Эронда сув танқислиги муаммоси кучайди: Пойтахтни кўчириш масаласи муҳокамада

Эрон ҳукумати мамлакатдаги сув танқислигини миллий муаммо сифатида баҳоламоқда — у гуманитар ва иқтисодий инқирозга айланиши мумкин. Бу ҳақда ҳукумат матбуот котибаси Фатеме Мохажерани маълум қилди.
«Теҳрондаги вазият жуда ёмон. Шу сабабли пойтахтни бир ҳафтага ёпиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз», — деди у.
Пойтахтни «ёпиш»дан мақсад — давлат муассасалари, университетлар ва мактабларни вақтинча ёпиш, фаолиятни тўхтатишдир.
Эроннинг давлат агентлиги IRNA хабар беришича, ҳукумат сув муаммосини ҳал этиш учун «ноанъанавий ечимлар»ни муҳокама қилмоқда. Масалан:
иш ҳафтасини 4 кунгача қисқартириш;
одамларни масофавий ишга ўтказиш.
Бу орқали сув ва электр энергияси тежалиши кутилмоқда.
Мутахассислар маълумотига кўра, сув омборларининг 80% деярли бўш. Кейинки икки ой давомида нормал сув таъминоти имконсиз бўлади. Яқиндаги ёмғирлар сув заҳираларини фақат күзда тўлдира олади.
Ўтган ҳафтадаёқ Теҳрон ва яна 50 та шаҳарда сув таъминоти чекланди — сув ўчирилиш муддатлари 12 соатдан 48 соатгача бўлди. Бу оқибатда кўплаб аҳоли Каспий денгизи томон, Эрон шимолига кўчиб кетди, чунки у ерда сув танқислиги йўқ.
Пойтахтни кўчириш мумкин
Президент Масуд Пезешкияннинг сўзларига кўра, вазият шунчалик жиддийки, ҳатто пойтахтни бошқа шаҳарга кўчириш масаласи ҳам муҳокамада:
«Теҳронда ҳақиқатдан ҳам сув қолмаган», — деди у.
📌 Теҳрон аҳолиси — 14 миллиондан зиёд.
BILD таҳлилига кўра, бу инқирознинг сабаби — кўп йиллик қурғоқчилик ва исломчи ҳокимиятнинг экологик сиёсатни инкор қилиб келгани. Сув инфратузилмасига инвестиция қилиш ўрнига, Эрон раҳбарияти Яқин Шарқдаги террорчилик гуруҳларини молиялаштиришга маблағ йўналтирган.
📷 Суратда — Теҳронни сув билан таъминлайдиган Жажруд дарёси, у бу йилнинг март ойидаёқ деярли қуриб қолган.