Тарих ва табиат уйғунлашган шаҳар: Эгей минтақасининг сирли хазинаси Дидим ҳақида

Тарих ва табиат уйғунлашган шаҳар: Эгей минтақасининг сирли хазинаси Дидим ҳақида

Дидим шаҳри Туркиянинг Эгей соҳилидаги ҳақиқий яширин марвариддир. Бу сокин шаҳар ўзининг олтин қумли пляжлари, ҳайратланарли табиати ва бой тарихи билан “жаннат” ҳиссини уйғотади. Дидимга Бодрум, Муғла ва Измир аэропортларидан осонгина бориш мумкин, у ерда ҳашаматли беш юлдузли меҳмонхоналардан ёқимли бутикларгача бўлган турли хил турар жой танловлари бор.

Шаффоф сувлар, орзудаги пляжлар

Дидим ўзининг озода соҳиллари, осойишта пляжлари билан ажралиб туради. Дидимнинг “олтин қум” маъносини англатувчи Алтинкум пляжи майин ва тоза қумлари ҳамда мусаффо денгизи билан машҳур. Бироқ, Сарикум, Ҳузур ва Акбук пляжлари ҳам сакинатда бошқа пляжлардан қолишмайди. Саргузашт излаётганлар учун Дидим қирғоқларидан жўнаб кетадиган кундалик қайиқ саёҳатлари айни муддао. Женнет Акварюм ва Сапли Ада каби кўплаб яширин қўлтиқларни ва кўрфазларни кашф қилиш мумкин, қолаверса, Эгей сув ости дунёси денгиз ҳаётини ўрганиш учун ажойиб имконият ҳисобланади. Бу ерда қайиқлардан сакраб турли хил балиқларни, сон-саноқсиз саёз рифларни ва қадимий амфораларни кашф этиш, шунингдек, сув остидаги эски соҳил хавфсизлиги кемасини ҳам кўриш мумкин.

Қадимги мўъжизалар дарвозаси

Қадимги Дидим ёки Дидйма – Иониянинг энг муҳим шаҳарларидан бири бўлган Милетнинг қадимий зиёратгоҳи эди. Дидим Аполлон ибодатхонаси билан машҳур. Қадимги дунёнинг энг катта ибодатхоналардан бири бўлган ушбу зиёратгоҳ ўз даврида коҳинлик маркази бўлиб хизмат қилган. Геродот Дидимдаги Аполлон ибодатхонасини ҳам тилга олиб, ибодатхонанинг тарихий аҳамиятини янада оширади. Бугунги кунда ибодатхонада Иония услубидаги устун қолдиқлари ва машҳур тошга ўйилган Медуза ҳайкалтарошлик безаклари нисбатан яхши сақланиб қолган. Табиат ихлосмандлари қадимий муқаддас йўл бўйлаб юришлари ёки файласуфлар шаҳри бўлган Милетни зиёрат қилиш учун ярим соатлик автомобил саёҳатини танлашлари мумкин.

Қўл тегмаган табиий гўзаллик

Дидимнинг кўзни қамаштирувчи табиий манзаралари табиатсеварларнинг кўнглидан жой олишига шак-шубҳа йўқ. Энг гўзал табиат мўъжизаларидан бири – Эгей минтақасидаги энг катта кўл ва Туркиянинг асосий экологик туризм объектларидан бири бўлган Бафа кўли. Бафа табиат боғида кўплаб пиёда юриш йўллари ва қушларни кузатиш учун ажойиб имкониятлар мавжуд. Мазкур кўлнинг атрофида кўплаб кўчиб юрувчи қушлар яшаб, кўпайгани учун қуш кузатувчилари орасида ҳам машҳурдир. Кўлда учта орол мавжуд. Кўл оролларини, қояли манзараларни, зайтунзорларни, тарихий монастирлар ва черковларни кашф қилиш учун қайиқ ижарага олиш мумкин.

Дидимнинг маҳаллий руҳи: органик бозорлар

Дидим турли хил ҳақиқий маҳаллий ва органик бозорларга эга бўлиб, у ерда ўзингиз ёки яқинларингиз учун эсдалик совғаларни топишингиз мумкин. Органик бозорлар мавсумий Эгей мева ва сабзавотларининг хилма-хилларини намойиш этади, маҳаллий бозорлар эса тўқимачиликдан кулолчиликка қадар қўл меҳнатига асосланган маҳсулотларни таклиф қилади. Ушбу маҳаллий бозорлардан харид қилиш — анъанавий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий маданиятни бевосита ҳис қилиш ва ҳақиқий Эгей денгизининг маҳаллий таомларидан баҳраманд бўлишнинг ажойиб усулидир. Айниқса, органик зайтун мойи ва асал сотиб олишини унутманг!

Дидим дастурхонларида Эгей таъми

Таомлар ҳақида гап кетар экан, Дидим – Эгей ошхонасининг бетакрор лаззатларини татиб кўриш учун идеал жой ҳисобланади. Тонг анъанавий нонушта билан бошланади, унда янги сабзавот, кўкатлар, зайтун мевалари, қарсилдоқ маҳаллий нонлар, шунингдек, маҳаллий мевалардан – анжир ва узумдан тайёрланган қўлбола мурабболар асосий ўринни эгаллайди. Тушлик ва кечки овқатларда мавсумий сабзавотлардан ҳамда денгиз ўтлари ва қушқўнмас каби минтақага хос ёввойи ўтлардан тайёрланган зайтун мойли таомлар тортилади. Эгей минтақасининг баракаси туфайли дастурхонлар леврек, дорадо (чибура), саккизоёқ, кальмар ва қисқичбақалар билан тўлиб-тошади. Буларнинг барчаси Дидимдаги таътилингизни унутилмас саёҳат тажрибасига айлантиришига ишонамиз!

Дўстларингизга ҳам юборинг: