Андижон вилоятидаги ҳибсхоналарда ва махсус қабулхонада сақланаётган шахслар Омбудсманга қандай масалада мурожаат қилишди?

Андижон вилоятидаги ҳибсхоналарда ва махсус қабулхонада сақланаётган шахслар Омбудсманга қандай масалада мурожаат қилишди?

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Жасур Иброхимов 2025 йил июль ойи давомида вилоятдаги қатор ҳибсхоналарда мониторинг ташрифини амалга оширди ва сайёр қабул ўтказди.

Қўрғонтепа ва Избоскан туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридаги шароитлар, камералар, овқатланиш, тиббий хизмат ва санитария ва гигиена ҳолати ўрганилди. Аввалги мониторинг якунларига кўра киритилган тақдимномада кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, муассасада сақланаётган шахслар билан жамоавий ва ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди ва мурожаатлари қабул қилинди.

 

Қўрғонтепа тумани вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги мониторинг вақтида эса, бир айбланувчи тергов жараёнига оид мурожаат қолдирди. Мазкур мурожаат, дарҳол Омбудсман назоратига олиниб, қонуний ҳаракатлар бошланди.

 

Омбудсманнинг Андижондаги минтақавий вакили томонидан 3-сон тергов ҳибсхонасида сайёр қабул ўтказилди. Унда 25 нафар маҳбус мурожаатлари қабул қилинди. Суҳбат давомида терговда адвокат билан таъминланиш, суд ҳужжатларини олиш, яқинлари билан учрашув ва ҳуқуқий маслаҳат олиш каби масалалар кўтарилди. Баъзи мурожаатлар жойида ҳал этилди, айримлари эса назоратга олинди.

 

Шунингдек, вилоятдаги Маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхонага ҳам мониторинг ўтказилди.

 

Мониторинг давомида муассасада 201 нафар шахс сақланаётгани аниқланди, бу белгиланган сиғимдан ортиқ эканлигини кўрсатди. Суҳбат пайтида 190 нафар шахс билан жамоавий учрашув ўтказилиб, уларнинг аксарияти майда безорилик, жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмоли ёки алимент тўламаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун ушлангани маълум бўлди.

 

Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман томонидан Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилгани маълум қилинади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: