БМТ бош котиби Исроилни Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини аста-секин аннекция қилишда айблади

БМТ бош котиби Исроилни Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини аста-секин аннекция қилишда айблади

«Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилнинг секинлик билан аннекция қилиниши ноқонунийдир. Бу дарҳол тўхтатилиши керак. Бундан ташқари, Ғазо секторининг тўлиқ вайрон қилиниши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бу ҳам зудлик билан тўхтатилиши лозим», — деди Антониу Гутерриш Нью-Йоркда бўлиб ўтган Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича халқаро конференцияда.

БМТ бош котибининг сўзларига кўра, “икки халқ – икки давлат” тамойилига асосланган ечим ҳеч қачон бунчалик узоқ бўлмаган.

Гутерриш 23 июлда Исроил Кнессети (парламенти) томонидан қабул қилинган резолюцияни ҳам қоралади. Мазкур резолюцияда “Исроил суверенитетини Яҳудия, Самария ва Иордан водийсига”, яъни Ғарбий соҳилдаги ҳудудларга ёйиш” назарда тутилган эди.

Маълумот учун, Исроил Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини, Шарқий Қуддусни ва Ғазо секторини 1967 йилда Иордания, Миср, Сурия ва Ироққа қарши олиб борган “Олти кунлик уруш” давомида эгаллаб олган эди. Ўшандан бери Исроил Ғарбий соҳилда халқаро ҳуқуққа зид равишда ўнлаб яҳудий аҳоли пунктларини қурган. 2024 йилда БМТ Халқаро суди уларнинг қурилишини дарҳол тўхтатишга чақирди. Исроил бу қарорни танқид қилган ва уни тан олмаган. Ҳозирда Ғарбий соҳилда тахминан 500 минг яҳудий ва 3 миллион фаластинлик яшайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: