Яхши одам эди, раҳматлик!..
Ҳабиб СИДДИҚ
«АРИЗА ЁЗАМАН…»
(Ҳажвия)
…Бунақада ишлаб бўладими?.. Тўйғазиб юборди-да, ўзиям. Аҳволинг қалай, деб сўрайдиган одам йўқ. Агар шунақа бўлаверса, шартта аризани ёзаман-у…
Аризани ёзай дейман-у… Яқинда ишга келган ёш мутахассис бўлсам. Қийинчиликларга чидамапти, деб ўйлашмайдими?.. Қолаверса, энди уйланадиган йигитга у шоҳдан бу шоҳга сакраб юриш ҳам ярашмас дейман-да…
Йигит кишига бир бошпана керак, деб мана шу ҳовлидаги қурилишни бошлаб қўйганман. Чала ётган иморатни битириб олган бўлганимда, ол-э, ишингни деб шартта ариза ёзиб ташлардим.
…Берган маоши-ку йўлкира билан тушликдан ортмайди. Хотиннинг дийдиёси-ю, болаларнинг вағир-вуғиридан сал нари турай деб шу ерга келаман. Бўлмаса-ку, аллақачон аризани ёзиб …
Бўлар-бўлмас машмашалар жонга тегди. Олса шу ишини олади-да. Эсон-омон кенжатойнинг суннат тўйини ўтказиб олсам, елкамнинг чуқури кўрсин шу идорани, деб, шартта ариза ёзаман …
…Аммо айб ўзимизда ҳам бор-да. Эртадан-кечгача эснаб ўтириб, маошнинг озлигидан нолиймиз. Иккинчи томони, ўрганиб қолган жойимиз. Яна невара–чеварали одам ҳали у ерда, ҳали бу ерда ишлаб юрсам ярашмасмикин, деб ўйлаб қоламан.
… Яқинда қиз невара жижилаган. Кампир чеварага ҳали у, ҳали бу оламан деб бошни қотириб туради. Беш-тўрт сўм топиб келмасанг «қиёмат-қойим» анча тезлашиб кетиши мумкин. Бўлмаса-ку, аллақачон аризани ёзиб, оёқни узатиб…
…Ўзиям анчадан бери шартта аризани ёзиб, дам оламан деб юрганди. Насиб қилмаган экан-да. Яхши одам эди, раҳматлик.
Карикатура муаллифи Ҳусан Содиқов