Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (1-қисм)

— Онангни эмгур, оначангни эмгур! Сўйиб ташлайман! Ифлос, менинг кўзимга чўп тиқиб юрган экан. Ҳайвоннинг боласи! Маймундан тарқаган! Ҳали қараб тур, уруғ-аймоғинг билан гўрга тиқаман! Ит! Мараз! Шунчаликкаям борасанми?! Онангни эмгур, қариган чоғингда хиёнат қилишга бало борми?! Ёқиб юбораман! Мен буни шундай қўймайман! Элнинг олдида қандай бош кўтариб юраман? Тириклайин гўрга тиқдинг! Гўрга тиқдинг! Ҳе, маймун уруғ, агар озгина сабр қилганингда, яна тўрт-беш йилда ўлардим. Ана ундан кейин билган номаъқулчилигингни қилавермайсанми, итнинг боласи?!!

Файзулла ака овози борича туғуруқхонада сўкинар, фиғони фалакка чиқарди. Унинг сўзларини эшитаётган ҳамширалар, ўтиб қайтаётганлар юзларини беркитиб олишганди. Охири бош доя чидаёлмади. Унинг ёнига келди.

— Ҳой чол! — деди семиз белига қўлларини тираб. — Нега бутун дунёни бузиб бақир-чақир қиляпсиз?!

— Нима дединг?! Менга қара, кампиримни олиб келганимда, сен телефонингда олдин расмга, кейин видеога олиб, «етмиш бешга кирсаям тиниб-тинчимайдиган чол» деб бутун дунёга тарқатганмидинг?! Оначангни эмгурнинг боласи, энди нима деб тарқатасан? Чолнинг кампири битта маймун туғди, дейсанми?! Бутун дунёга шарманда қиласан, шундайми?! Шундан сен фойда кўрасан, тўғрими?! Сенга ўхшаган маразлар қайси гўрдан пайдо бўлади?!

— Ҳар қалай, мен сизнинг болангизга ўхшаган тасқара эмасман! — дея бақирди доя. —  Ўн тўртта болангиз бор экан, ўн бешинчисини бошингизга урармидингиз?!

— Ҳа-а, бошимга ураман, дегандим! Топиб айтдинг, билиб айтдинг! Энди бу гапларимниям ёзиб ол! Кейин боламнинг қандайлигиниям айт, бутун дунёга тарқат, муздай бўласан! Ҳе, оначангни!..

Чол ўзини тутиб туролмади. Қулочкашлаб доя-ҳамширанинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Бирдан қий-чув, тўполон бошланиб кетди. Ҳамширалардан учтаси, яна «тиб ака» (медбрат)лардан иккитаси чолга ёпишди…

Бақир-чақир шу заҳоти бош шифокорнинг ҳам қулоғига етиб борди. У эшитган заҳоти югурди. Ҳаллослаб воқеа жойига етиб келди…

Чолга тинчлантирувчи укол қилинди. У тинчланди. Ўзига келган заҳоти кўзидан ёш оқиза бошлади, аммо овозини чиқармади, йиғисини бошқаларга эшиттира олмади. Ундан кейин доя-ҳамшира ваҳима кўтарди: «Қаматаман! Йўқ қиламан! Ҳаммасини видеога олдингларми?! Энди бу сассиқ чол мендан кўради!» У табиатан шаллақи хотин эди. Унга бир амал тегмасин, у бир нимани эшитиб қолмасин. Шундай бўлдими, бутун дунёга жар солар, ҳаммани ўзига қаратарди.

Бош врачнинг асаби баттар бузилди. Бориб, дояни тинчитди: «Ғиринг этсанг, бир жойга «саватча»нгни кўтариб борсанг, ишдан қорангни ўчирасан». Доя учун бу ер ёғлиққина жой. Ҳар куни чақалоқлар дунёга келади. Ҳар куни унга тушум бор. Ахир ким ҳам шундай жойини йўқотгиси келади? У дарров лабини тишлади. Бош врач эса чолни ўзининг хонасига олиб кирди.

— Ота, майли, мен сизни тушунаман. Лекин шу ёшга кириб, нима қиласиз жанжал кўтариб? Уялмайсизми?! — деди.

— Кўрмаяпсанми нима бўлганини? Мен энди қандай бош кўтариб юраман? Мен-ку, майли, бу баччағарнинг яна олтита акаси, саккизта опаси бор. Қизларимнинг ҳаммаси турмушга чиқиб кетган, болалардан бештаси уйланган. Набираларим бор: бир дунё! Улар қандай бош кўтариб юришади? Айт! Қариган чоғимдаям шу аҳволга тушаманми?! Бу онангни эмгурдан бўлган кампир шу ёшида хиёнат қиладими?! Тамом бўлдим!

— Ота, шунча фарзандингиз бор экан, нима қилардингиз яна бола қилиб? Ундан кўра вақти-соатида…

— Худодан қўрқаман. У берибди, мен қандай қилиб олмайин? Ундан кейин эгамнинг ёнига борганимда, нима деб жавоб бераман? Шунинг учун… Ўзи қизларим энасини роса олиб бориб олиб келишганди: «Куёвларингиз бизни гўрга тиқади», дейишиб. Шунда кампир «олдириб ташлайин» десаям, мен аҳмоқ кўнмабман… Энди бу насоққа чидаёлмайман! Қишлоқда учтагина тенгқурим қолган. Уларнинг олдидаям шарманда бўлдим. Энг яхшиси, онасиниям, боласиниям ўлдираман! Ана ундан кейин ўзим қамоқда ўлиб кетаман. Аслида, ўзимниям ўлдирардим, лекин яна Худодан қўрқаман.

— Ота, шундай шаштингиз бор экан, битта ДНК ўтказинг.

— Нима бало у ДНК деганинг?

Чол ҳозирги пайтда кўпчилик телефонда видеога олиб, уни тарқатиш орқали ўзининг каналига обуначилар йиғаётгани ҳақида эшитганди. Улар шунинг орқасидан пул ишлашини ҳам яхши биларди. Кичик ўғли ва набиралари телефонга ёпишиб қолганини кўриб, сабабини сўраганида, улар бу ҳақда чолнинг миясига яхшилаб қуйиб қўйишганди. Шунинг учун анави доя-ҳамширанинг юзига шапалоқ тортди. Сабаби, шу ёшда болали бўлаётгани интернетга чиқиб кетди. «Қариб қуйилмаган чол! Саксонбойнинг отаси! Қўйиб берсанг, бу чоллар нималар қилишмайди! Бир оёғинг гўрда бўлиб турган пайтда кампирга ёпишишга бало борми?..» дея одамлар роса изоҳ ёзишди. Аввалига чол фарзандли бўлишидан жуда хурсанд бўлганди. Манави гаплар чиққач, уятдан ерга кириб кетай деди… Энди келиб: «Бизнинг полвон қандай?» дея суриштирса, манави гап чиқиб турибди. Бу валакисаланг ҳамширалар ҳам: «Болангиз сал нуқсонли туғилди», дейишганида ҳам, майли эди. «Мабодо маймунларга қариндошчилигингиз йўқмиди? Болангиз худди маймуннинг ўзи: қўллари узун, баданини жун босган, башараси ҳам ғалати», деб туришибди… Ҳамширалар бу гапларни бекорга айтишмаганди. Улар чолнинг қандай аҳволга тушишини видеога олишмоқчи эди. Режа ўша доядан чиққанди. У «Инстаграм»да роса одам йиғмоқчи эди…

Илгари, барибир, инсоф бўлган экан. Мабодо шундай ҳодиса рўй берадиган бўлса, чақалоқнинг эгасига унга зиён етказмайдиган тарзда тушунтиришарди. Одамни одамдай ҳурмат қилишарди. Энди эса бунақа аҳвол: нима қилиб бўлмасин, пул ишлаш керак. Нима қилсаям, шов-шув кўтариш керак!..

— ДНК — боланинг отаси кимлигини аниқлаштириш йўли. Сиздан таҳлил олинади. Чақалоқдан ҳам. Кейин иккаласи солиштирилади! — деди бош врач.

— Аниқми? Шунда боланинг отаси кимлигини билиш мумкинми?!

— Аниқ! Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ.

— Нима оласан мендан: қонми ё этимдан бир парчами?! Ол!..

Бош врач чуқур хўрсинди. Сўнг ҳамширалардан бирини чақирди.

Чол азоб билан кўчага чиқди. Икки катта ўғли, уч катта қизи ташқарида эди. Улар бўлиб ўтган воқеалардан хабардор эдилар. Ўғилларнинг ичидан зил кетган, аламдан нима қилишларини билолмай туришарди. Қизлар онасидан норози бўлишди. Ҳатто катта қиз… Унинг болалари аллақачон вояга етган: қиз чиқарган, ўғлини ҳам уйлантириш арафасида… Ўша буви бўлиб қолган қиз ўз онасини ҳақорат қилди. Чидаёлмай шундай деб юборди…

Бироқ улар отанинг чиқаётганини билишлари билан ҳаммаси ҳар томонга тумтарақай қочиб қолишди. Отанинг юзига қарашга юраклари дов бермади.

Ота эса тўғри ошхонага борди. Тўрт сих кабоб билан бир шиша анави бўйнинг узилгурдан буюртма қилди. Ичмай қўйганига йигирма йил бўлганди. Йигирма йилдан бериб тоат-ибодат қиларди. Ҳатто ичкилик бор жойга қадам босмасди. Энди эса манави гап… Чидаёлмади. Ҳеч нарсадан хабари йўқ ошхона хизматчилари эса унинг устидан пинҳона кулишди. «Кўринишидан саксонни уриб қўйганга ўхшайди. Лекин ҳалиям бостираркан, қойил!» дейишди. Аммо тиллари билан эътироз билдирмасдан, чолнинг ҳамма истакларини бажо келтиришди.

Ўғиллар отанинг қандай аҳволда эканлигини билишарди. Шу боис ортидан пойлаб келишган эди. Жимгина кузатишди.

Чол ҳали ҳеч нарса емасдан, кетма-кет тўлдириб икки пиёла ичди. Мияси қизий бошлади. Ортидан бир сих кабобни кўз очиб юмгунча еб қўйди. Бу ҳам кутилмаган ҳолат эди. Чунки чолнинг бор-йўғи тўртта тиши қолганди. У, одатда, узоқ овқатланарди. Ҳозир эса ҳаш-паш дегунча бир сих кабобни кўрдим демади. Орқасидан яна бир сихни ҳазм қилиб юборди. Кейин шишада қолган сўнгги «заҳри қотил»ни пиёлага қуйди. Агар тўлдирсангиз, ўзи бир шишада тўрт пиёлагина ичимлик бўлади. Шиддат баланд бўлса, уни бир киши ичиб қўйиши ҳеч гап эмас. Чол бир кўтаришда бу пиёлани ҳам бўшатди. Кейин шоша-пиша кабобхўрликни давом эттирди. У шунчалик тез ердики, агар тезроқ гўштларни чайнаб ютиб юбормаса, худди биров тортиб оладигандай эди гўё.

Ҳа, эсдан чиқибди. Чол еб-ичиш асносида, бир лаҳзага бўлсин, сўкинишдан тўхтамади. Ўзидан ва ҳароми чақалоқдан ҳам қон олинганини айтди. «Эртага ҳаммасини билиб оламан. Билганимдан кейин ҳаммаёққа ўт қўяман», деди…

У тилининг тагига нос ташлади. Ана шу ишни бекор қилди. Чолнинг кайфи ошиб, дарров мувозанатини йўқотди ва стол устига бошини қўйди. Шу заҳоти ўғиллар югуриб кириб, ғирт маст бўлиб қолган отани опичлаб олишди-да, машинага ортиб олиб кетишди.

Бу пайтда туғуруқхонада тўполон бошланиб кетган эди.

Чоли жанжал кўтармасдан олдин кампир бўлари бўлиб ётганди. Ахир унга боласи маймунсифат эканлигини айтишганди. Ҳар қалай, унга сал ётиғи билан тушунтиришди. Сабаби, кампирнинг аҳволи ёмон бўлиб қолиши мумкин эди… Аввалига ҳамширалар сансалорлик қилишди. «Сен айт, сен айт», дейишди. Балога қолиб кетишни исташмади. Кейин чолни қуюшқондан чиқарган ўша доя-ҳамшира шартта-шартта гапириб ташлади… Кампир ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. «Мен у ўлгур чолга: «Бўлади шу ёғи, бунисини энди вақтида олдириб ташлайлик. Қизлар ҳам жуда норози бўлишяпти», дегандим. Лекин у қайсар чол: «Худо «сенга жони бор бола бергандим, лекин сен унинг жонини чиқардинг», деса, нима деб жавоб бераман?.. Тўрт кунлик дунё ўтади-кетади. Одамлар «фалончи чол саксонни қоралаганда кампирини туғдириб ташлабди», деб сасийди. Ҳеч қанча ўтмай, эсларидан чиқаришади, қўявер», деди. Мана энди оқибати», дея ўйлади. Сўнг йиғлади, ўзи билан ўзи овора бўлди. Орадан беш-олти соат ўтгач эса, чоли тўполон кўтарди. Ҳар қалай, бу жанжал ҳақидаги хабар сал кечикиб унинг қулоғига етиб келди. Шундай бўлсаям, кампирнинг қон босими ошиб кетди… Айниқса, чоли уни хиёнатда айблаётганини эшитганида дунё кўзига қоронғи бўлди…

Бирдан дўхтирлар югуриб қолишди. Кампирни жонлантириш хонасига ўтказишди. Ҳамманинг капалаги учди. Чунки аксига олгандай, вилоятдан текширувчилар йўлга чиқишибди. «Нима кўргилик бу?» дея бақирди бош врач ва кўзига кўринган дўхтиру ҳамширани ошириб сўка бошлади. Буни қарангки, энг аввал бояги доя-ҳамшира унинг ғазабига дучор бўлди. Сабаби у биринчилардан бўлиб бош врачнинг рўпарасидан чиқиб қолганди. Аммо доя-ҳамшира ҳам анойилардан эмас:

— Топиб олганингиз менман. Ўтсангиз ҳам туртиб ўтасиз, кетсангиз ҳам. Бу нима деган гап? Ҳам меҳнат қилайин, ҳам калтак ейинми?! Бошқалар қўлларини совуқ сувга урмаса ҳам оппоқ, лекин мен бечора, қачон қарама, балонинг тагидаман. Кетайинми?! Бўшайинми?! Кейин қутуламанми?! Жонимга тегиб кетди! Ҳаммасини видеога олиб қўйганман. Ҳаммасини керакли жойларга етказаман!..

— Бор, йўқол! — деди унинг шанғиллашига ортиқ сабри етмаган бош врач. — Қорангни ўчир! Ўзи сени қайси аҳмоқ ишга олган?!

Ҳа, бош врачнинг унда «тиши» бор. Чунки ундан олдинги бошлиқ «соққа»сини олиб, мана шу шаллақини ишга жойлаштирган эди. Агар доя-ҳамширани ишдан бўшатса, унинг ўрнига яхшигина пул эвазига бошқасини олади. Ўшанда икки марта ютади: биринчиси, ишга қабул қилаётганида, иккинчиси, кундалик даромадда… Ахир бундай ёғли жойнинг пораси ҳам кичкина бўлмайди-да. Бу шаллақи хотин ҳар куни суюнчи пули олади. Оз эмас, сал қолса, мижознинг терисига қадар шилиб олади. Фарзандли бўлганларнинг қанчаси бой одамлар! Улар доянинг оғзидан чиққан пулни бериб кетишади. Албатта, доя-ҳамшира ёлғиз ўзи уларни кутиб олмайди…

Бош шифокор дарров ёнига бош ҳамширани чақирди.

— Анавини йўқот! — дея нафрат билан қўлини бигиз қилиб, доя-ҳамширани кўрсатди. — Ҳозирнинг ўзидаёқ!..

Бошлиқнинг буйруғи бош ҳамширага мойдай ёқиб тушди. Унинг ўзи ҳам анчадан бери шу ҳақда ўйлаб келаётганди. Ахир доя унга суюнчидан «доля» бермайди. Бошқа жойлардаги ҳамма доялар бош ҳамширани қуруқ қўйишмайди. Бу бўлса, ўта хасис хотин.

— Хўп бўлади, ҳозироқ бажараман! — деди бош ҳамшира кўзлари порлаб.

— Кейин анави кампирга яхшилаб қаранглар. Ўлиб-нетиб қолмасин. То ўзига келгунча дўхтирлар тепасида туришсин! Кейин жонлантириш бўлимидан бошқа жойда ишлайдиган ҳамшираларнинг ҳаммасини ташқарига олиб чиқ. Ҳеч бир жойда бегона ўт кўринмасин. Ҳаммаёқ супуриб-сидирилган бўлсин!..

— Хўп бўлади.

Оҳ, бундай қалтис маҳалда «хўп бўлади!» деган гап одамга мойдай ёқиб тушаркан! Оҳ, одам роҳатланади! Минг афсуски, бош ҳамширанинг ёши анча ўтиб қолган. Ёшроқ бўлганида, мана шундай мулойим сўзлари учун унинг тилидан тишлаб олсанг арзийди…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: