АҚШда IT мутахассиси тўғридан-тўғри қамоқхонадан ёлланган

АҚШда гиёҳванд моддалар савдоси учун 11 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Престон Торп исмли маҳкум дастурчилик соҳасидаги юқори салоҳияти туфайли венчур стартапга ишга қабул қилинди.
Торп дастлаб Turso компанияси томонидан бошқарилаётган очиқ манбали лойиҳаларда масофадан туриб олти ой давомида ишлаган. Унинг иш сифати стартап асосчиси ва бош директори Коста Глаубер эътиборини тортди. Глаубер Торпга тўлиқ ставкадаги иш таклиф қилганидан сўнггина унинг ҳануз жазони ўтаётган маҳкум эканлигини аниқлаган.
Бу Престон Торп фаолият юритган илк технологик лойиҳа эмас. У бундан олдин Unlocked Labs билан ҳамкорлик қилган ва Мейн штатидаги “Мейн пилот дастури” орқали қамоқхоналарда таълим ва масофавий иш имконини яратишга ҳисса қўшган.
Дастурчи сифатидаги йўлини у айнан қамоқда бошлаб, дастурлашни ўрганишга киришган. Пандемиядан кейин Маунтин-Вью қамоқхонасига кўчирилган Торп онлайн коллежда ўқишни бошлаган. Унинг сўзларига кўра, ўзгарган муҳит унга янги йўл очган ва “ҳаммаси тугаган эмаслигини” англатган.