бошлиғи, генерал Эяль Замир, Ғазо секторида узоқ муддатли перемирие (тинчлик) учун чиқиш қилди. Унинг сўзларига кўра, 21 ойдан бери давом этаётган уруш давомида ҲАМАСни тўлиқ мағлуб этишга эришилмади, деб хабар беради Middle East Monitor.
Замир таъкидлаганича, 2023 йил 7 октябрда бошланган ва деярли икки йил давом этган тинимсиз жанглардан сўнг армия “оператив танаффус”га муҳтож.
Узоқ давом этган ҳарбий ҳаракатлар армияни модернизация қилиш ва унинг салоҳиятини тиклаш бўйича режаларни издан чиқарди. Бу, айниқса, шимолий фронтда сезиларли бўлди — у ерда икки йилдан буён катта машқлар ўтказилмади.
Генерал Замир 2026 йилни армияни қайта тайёрлаш ва жанговар салоҳиятни мустаҳкамлаш йили деб атади. Исроил армиясининг йиллик ҳисоботига кўра, Ғазода давом этаётган уруш Исроил учун “Талотиб урушидан” бери энг узоқ давом этган жанговар ҳаракатларга айланди, аммо ҳал қилувчи натижаларга олиб келмади. Рафаҳ шаҳрига қилинган оммавий бомбардимонларга қарамасдан, ҲАМАС ўз позицияларини сақлаб қолмоқда.
Замир 2025 йили бош штабга раҳбар этиб тайинланган ва армияни ривожлантириш бўйича кўп йиллик дастурни амалга оширишни режалаштирган эди. Аммо 2025 йил март ойида Исроил томони бузган тинчлик келишуви бу режаларни амалга оширишга тўсқинлик қилди. У ҳарбий тактикани ва операция мақсадларини қайта кўриб чиқишга чақириб, аниқ стратегиянинг йўқлиги ва жамоатчилик қўллаб-қувватловининг етишмаслигини асосий муаммолар сифатида кўрсатди.
Душанба куни The Jerusalem Post газетаси Эяль Замир исроиллик армия назоратидан ташқарида қолган Ғазонинг 25 фоиз ҳудудида ушлаб турилган тирик асирларни хавф остига қўйишни истамаслигини хабар қилди.
2025 йил март ойида Исроил томонидан охирги тинчлик келишуви бузилганидан бери Ғазода 46 нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлди.
Умуман олганда, 2023 йил октябрида бошланган Исроилнинг Ғазога нисбатан тажовузидан бери 7 025 нафар ҳарбий жабрланган: шулардан 895 нафари ҳалок бўлган, 6 130 нафари эса яраланган.