Тайланд ва Камбоджа ўртасидаги уруш тўхтамайди

Камбоджа Мудофаа вазирлиги вакили Мали Сочеат маълум қилишича, Тайланд ҳужуми натижасида 13 киши ҳалок бўлган, 70 дан ортиғи яраланган. Унинг сўзларига кўра, таиландлик ҳарбийлар низо ҳудудидан анча узоққа чиқиб, жанг майдонини кенгайтирган.
Камбоджанинг тўрт чегаравий вилоятидан тахминан 36 минг киши эвакуация қилинган. Тайланд эса охирги икки кун ичида 13 нафар тинч аҳоли ва 6 ҳарбий қурбон бўлганини, 60 киши жароҳатланганини маълум қилди. Мамлакатда 138 мингдан зиёд киши хавфсиз жойларга кўчирилган.
Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим тарафлар ўртасида отишмани тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини айтди. Бироқ жангларни тўлиқ тўхтатиш ҳарбийларни ташкил этилган ҳолда чиқариб юборишдан кейин амалга оширилади. Масала БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёпиқ мажлисида муҳокама қилинган.